Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

ҚУРБОН ҲАЙИТИНИ НИШОНЛАШ ҲАҚИДА

 
 

Алҳамдулиллаҳ. Вассолату вассаламу ала расулиллаҳ.

   Ассалому алайкум азиз юртдошлар. Барчаларингизни Қурбон ҳайити байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Аллоҳ табарока ва таоло жонажон юртимизни ободлигини, фаровонлигини ва тинчлигини зиёда қилсин.

 Ҳаммамизга маълумки, ҳозирги кунда юртимиз аҳолиси пандемия туфайли синовли кунларни бошидан кечирмоқда. Бу касалликни кундан кунга ривожланиб, кўпайиб бораётганлигини ҳар биримиз кўриб билиб турибмиз. Бу ҳолат албатта барчамизни ташвишга солмоқда. Мусулмон давлатларида пандемия туфайли жамоат бўлиб ибодат қилиш имконияти йўқлиги сабабли келаётган Қурбон ҳайити намози  бу йил ўқилмайди. Жумладан бизнинг юртимиздаги масжидларда ҳам Қурбон ҳайити намози жамоат бўлиб ўқилмайди. Шундай бўлсада Қурбон ҳайити байрамини байрам кайфиятида кутиб олиш лозим бўлади. Бундай вазиятларда оят, ҳадис ва кўрсатмаларга қатъий амал қилиш лозимдир. Шариатимизда зарарни даф қилиш учун бир қанча енгилликлар берилган. Яъни, шу кунларда касаллик тарқалишини олдини олиш мақсадида  жамоат намозлари тўхтатилади. Чунки, пандемия туфайли ҳозирги кунда масжидларимизда беш вақт намозлар, жума намозлари ва ҳайит намозлари ҳам тўхтатилган.

 Қурбон ҳайити 31 июл куни бўлишлиги ҳақида матбуот, ижтимои тармоқлар ва турли воситалар орқали эълон қилинди. Шунга кўра Қурбон ҳайити куни Қурбон намози ўқилмасада бомдод намози ўқилгандан кейин олиб қўйилган жонликлар қурбонлик қилиниверади. Аммо қуёш чиққанидан кейин тўрт ракаат Зуҳо намозини ўқиб, кейин қурбонликлар қилинса айни муддао бўлади. Қурбонлик гўшти уч тақсимга бўлиниб, бир қисми оилага олиб қолинади, бир қисми пиширилади ва бир қисми хомлигича тарқатилади. Аммо оила ночор бўлса ҳаммасини ўзларига олиб қолишлари ёки бой кишилар бўлса гўштни барини эхтиёжманд, кам таъминланган оилаларга эҳсон қиладиган бўлсалар жуда катта савобга эга бўладилар.

Байрам кунлари қўлимиздан келганича хайру саховат қилсак, оиламизга, фарзандларимизга хурсандчилик улашсак, ёру дўстларимизни байрам муносабати билан табрикласак албатта савоб бўлади.

Шунга кура 31 июл куни яъни Қурбон ҳайити куни ҳаммамиз ўйимизда қолган ҳолда қуёш чиққандан 10-15 дақиқа ўтгандан сўнг турт ракаат нафл намоз ўқиймиз ва қурбонликларни адо қиламиз.

  Шуни алоҳида таъкидлаб ўтамизки, вазиятни яхши англаган ҳолда уйма уй юриш, меҳмондорчиликларга бориш, қабристонларни зиёрат қилиш лозим эмас.

  Азизлар, карантин талабларига қатъий риоя қилайлик. Ўзимизни, фарзандларимизни соғлигини хатарга қўймайлик. Ушбу муборак кунларда Аллоҳ таолодан  тинчликни, соғликни ва бало офат касалликларни тезроқ кўтарилишини сўраб дуо қилайлик.

Барчаларингизга Қурбон ҳайити муборак бўлсин Азизлар.

Алижон Яқубов,

Иштихон туман бош имом хатиби


Киритилган вақти: 28/07/2020 08:29;   Кўрилганлиги: 1079
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/qurbon-hayitini-nishonlash-haqida
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 15:43
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг