Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Оилалар мустаҳкамлиги йўлида

 
 

Оила деб аталмиш муқаддас қўрғоннинг дебочаси бўлмиш никоҳ маросими қадимдан халқимиз орасида улуғланиб, алоҳида эҳтимом билан ёндашиб келинган. Бугунги кунда эса оилага тааллуқли барча жиҳатлар давлат томонидан ҳимояга олинган ва ҳаттоки бош қомусимизда оилага доир алоҳида боб ажратилган.

Бироқ сўнги пайтларда оилавий ажримларнинг сони ортиб бормоқда. ФҲДЁдан ўтмасдан туриб, турмуш қурган ёшларга никоҳ ўқиш ҳолатлари учраб турибди. Бу борада албатта норасмий муллалар хизматидан фойдаланилмоқда. Бу эса ота-оналар ҳамда мутасадди ташкилотлар олдига долзарб вазифаларни қўяди.

Юқоридаги ҳолатларга қарши курашиш мақсадида вилоятнинг бир нечта туманида кенг қамровли тадбирлар бўлиб ўтди.

19 июн куни Жомбой туманида, 29 июн куни Пастдарғом туманида, 2 июл куни Пайариқ туманида туман ҳокимликлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги, имом-хатиблар, маҳалла муллалари, туман ИИБ, туман ДСИ, ФҲДЁ мудиралари, туман Тиббиёт бўлими, касб-ҳунар коллежларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосарлари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маҳалла маслаҳатчилари, отинойилар, Оила илмий-амалий маркази туман бўлимлари, ташкилот ҳамда муассаса раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишлар аниқ фактлар, ҳаётий мисоллар, танқидий таҳлиллар асосида олиб борилди. Унда оила муқаддаслиги, оилаларнинг мустаҳкам бўлишида барча бирдек масъуллиги, шаръий никоҳлар ФҲДЁ гувоҳномаси асосида фақатгина расмий имом хатиблар ва имом ноиблари томонидан ўқилиши лозимлиги таъкидланди. Бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг махсус буйруғи чиқарилгани, унда никоҳ фақат ЎМИ тизимидаги Уламолар, имом-хатиб ва имом ноиблари томонидан амалга оширилиши кераклиги қайд этилгани тушунтириб ўтилди.

Хусусан, муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 15 июн куни имом-хатиблар билан ўтказган учрашувларида ноқонуний никоҳ ва унинг натижасида келиб чиқаётган кўнгилхираликлар, салбий ҳолатлар ҳақида афсус билан гапириб ўтганлари, имом-хатибларни бу иллатга қарши жиддий курашишга чақирганлари яна бирбор ёдга олинди. Ана шундай хуник ҳолатларга чек қўйиш мақсадида алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани, қонунда ФҲДЁ гувоҳномасига эга бўлмаган шахсларга шаръий никоҳ ўқиган ҳар қандай муллага жиноий жазо бериш кўзда тутилиши Юртбоши томонидан маълум қилингани алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, маҳалла муллаларига никоҳ ўқимасликлари лозимлиги, имом хатибларга эса никоҳ фақатгина ФҲДЁ гувоҳномаси асосида ўқилиши кераклиги жиддий тайинланди.

Шунингдек, туман ҳокимликлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамда имом хатиблар бу борада мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиш, ишларни изчил йўлга қўйишга келишиб олдилар.

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги


Киритилган вақти: 03/07/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2124
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/oilalar-mustahkamligi-yolida
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 14:00
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг