Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ КУНИ НИШОНЛАНДИ

 
 

Умумхалқ байрами 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Самарқандда иккинчи жаҳон уруши, меҳнат фронти қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, диний соҳада узоқ йиллар хизмат қилганлар ҳамда вакиллик ходимлари, имом-хатиблар иштирокида тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Бевосита Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят вакиллиги ташаббуси билан ташкил этилган зиёфат тадбири Самарқанд шаҳрининг энг диққатга сазовор маскани Гўри Амир мақбараси ҳамда “Руҳобод” мақбараси ва масжиди ўртасидаги майсазорда, гўзал табиат қўйнида бўлиб ўтди.

Дастлаб, вилоят бош имом хатиби Нуриддинхон домла Исламов йиғилганларни байрам билан табриклар экан, хотира кунининг аҳамияти, бугунгидек доруломон дамлар орзусида ўтган боболар, тинчликнинг шукронаси борасида сўзлаб, юртимиз бўйлаб байрам кунлари тинч-осойишта ўтишини тилади.

Шундан сўнг, зиёфатнинг асосий қисми бошланди. Меҳмонлар тўкин дастурхон атрофида ўтмиш кунларни хотирлаб, бугунги тинчлик дамларнинг файзли гўшаларида ўзаро мароқли суҳбатга берилдилар. Ҳофизларнинг дилбар таронаси ҳам байрам кўркига кўрк қўшарди.

Эсда қоларли тадбир сўнгида дуога қўл очилиб, кундан-кунга гуллаб-яшнаётган она ватанимиз кўркига кўрк қўшилиши, халқимиз иқболи баланд, ўтганлар руҳи шод бўлишини тилаб дуои хайрлар қилинди.

Кетиш олдидан эса мемҳонларга вакилликнинг эсдалик совғалари улашилди.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги


Киритилган вақти: 05/05/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3981
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/xotira-va-qadrlash-kuni-nishonlandi
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 19:32
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг