Онча борки Каъба вайрон бўлса обод айлагай
Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борки Каъба вайрон бўлса обод айлагай.
Рамазон саховат ойидир
Рамазонда хусусан садақа ва хайру эҳсонларнинг савоби янада кўп ва ажри улуғ бўлади. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда ҳар дойимгидан ҳам кўра кўпроқ саховат қилар эдилар, ҳатто, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг таъбири билан айтганда, эркин шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетардилар. Шунинг учун ҳам мусулмонлар қадимдан закот ибодатини Рамазон ойида адо этишга одатланишган.
Самарқанд вилояти имом хатиблари ўзлари таълим олган ўқув муассасаларига китоблар совға қилмоқдалар
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 19 март куни ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида навқирон авлод ўртасида китобга меҳрни уйғотиш ташаббуси илгари сурилган эди. Ушбу ташаббусни қўллаб қувватлаш мақсадида Самарқанд вилояти бош имом хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ўзи таҳсил олган Ургут туманидаги 54-умумтаълим мактабига шахсий китобалридан 13 дона совға қилди. Вилоятдаги барча имом хатиблари ҳам таълим муассасалари, хусусан, ўзлари ўқиган мактаблар кутубхонасига шахсий жавонидан китоблар совға қилмоқдалар.
Қабристонларда ҳашар бўлмоқда
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бошчилигида шу йилнинг 13 феврал куни Зомин туманида вилоят бош имом хатиблари ҳамда масъул вакиллар иштирокида сайёр йиғилиш ўтказилган эди. Йиғилишдан сўнг қатнашчиларга Зомин туманидаги қабристонга зиёрат уюштирилиб, у жойдаги қабрларнинг жойлашиш ҳолати ва кўринишини намуна қилиб олиш тавсия қилинди. Шундан келиб чиқиб, вилоят вакили шаҳар ва туман бош имом хатиблари билан бир неча марта йиғилиб, қабрларни ҳашаматли қилмаслик, устига бино ва тош ўрнатмаслик, аксинча қабр устини сомонли лой билан сувоқ қилиб қўйиш шариъатимиз ва анъаналаримизга мос эканлигини аниқ далил ва мисоллар билан халқ орасида ва жума мавъизларида тушунтиришга келишиб олдилар. Жума тезисига ҳам шу мазмундаги илова қўшимча қилинди. Вилоят бош имом хатиби З.Эшонқуловнинг қабрларни шариъатимиз талабаларига мос равишда бўлишига қаратилган видео мурожаати тайёрланиб, шаҳар ва туман бош имом хатибларига тақдим қилинди ҳамда вилоят телевиденияси орқали намоиш этилди. ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги ташаббуси билан 2019 йил 2-3 март кунлари вилоятдаги жами 1441 та қабристондан 819 тасида ҳашар ўтказилди. Унда 27236 нафар фуқаролар иштирок этди. Ҳашар жараёнида кўчатлар ўтқазилиб, тозалаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Жумладан: 2290 дона манзарали дарахт кўчатлари экилди. 13450 метр ариқлар тозаланди. 91,5 тонна чиқиндилар олиб ташланди. 7900 туп дарахтлар оқланиб, уларга шакл берилди. 73 та техника жалб этилди. 560 та қабрлар сомонли сувоқ қилинди. Ҳомийларни жалб қилган ҳолда 32 000 000 сўм пул маблағи йўлаклар таъмири, манзарали кўчатлар экиш каби ишларга сарф қилинди.
Хайрия фондининг хайрия ишлари
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш “Вақф” хайрия жамоат фондининг мақсад ва вазифаларидан биридир. Фонднинг Самарқанд вилояти филиали Самарқанд шаҳридаги “Хўжа абду Дарун” жоме масжиди билан ҳамкорликда ана шундай муҳтож оилалардан бирига кўмак қўлини чўзди. Самарқанд шаҳрида даволанаётган Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз тумани, Пиллакаш қишлоғида яшовчи 2015 йилда туғилган Қудратов Ясурбекни даволаниши учун 1300000 сўм пул ҳамда озиқ-овқат эҳсон қилинди.
Инсонпарварлик ва мурувват улуғ фазилат
Хайр-саховат, инсонпарварлик ва мурувват халқимизга хос улуғ анъана. Айниқса, кўнгли ўксик инсонларга меҳр кўрсатиш, қалбини қувончга тўлдириш савоби улкан амаллар сирасига киради.