Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

РАМАЗОН ҲАЙИТИ МУБОРАК БЎЛСИН!

 
 

Бошимиз узра раҳмат соябони, ойларнинг султони, эзгулик ва хайр мавсуми, тоату ибодат фасли, саховату дуо, таровеҳу хатми Қуръон ойи бўлмиш муборак моҳи Рамазон ойи ниҳоялаб, меҳр-оқибат, эзгулик ва саховат айёми – муборак Рамазон ҳайити яқинлашиб келмоқда.

Рамазон ойи ҳар биримизга ҳақ йўлдан юришга ва маънавий баркамолликка эришишга имкон берди. Кўпчилик бу ойда ўзларининг зарарли одатларидан фориғ бўлдилар, ўзларига гўзал ахлоқ ва одатларни мужассам қилдилар. Иншааллоҳ, шу фазилатлар оддий кунларда ҳам сақланиб қолишидан умидвормиз.

Рамазон ҳайити келиши билан қалбимизда икки туйғу кечади. Биринчиси бу қувонч туйғуси бўлса, иккинчиси шундай марҳаматли ойнинг якунланганидан афсусланиш ҳиссидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойининг улуғворлиги ҳақида шундай сўзларни айтганлар:

“Агар умматларим Рамазон ойининг улар учун қанчалик шарофатли ва баракотли эканини яхши билганларида эди, фақатгина шу бир ой эмас, балки йилнинг қолган ҳамма ойларида ҳам рўза бўлишини орзу қилган бўлар эдилар”.

Рамазондан айрилишни ўйлаб маҳзун бўлаётган қалбимизга энг улуғ байрамларимиздан бири бўлган Ийд ал-фитр ҳайит байрами ташрифи таскин бағишламоқда. Ҳайит байрами барча мусулмонлар шодлик ва хурсандчилик изҳор қиладиган кун ҳисобланади. Бу кунларда мўминлар Аллоҳ таолога берган сон-саноқсиз неъматлари учун, шукрона сифатида садақаи фитрларни берадилар, ҳадя ва совғалар улашадилар, ҳайит намозини адо этадилар. Ҳайит байрами кунлари ибодат ва шукрона кунлари, хурсандчилик ва шодлик кунларидир. Бу кунда баъзи жойларда одамлар урф қилиб, тўп-тўп бўлиб қабристонга, азадор хонадонларга бориши, йиғи-сиғи қилиши, шаръан дуруст эмасдир.

Ҳайит намозига чиқишда ғусл қилиб, тоза-озода бўлгандан сўнг, атирлар билан хушбўйланиб чиқиши ва имкони бор киши янги кийим кийиши мустаҳаб саналади. Бунга имкони йўқлар энг яхши тоза-озода кийимларини кийиб чиқадилар.

Ҳанафий мазҳабига кўра Ийд ал-фитр куни тонги отиши билан “садақаи фитр”ни бериш вожиб бўлади. Аммо ундан олдин Рамазоннинг аввалги кунларида бериш ҳам жоиздир. Рамазон ҳайити байрамида намозгоҳга чиқиш олдидан бирор ширинлик тановул қилиш суннат ҳисобланади.

Агар бирор узр бўлмаса, ҳайит намозига пиёда юриб бориш ҳам суннат амаллардан ҳисобланади. Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилган:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда чиқар эдилар. Азон ва иқоматсиз намоз ўқир эдилар. Сўнгра бошқа йўлдан уйга қайтар эдилар”(Имом Ибн Можа ривоят қилган).

Шунга кўра бирор касаллик, ёки узоқлик ёки қору-ёмғир сингари бирор узр бўлмаса, намозгоҳга пиёда бориш суннат бўлади.

Ҳайит намозидан сўнг инсонларнинг бир-бирлари билан кўришишлари ва ҳайит байрами билан қутлашлари ҳам ҳайит кунининг одобларидан бўлиб, бу кунда бир-бирларини табриклаш маъносида ўқиладиган муайян дуо бўлмаса ҳам, “Аллоҳ биздан ҳам сизлардан ҳам қабул қилсин” маъносидаги тилаклар билдириш яхши саналади.

Ҳайит байрамида сайлгоҳларга чиқиш, қавму-қариндошларни зиёрат қилиш билан бу кундаги умумий хурсандчиликлар доираси кенгаяди, уларга совғалар ҳам улашиладиган бўлса, ўзаро меҳр-муҳаббат ришталари мустаҳкамланиб, шоду-хуррамликлар янада зиёда бўлади. Бу кунда эски гина-кудуратларни унитиб, силаи раҳмни ва инсоний муносабатларни тиклаб олиш ва шу тариқа Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфиратига сазовор бўлиш ҳар бир мусулмоннинг байрам кунларидаги энг савобли амаллари саналади. Мусулмон киши ҳайит кунларида имкон қадар қавму-қариндошларга хусусан, ота-оналар, устозлар, қариндош-уруғлар, ёру-биродарларни, беморларни бориб зиёрат қилиш, уларга имкон даржасида ҳадялар улашиш ва албатта аҳли оила, фарзандларни муборакбод этиб, совғалар билан сийлаш динимиз кўрсатмаларидандир.

Хулоса қилиб айтганда ҳайит байрамининг жамият вакиллари орасидаги гина-адоватлар ва турли кўнгилсизликларни кетказиш ҳамда улар ўртасида меҳр оқибат ришталарини янада мустаҳкамлаш сингари ҳикматлари жуда кўпдир.

Аллоҳ, юртимизни тинч, янада обод ва фаровон, осмонимизни мусаффо қилсин. Оилаларга тинчлик, барқарорлик, қут-барака, бахт-саодат ато айласин ва Рамазон ҳайитини барчаларимизга муборак қилсин!


Киритилган вақти: 04/06/2019 00:00;   Кўрилганлиги: 1501
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/ramazon-hayiti-muborak-bolsin-2019
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 22:58
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг