Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Соҳибқирон таваллуд топган кун

 
 

Амир Темур мақбараси Марказий Осиё меъморчилигининг ноёб асари сифатида эътироф этилган. Мақбара қурилиши буюк Сохибқирон Амир Темур томонидан 1404 йилда бошланиб, Мирзо Улуғбек даврида тугалланган.

Мақбара Самарқанднинг жанубий-ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, XIV аср охирида Амир Темурнинг набираси Муҳаммад Султон томонидан қурилган мадраса ёнида тикланган.

Муҳаммад Султон 1403 йилда Кичик Осиёга бўлган харбий юриш вақтида тўсатдан касалликдан вафот этган. Шаҳзоданинг жасади Самарқандга олиб келиниб, ансамблнинг жануб томонидаги айвони орқасидаги даҳмага дафн қилинади. Сўнг Амир Темур шаҳзодага атаб мақбара қуриш ҳақида фармон беради. Шундан кейин даҳма устига саккизёқли бино қурилади.

Амир Темур вафотидан кейин Шоҳруҳ Мирзо Ҳиротни пойтахт қилиб, ўғли Мирзо Улуғбекни эса Самарқандга ҳоким этиб тайинлайди.

Мирзо Улуғбек буюк бобосига ҳурмат юзасидан ушбу саккиз қирралик мақбарани темурийлар авлоди дафн қилинадиган мақбарага айлантиради.

Мақбара битгач, Амир Темурнинг маънавий устози Мирсайид Бараканинг жасади шу мақбарага кўчирилади ва Соҳибқироннинг бош томонига дафн этилади. Баъзи ривоятларга қараганда, Амир Темур пирининг оёқ томонига дафн қилинишини васият қилган. Мақбарага Мироншоҳ Мирзо, Шоҳруҳ Мирзо, Шайх Саййид Умар, Мирзо Улуғбек ва Улуғбекнинг гўдаклигида вафот этган икки фарзанди – Абдулла ва Абдураҳмонлар ҳам дафн қилинган.

Мустақиллик йилларида маънавий тикланиш ва янгиланиш жараёнида Амир Темур бобомизнинг номи, бой мероси, хотираси ва тарихий сиймоси ҳам тикланди. 1996 йил мамлакатимизда Амир Темур йили деб эълон қилинди.

Амир Темур таваллуд топган кунни халқимиз улуғ аждодимиз хотирасига эҳтиром сифатида ҳар йили кенг байрам қилиб келади.

Шу муносабат билан бугун 9 апрел куни ЎМИ Самарқанд вилоят вакили З.Эшонқулов, давлат ва жамаот ташкилотлари раҳбарлари биргаликда эрта тонгдан Амир Темур мақбарасида жам бўлиб, улуғ бобокалонимиз ҳаққига қуръон тиловат ўқилиб, қурбонлик қилинди.

Амир Темур таваллудига бағишланган тадбирлар давом этмоқда.

Саидусмонхон Зикиряев

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги мутахассиси


Киритилган вақти: 09/04/2019 00:00;   Кўрилганлиги: 1166
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/sohibqiron-tavallud-topgan-kun
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 13:25
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг