Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Маданият

САЛОМНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

 
 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
АССАЛОМУ АЛАЙКУМ ВА РОҲМАТУЛЛОҲИ ВА БАРОКАТУҲУ!

Бизни махлуқотлар орасида энг мукаррам ва афзали қилган Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар, Пайғамбаримиз (с.а.в)га мукаммал ва батамом салавоту-дурудларимиз бўлсин. Ҳаётда биз бирон инсон билан кўришамизми ёки телефон орқали мулоқот қиламизми аввало гапни саломдан бошлаймиз.

Бу инсоният онгига қадимдан сингиб келган эзгу фазилатлардандир. Салом бу – мусулмоннинг мусулмон биродари устидаги ҳақларидандир. Бу ҳақида Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳамат қилиб шундай дедилар: “Мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳақлари бештадир: саломга алик олиш, касал кўриш, жанозаларда қатнашиш, меҳмонга чақирса бориш ва аксирган кишига “Алҳамду лиллаҳ” деса, “Ярҳамукаллоҳ” дея дуо қилиб қўйиш”.

Ҳаётда ҳар бир ота-она фарзандига тарбия-одоб берар экан, энг аввало, саломлашишни ўргатади. Жаҳонда одобнинг бу жиҳатига эътибор бермайдиган бирор миллат ёки халқ йўқ. Бежизга доно халқимиз «Гапнинг боши – калом, одоб боши – салом», демаган.

Саломлашиш туфайли кишилар ўртасида ўзаро ҳурмат, самимият ва бир-бирига нисбатан меҳр-муҳаббат пайдо бўлади. Бир-биримизнинг ёнимиздан индамай ўтгандан кўра, мусулмоннинг мусулмон биродаридаги ҳаққи бўлган саломлашиш ҳамда саломга алик олишни одат қилсак, нур устига аъло нур бўлади.  Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

 “... Бас, қачонки, уйларга кирсангиз, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак, покиза саломни айтингиз (яъни “Ассалому алайкум” денг!) Сизлар ақл юргизишларингиз учун Аллоҳ ўз оятларини сизларга мана шундай баён қилур”

(Нур сураси - 61). Шундай экан аввало ушбу каломнинг мазмун-моҳиятини тўлиқ англашимиз ва тўғри талаффуз ила айтмоғимиз лозим бўлади. Бу ҳақида  Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ўз ҳадиси-шарифларида: “Бир-би­рингиз билан саломлашиб юринглар, шунда ўрта­ла­рингизда меҳр-муҳаббат уйғонади”, дея марҳамат қил­ганлар. Мана шу биргина салом сўзи кишини эзгуликка, меҳр-шафқат ва покликка, ҳақиқий инсонийликка чорлайди” – дея марҳамат қилганлар.

Салом бериш ва алик олиш хусусида ахлоқ-одобимизнинг қуйидаги бир қанча кўрсатмалари бор:

“Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ”, яъни «Сизга тинчлик-омонлик, Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин», дейилади. Алик олиш ҳам саломга яраша чиройли ва мукаммал бўлиши керак. Салом бериш Пайғамбаримиз (с.а.в) дан қолган суннат амаллардандир. Унга алик олиш эса  ижмоъ билан фарз амал ҳисобланади.

Кўпчилик ўтирган жой ёки издиҳомга кириб борган киши бир одамни хосламай, ҳаммага салом беради, аммо ўтирганларнинг ичидан бир киши алик олса кифоя қилади. Салом берилсаю, аммо бирор киши ҳам алик олмаса, ўтирганларнинг ҳаммаси фарзни тарк қилган гуноҳкорлардан бўлади.

Учрашганда қандай салом берилса, хайрлашаётган вақтида ҳам шундай салом билан хайрлашиш гўзал амаллардандир. Ҳеч ким йўқ уйга кирганда ҳам салом бериш лозим бўлади.

Салом мусулмон амалларининг энг афзалларидандир. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Исломнинг қайси амали энг яхши (амал ҳисобланади)?”, деб сўради. Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар: “(Исломнинг энг яхши амаллари бу – очга таом беришинг ва танигану танимаган кишингга салом беришингдир”дедилар. Шу боис ҳам мусулмон киши мазкур гўзал одатни канда қилмаслиги, қаерда бўлмасин таниган-танимаган кишига саломни қизғонмаслиги мақсадга мувофиқ иш бўлади. Яна шуни таъкидлаш лозимки, салом берганда ушбу жумлани тўлиқ қилиб, бузмасдан айтиш лозим бўлади.

Саломлашувдаги ҳар бир жумла учун ўнта савоб берилар экан. Бу ҳақида қуйидаги ҳадиси-шарифни мисол тариқасида келтиришимиз мумкин: Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Ассалому алайкум!”, деди. Набий алайҳиссалом алик олдилар ва у (салом берган киши) ўтирди. Шунда Набий алайҳиссалом: “ўнта” дедилар. Сўнгра бошқа бир киши келиб: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ!”, деди. Ул зот унинг саломига алик олгач, у ўтирди. Набий алайҳиссалом: “йигирмата” дедилар. Сўнгра яна бир киши келиб: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ!”, деди. Ул зот алик олдилар ва салом берган киши ўтирди. Шунда Набий алайҳиссалом: “ўттизта” дедилар. Демак саломни қанчалик тўлиқ ва мукаммал қилиб бераверсак, унинг савоби ҳам кўпаяверар экан. Шундай экан азизлар! Фарзандларимизга таълим-тарбия беришда уларга саломни, унинг фазилатларини ҳамда савоби нақадар улуғлигини ёшликлариданоқ уқтириб борайлик ҳамда саломни мукаммал қилиб, ваъда қилинган савоблардан баҳраманд бўлайлик.  Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг солиҳ бандалари қаторидан қилсин.

Насруллоҳ Исламов - "Махдуми Аъзам" жоме масжиди имом-ноиби


Киритилган вақти: 06/06/2020 17:20;   Кўрилганлиги: 1648
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/culture/salomning-fazilatlari
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 20:16
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг