Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Рамазон ҳайити муборак бўлсин!

 
 

بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله رب العالمين والصلاة والسلام على أشرف المرسلين

وعلى آله وأصحابه أجمعين وبعد

Ассалому алайкум вароҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Ҳурматли самарқандликлар, вилоятимиз мўмин-мусулмонлари!

Муборак Рамазон ойи ҳам ўз ниҳоясига етиб, барчамиз ислом оламидаги энг улуғ байрам бўлмиш ­– Рамазон ҳайитини нишонламоқдамиз.

Жорий йилги Рамазон ойи ўзгача шукуҳ, тароват билан ўтганини барчамиз эътироф этамиз. Масжидларимиз таровеҳ намози, Қуръони карим қироатлари билан мунаввар бўлди. Намозхонлар ҳар куни ибодатлар асносида юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб, қўлларини дуога очдилар.

Халқимиз ушбу ойда мурувват-хайрия ишларида катта ғайрат-шижоатларини намойиш этди. “Меҳрибонлик”, “Мурувват” ва “Саховат” уйларида истиқомат қилаётганлар, жойлардаги меҳр-мурувватга, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтожлар ҳолидан хабар олинди. Уларга кўплаб, моддий-маънавий ёрдамлар кўрсатилди. Зеро ҳадиси шарифда “Амалларнинг энг афзали мўмин кишининг қалбига хурсандчилик улашишдир”, деб марҳамат қилинган.

Рамазон ойида жисмонан ва руҳан чиниқдик, ўзимизда комиллик сифатларини ҳосил қилдик. Анашундай файзу-футуҳга тўла ўтган Рамазон ойи хотимаси бўлмиш Ийди Рамазонни ҳам ўзгача шукуҳ билан байрам қилмоқдамиз.

Ҳайит байрами – дунёдаги барча яхшиликларни ўзида мужассам этган кундир. Бу кунда қариндошлар, қўни-қўшнилар, ёри биродарларга меҳр улашиш, ёрдамга муҳтожларга мурувват қўлларини чўзиш лозим. Ҳар бир кишининг бу кунда ташвишу-ғамларини унитиб, шоду хуррам байрам нишонлашига кўмаклашишимиз даркордир.

Улуғвор соатларда улуғ ниятлар қиламиз: Аллоҳ таоло жонажон юртимизни паноҳида асрасин, юртдошларимиз турмушини фаровон қилсин. Муҳтарам юртбошимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар самара беришига ўзи кўмакчи бўлсин. Доимий тинчлик хотиржамлик, файзу барака, дастурхонимиздан тўкинлик аримасин. Ёмон кўзлардан, турли бало-қазолардан Ўзи сақласин.

Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўсин!

Зайниддин домла Эшонқулов

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Самарқанд вилояти вакили,

вилоят бош имом хатиби


Киритилган вақти: 15/06/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 1706
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/ramazon-hayiti-muborak-bolsin
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 18:04
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг