Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Тадбирлар

Рамазон саховат ойидир

 
 

Рамазонда хусусан садақа ва хайру эҳсонларнинг савоби янада кўп ва ажри улуғ бўлади. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда ҳар дойимгидан ҳам кўра кўпроқ саховат қилар эдилар, ҳатто, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг таъбири билан айтганда, эркин шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетардилар. Шунинг учун ҳам мусулмонлар қадимдан закот ибодатини Рамазон ойида адо этишга одатланишган.

Эркин шамол – бу айнан бирор томонга йўналтирилган эмас, балки ҳар тарафга етадиган шамолдир. Бундай шамолнинг баҳраси ҳаммага, учраганки кишига тегади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Рамазонда саховат қилишда худди ўшандай шамолга ўхшаб кетар эдилар, у зот шу қадар қўли очиқ бўлиб кетардиларки, буни оддий сўз билан таърифлаб бўлмаганидан Ибн аббос розияллоҳу анҳумо мазкур таъбирни ишлатишни маъқул кўрганлар.

Ҳар жиҳатдан ўрнак ва намуна бўлиш диний соҳа вакиллари, хусусан имом хатибларга хос фазилатдир. Самарқанд вилоятининг Ургут туманида фаолият олиб бораётган имом хатиблар туман бош имом хатиби Ш. Ҳақбердиев бошчилигида сахватпеша инсонлар кўмаги билан Ургут туманида жойлашган “Ургут мурувват ва ногиронлар учун интернат уйи”да саховат тадбири ўтказди. Бугунги кунда 445 нафар 1 ва 2 гуруҳ васийликка олинган ва руҳий касалликка чалинган ногиронлиги бўлганлар даволанаётган ушбу масканга тўрт миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари эҳсон қилинди. Улуғ айём кунларида кўнгли ярим инсонлар ҳолидан хабар олишдек хайрли ва савобли иш бўлмаса керак. Вилоятимиз бўйлаб имом хатибларимиз томонидан шу каби савобли тадбирлар давом эади.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги


Киритилган вақти: 07/05/2019 00:00;   Кўрилганлиги: 1490
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/events/ramazon-saxovat-oyidir
Чоп этилган вақт: 18/04/2024 23:42
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг