ХАЙР-ЭҲСОН ҚИЛГАН КИМСАНИНГ ҲАҚҚИГА ФАРИШТАЛАР ДУО ҚИЛАДИ
Мурувват, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни улуғловчи ушбу фазилатли ойда эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият берилади. Эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиб, озгина бўлсада уларга моддий ёрдам кўрсатиб, меҳр улашилса, уларнинг кўнгли тоғдек кўтарилади. Хайр-эҳсон қилишнинг эса фазилати улуғ, савоби кўп ва бу дунёда барака келтиради. У ҳақида Қуръони карим оятлари ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларида кўплаб таърифлар келтирилган. Ҳадиси шарифда шундай дейилади:
“Ҳар тонг бандалар уйғонганда икки фаришта тушади. Улардан бири: “Аллоҳим, инфоқ (нафақа-эҳсон) қилувчиларга ўрнини қоплайдиган нарса ато эт”, дейди. Иккинчиси: “Аллоҳим, хасис, зиқналарга талофот бер”, – дейди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).
Самарқанд вилояти Оқдарё тумани бош имом хатиби Ҳабибуллохон Облақулов туманда фаолият олиб бораётган имом-хатиблар, масжид ходимлари ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фонди ва эҳсонпарвар, сахий кишилар ҳамкорлигида тумандаги эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Муборак Рамазон ойида бир қанча хайрия ишларини амалга оширди. Улар томонидан 186 та хонадонга 25 000 000 сўм қийматидан зиёд бўлган пул, озиқ-овқат, рўзғор учун зарур бўладиган анжомлар эҳсон қилинди. Ушбу тадбир доирасида Янгиобод МФЙда яшовчи СамДУ 4-босқич талабаси Мардиев Муроднинг ўқиш учун шартнома пулини 1 400 000 сўмини тўлаб берилиши талабанинг бехавотир таҳсил олиши, ота-онасининг оғирини енгил бўлишига сабаб бўлди.
Раббимиздан берилган барча нарсалар бизларга омонат бўлганидек, молу давлатимиз ҳам омонатдир. Аллоҳ берган бу неъматни Ўзи буюрган ва рози бўладиган жойларга сарфлаб, хайру эҳсон ва садақа қилишда пешқадам, шунингдек барча эзгу ишларда имкон қадар кўмакчи ва ҳомий бўлишга ҳаракат қилайлик.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги
Киритилган вақти: 29/05/2019 00:00; Кўрилганлиги: 1300
Чоп этилган вақт: 01/12/2024 23:27