Самимий суҳбатнинг баракаси катта

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги ташаббуси ҳамда йиллик иш режаси доирасида Самарқанд туманида маънавият, меҳр-шафқат ва хайр-саховат руҳи билан ёдда қоларли сайёр йиғилиш ўтказилди.
Йиғилиш аввалида вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров ишчи гуруҳ аъзолари билан учрашиб, сайёр тадбирларни мазмунли ва самарали ўтказиш бўйича муҳим кўрсатма ва тавсиялар берди. У киши ҳар бир имом-хатиб ва масъул шахсларга аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, уларнинг дарди ва эҳтиёжларини эшитиш ҳамда имкониятдан келиб чиқиб жойида ҳал этиш зарурлигини таъкидлади.
Шундан сўнг Хайрулло домла “Мулло Шоди бобо” жоме масжиди имом-хатиби Абдуғани домла Ҳасанов ҳамроҳлигида туманнинг Мерганча маҳалласидаги оғир ижтимоий аҳволдаги, бемор ва ногиронлиги бор оилалар хонадонларига ташриф буюрдилар.
Ташрифлар давомида ҳар бир хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари етказилиб берилди, самимий мулоқот ва эзгу дуолар орқали муҳаббат ва миннатдорлик руҳи ҳукм сурди.
Шунингдек, вилоят ишчи гуруҳи Ургут туманидаги 30 та масжидда пешин намозини жамоат билан адо этиб, қуйидаги йўналишларда таъсирли маърузалар қилди:
- Четдан кириб келаётган ёт ғояларга алдaнмаслик
- Қўшничилик муносабатлари ва уларнинг одоблари
- Тинчлик ва осойишталикнинг беқиёс қадри
- Фарзанд тарбияси – буюк бурч ва масъулият
- Ёшлар – келажак тимсоли ва умид сутуни
- Берилган неъматларга шукрона қилиш фазилати
- Оилавий тотувлик ва бирдамликни асраш
Шу куни Хайрулло домла Саттаров “Мулло Шоди бобо” жоме масжидида “Қўшничилик ҳақлари” мавзусида юракларга нур ва руҳларга илҳом бағишлаган маънавий-маърифий маъруза қилди.
Йиғилиш якунида имом-хатиблар ва маҳалла фаолларига халқ билан яқин мулоқотни кучайтириш, масжидларни халқ ҳаётининг маънавий марказига айлантириш ҳамда хайр-эҳсон ва саховат ишларини изчил давом эттириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Йиғилиш сўнгида раҳбарлар ва иштирокчилар юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги ва юртбошимиз бошчилигида олиб борилаётган хайрли ишларга зафарлар тилаб, биргаликда дуо қилдилар.
Бу сайёр йиғилиш нафақат амалий ёрдам, балки Ургут аҳли учун маънавий кўтаринкилик, бирдамлик ва келажакка ишонч руҳини уйғотган ёдда қоларли кун бўлди.












Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллги
Киритилган вақти: 18/11/2025 18:32; Кўрилганлиги: 18
Чоп этилган вақт: 19/11/2025 01:38





















