Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Сайёр йиғилиш – халқ билан мулоқот, қалб билан яқинлик

 
 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги ташаббуси ҳамда йиллик иш режаси доирасида Самарқанд туманида маънавият, меҳр-шафқат ва хайр-саховат руҳи билан ёдда қоларли сайёр йиғилиш ўтказилди.

Йиғилиш аввалида вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров ишчи гуруҳ аъзолари билан учрашиб, сайёр тадбирларни мазмунли ва самарали ўтказиш бўйича муҳим кўрсатма ва тавсиялар берди. У киши ҳар бир имом-хатиб ва масъул шахсларга аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, уларнинг дарди ва эҳтиёжларини эшитиш ҳамда имкониятдан келиб чиқиб жойида ҳал этиш зарурлигини таъкидлади.

Шундан сўнг Хайрулло домла “Хўжа Аҳрори Вали” жоме масжиди имом-ноиби Умар домла Нажмиддинов ҳамроҳлигида туманнинг Мирзо Улуғбек маҳалласидаги оғир ижтимоий аҳволдаги, бемор ва ногиронлиги бор оилалар хонадонларига ташриф буюрдилар.
Ташрифлар давомида ҳар бир хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари етказилиб берилди, самимий мулоқот ва эзгу дуолар орқали муҳаббат ва миннатдорлик руҳи ҳукм сурди.

Шунингдек, вилоят ишчи гуруҳи Самарқанд туманидаги 6 та масжидда пешин намозини жамоат билан адо этиб, қуйидаги йўналишларда таъсирли маърузалар қилди:

  • Тинчлик ва осойишталикнинг беқиёс қадри
  • Фарзанд тарбияси – буюк бурч ва масъулият
  • Ёшлар – келажак тимсоли ва умид сутуни
  • Берилган неъматларга шукрона қилиш фазилати
  • Оилавий тотувлик ва бирдамликни асраш
  • Четдан кириб келаётган ёт ғояларга алдaнмаслик
  • Қўшничилик муносабатлари ва уларнинг одоблари

Шу куни Хайрулло домла Саттаров “Хўжа Аҳрори Вали” жоме масжидида “Энг яхши инсон ким?” мавзусида юракларга нур ва руҳларга илҳом бағишлаган маънавий-маърифий маъруза қилди.

Йиғилиш якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, муҳтарам Зайниддин домла Эшонқулов ҳам иштирок этди.
Зайниддин домла ўз сўзида имом-хатиблар ва маҳалла фаолларига халқ билан яқин мулоқотни кучайтириш, масжидларни халқ ҳаётининг маънавий марказига айлантириш ҳамда хайр-эҳсон ва саховат ишларини изчил давом эттириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
У киши:

“Халқ билан бирдам бўлиш, уларнинг дардига шерик бўлиш — бу фақат имомнинг бурчи эмас, балки бутун жамоатнинг маънавий масъулиятидир,” — дея фикр билдирди.

Шунингдек, Зайниддин домла томонидан Самарқанд туманидаги 16 маҳалланинг ижтимоий аҳволи, аҳолининг эҳтиёжлари ва муаммоларини чуқур ўрганиш, масжид ҳужжатларини намунавий юритиш, ободончилик ишларини кучайтириш ҳамда жамоат билан мулоқот самарадорлигини ошириш бўйича аниқ йўналишлар белгилаб берилди.

Йиғилиш сўнгида раҳбарлар ва иштирокчилар юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги ва юртбошимиз бошчилигида олиб борилаётган хайрли ишларга зафарлар тилаб, биргаликда дуо қилдилар.

Бу сайёр йиғилиш нафақат амалий ёрдам, балки Самарқанд аҳли учун маънавий кўтаринкилик, бирдамлик ва келажакка ишонч руҳини уйғотган ёдда қоларли кун бўлди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллги Матбуот хизмати


Киритилган вақти: 14/10/2025 17:31;   Кўрилганлиги: 28
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/sayyor-yigilish-xalq-bilan-muloqot-qalb-bilan-yaqinlik
Чоп этилган вақт: 15/10/2025 02:23
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг