Устозга эҳтиром оламга эҳтиром
Устоз – муаллимсиз қолганда замон,
Нодонликдан қаро бўларди замон.
Абдураҳмон ЖОМИЙ
Муаллимлик – буюк мақом. Чунки пайғамбарлар муаллим бўлганлар. “Муаллим” сўзининг маъноси илм берувчи, таълим берувчи, ўргатувчи демакдир. Пайғамбарлар инсониятга эзгуликни ўргатганлар. Ана шунинг ўзиёқ устозлик қай даражада юксак мартаба эканини кўрсатади.
Устоз ва мураббийлар жамият биносининг бинокорлари, маърифат боғининг боғбонларидир. Улар ҳаёт бўстонидаги ниҳолнинг бақувват дарахтга айланиши учун беқиёс меҳнат қилади. Шунинг учун ҳам унинг шогирд устидаги ҳаққи бениҳоя катта ва улуғдир. Устоз шогирдини ўз фарзандидек кўради. Балки унга фарзандига кўрсатмаган таважжуҳ билан юзланади. Унинг юпун ва совуқ бўлган маънавий оламини ўзининг қалб кўзи билан иситади. Зимистон дунёсини илм қуёшининг мўъжизакор зиёси билан мунаввар этади. Сабр ва меҳр билан парваришлайди. Дунёю охиратда улуғлик, манфаат ва нажот келтирадиган йўлга йўллаб қўяди. Бунга қўшимча равишда шогирдининг салоҳияти учун туну кун дуода бўлади. Натижада унинг қўлига ниҳол бўлиб келган ўқувчи ва талаба совуқ урмасдан, зулматларда абгор бўлмасдан униб-ўсади ва вақти келиб бу ниҳол ҳаёт бўстонидаги сербарг ва муҳташам дарахтга айланади. Кейин у ҳам ўз навбатида маънавият боғига ўзининг ҳар хил меваларини тақдим қилади.
Устозлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдуздирлар, улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар, уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан ёруғликка етишадилар.
Шу ўринда шуни айтишимиз жоизки, бугун Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов Самарқанд вилоятида кўп йиллардан бери диний соҳада фаолият юритиб келаётган устоз домлаларга кириб келаётган 1 октябрь "Ўқитувчи ва мураббийлар куни" муносабати билан ташаккурнома ва эсдалик совғаларини топширди.
Бинобарин, устозу муаллимларни рисоладагидек ҳурматламай, ҳақларини муносиб равишда адо қилмай туриб, фарзандларимиздан эл-юрт, жамият, қолаверса, бутун дунё учун фойдаси тегадиган етук шахсларни кутиш мумкин эмас.
Устозларни қадрлаш ҳақида сўз борганда беихтиёр ҳазрати Мир Алишер Навоийнинг ушбу сўзлари ёдимизга тушади:
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила.
Жамият олдида катта масъулият соҳиби бўлган барча устоз ва мураббийларимизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз.
Байрамингиз яна бир бор муборак бўлсин азиз устозлар!
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати
Киритилган вақти: 29/09/2021 17:49; Кўрилганлиги: 1001
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 09:33