Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Хайрли ишни хар ким хар кун қилиши керак

 
 

بسم الله الرحمن الرحيم

Эҳсон қилиш энг олдин сизни туғиб катта қилган, едириб-ичирган, кийинтирган, чиройли таълим, хулқу одоб ўргатган, камолга етказиб уйли-жойли қилган ота-онадан бошланади. Имом Насафий ва Хозин тафсирларида зикр қилинишича, фарзанд учун ота-онанинг мақоми шунчалар улуғки, у ота-онани номи билан чақирмай, балки «отажон, онажон» каби ширин сўзлар мурожаат қилиши, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслиги, улар олдида ўзини ҳокисор тутиши лозим. Шундан кейин қариндош-уруғлар, ўзгалар меҳр-мурувватига муҳтож бўлиб қолган етимлар, камбағал-фақирлар, сафарда азият чекаётган мусофирларга эҳсон қилинади.

Эҳсон-садақа қилиниши лозим бўлган тоифалар ҳақида Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) бир неча ҳадиси шарифлар ворид бўлган: «Мискинга қилинган садақага битта савоб, қариндошга қилинган садақага иккита савоб: бири садақа, иккинчиси силаи раҳм учундир»; «Расули акрам (алайҳиссалом):

"أَنَا وَكَافلُ اليَتِيمِ في الجَنَّةِ هَكَذا وَأَشارَ بالسَّبَّابَةِ وَالوُسْطَى ، وَفَرَّجَ بَيْنَهُمَا "رواه البخاري

яъни: «Етимни қарамоғига олган киши билан мен жаннатда мана бундай ёнма-ён турамиз», дедилар ҳамда кўрсаткич ва ўрта бармоқларини жуфтлаб кўрсатдилар». Бошқа ҳадисда эса,

"السَّاعِي عَلَى الأَرْمَلَةِ وَالمِسْكِينِ ، كَالمُجَاهِدِ في سَبيلِ اللهِ وَأحسَبُهُ قَالَ : وَكالقَائِمِ الَّذِي لاَ يَفْتُرُ  وَكَالصَّائِمِ الَّذِي لاَ يُفْطِرُ "متفق عَلَيْهِ

яъни: «Бева ва мискинга эҳсон қилиш учун ҳаракат қилган киши Аллоҳ йўлида жанг қилган, туни билан намоз ўқиган ва кун бўйи рўза тутиб юрган киши кабидир» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).  Булардан эса, ҳар бир мусулмон атрофидаги кишиларга меҳрибон, ҳимматли, саховатпеша, садоқатли бўлиши лозим, деган фикр келиб чиқади. 

Эҳсоннинг яна бир маъноси муҳтож кишиларга ва Аллоҳ белгилаган ўринларга садақа қилишдир. «Эҳсон» банданинг ҳалол йўл билан топган барча мол-мулкидан Аллоҳ йўлида, У белгилаган мақсадларда сарфлаши, камбағал-фақирларга ва муҳтожларга садақа қилиши маъноларини англатади. У, шунингдек, Аллоҳ розилигини топиш йўлида қилинган барча яхшиликлар маъносини ҳам билдиради. Аллоҳ таоло айтади

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَنْفِقُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا كَسَبْتُمْ وَمِمَّا أَخْرَجْنَا لَكُمْ مِنَ الْأَرْضِ وَلَا تَيَمَّمُوا الْخَبِيثَ مِنْهُ تُنْفِقُونَ وَلَسْتُمْ بِآَخِذِيهِ إِلَّا أَنْ تُغْمِضُوا فِيهِ وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ غَنِيٌّ حَمِيدٌ

яъни: «Эй, имон келтирганлар! Ўз қўл меҳнатингиз ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз! Ўзингиз фақат кўзингизни чирт юмибгина оладиган даражадаги ёмон нарсаларни (эҳсон қилишга) танламангиз! Шунингдек, билингизки, албатта, Аллоҳ ғаний ва мақтовга лойиқ зотдир» (Бақара сураси, 267-оят).

Баъзи кишилар закот ёки садақа берадиган бўлсалар, сифатли ва яхши молларидан эмас, балки нуқсонли ва паст навли нарсаларидан берадилар. Ваҳоланки, ўша нарсалар ўзларига берилса, олмаган ёки ноиложликдан олган бўлур эдилар. Бу ояти кариманинг нозил бўлишига баъзи мусулмонларнинг ўша даврда закотга бериш учун энг паст навли хурмоларни ажратганлари сабаб бўлган, дейилади китобларда.

Аллоҳ таоло эҳсонни, яъни садақани энг аввало қариндошларга, мискин ва йўловчиларга қилишни буюрган. Қуръони каримда бундай марҳамат этилади:

وَآَتِ ذَا الْقُرْبَى حَقَّهُ وَالْمِسْكِينَ وَابْنَ السَّبِيلِ وَلا تُبَذِّرْ تَبْذِيرًا

яъни, Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!” (Исро сураси, 26-оят).

Исломда инсонийлик қадриятлари қадрланади. Бу қадриятлар ҳамма халқларни умуминсоний мулки ҳисобланади. Биз уларни бағрикенглик, ҳаққонийлик, меҳрибонлик каби хислатларга тенглаштиришимиз мумкин. Мусулмон одам ота-онасига, фарзандларига, қўни-қўшниларига ғамхўрлик қилади, кўмакка муҳтож бўлганларга ёрдам кўрсатади. Дунёдаги барча нарсалар Аллоҳ таоло тамонидан яратилган, шунинг учун мусулмон одам табиат ва ҳар қандай жонзот олдида ўзини масъулиятини ҳис қилади.

Зеро, шундай инсонлар бизнинг жонажон Ўзбекистонимизда кўплаб топилади. Шундай инсонлардан бири Ургут тумани “Ғузни” жоме масжиди имом-хатиби Нурмуҳаммедов Абдуқодир ва масжид ходимлари томонидан ҳомийларни жалб қилган холда 40 та кам таминланган ёрдамга муҳтож оилалар учун кундалик эҳтиёжга керак бўладиган (ун, шакар, ёғ, гўшт, нон, макарон, тиббий юз ниқоби в.б) махсулотларни холисона ҳадия қилди. Соф ислом эътиқоди мусулмон қалбида яхши ишларни амалга оширишликни пайдо қилади.

 

Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 40-оятида шундай марҳамат қилади:

إِنَّ اللَّهَ لَا يَظْلِمُ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ وَإِنْ تَكُ حَسَنَةً يُضَاعِفْهَا وَيُؤْتِ مِنْ لَدُنْهُ أَجْرًا عَظِيمًا

яъни: “Албатта, Аллоҳ бир зарра миқдорида (ҳам бировга) зулм қилмагай, Агар (ўша миқдорда) яхшилик бўлса, уни (бир неча баробар) кўпайтирур ва Ўз ҳузуридан улуғ мукофот (жаннат) ато этур” (Нисо сураси, 40-оят).

Аллоҳ таоло барчаларимизни яқинларга, муҳтож кишиларга яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни, берадиган хайр-эҳсонларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саҳоватли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб айласин, ҳидоят йўлида собитқадам қилиб, барчаларимизни икки дунё саодатига мушарраф этсин! Омин.

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги ахборот хизмати


Киритилган вақти: 16/04/2020 15:18;   Кўрилганлиги: 1298
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/xayrli-ishni-xar-kim-xar-kun-qilishi-kerak
Чоп этилган вақт: 09/11/2024 03:19
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг