Оила муқаддас даргоҳ
Республикамизда мустақиллик йилларида оилани мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилди ва оширилмоқда.
Конституциямизнинг 63-моддасида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга” деган қоида мустаҳкамлаб қўйилган. Оилалар тинч-тотув яшаса, жамияга келтирадиган ютуқлар ҳам кўпаяди, фарзандлар ҳам яхши тарбия олади.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов оиланинг жамиятдаги ўрнига баҳо бериб, шундай деганлар: “Оила- жамиятнинг негизи, бизнинг давлатимизни ҳам катта бир оила деб тушиниш мумкин ва лозим”.
Жорий йилнинг 16 октябрь куни Самарқанд шаҳар Никоҳ уйида ёш оилалар ва энди оила қуриш остонасида турган ёш йигит-қизлар билан учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда Самарқанд шаҳар бош имом хатиби Нуриддинхон Исламов ҳам қатнашиб сўзга чиқди.
У ўз нутқида ёшларга насиҳат қилар экан, турмуш қуриш, оила тебратиш ва фарзанд тарбияси каби муҳим ишлар жамиятдаги ўта нозик, ва ўз навбатида ўта масъулиятли жиҳатлардан бири эканини таъкидлаб, эру-хотиндан бу борда сабр-бардош, ўзаро ишонч, қатъият ва ирода талаб этилиши, катта ҳаётни енгил-елпи, фақат ҳою-ҳавасдан иборат деб, билмаслик лозимлиги ва шундай ният билан қурилган оилаларда рисоладагидек ҳаёт бўлмаслигини гапириб ўтди.
Оила қуришда диний ва миллий анъаналаримизга риоя қилиш билан бирга мамлакатимизда амалда бўлган қонун ва қоидаларга ҳам қатъий амал қилиш зарур эканлиги, оила мустаҳкамлигини таъминлашда барча бирдек масъуллиги, жамиятда никоҳ воситаси билан эркак ва аёл ўртасидаги табиий муносабатлар тартибга солиб турилиши, оилада эр-хотин, ота-она ва фарзандлар орасида ахлоқий – ҳуқуқий мажбуриятлар ўрнатилиши ҳақида ҳаётий ва шаръий асослар билан сўзлаб берди.
Қолаверса оила инсон учун меҳнат қобилиятини тиклаш ва дам олиш жойи ҳисобланиб, оилада болалар тарбияси учун ота-боболар ва момолардан қолган, минг йиллар мобайнида ҳаёт синовларидан ўтган яхши удум, одатларни асраб-авайлаш, ёш авлодга етказиб бериш олдимизда турган муҳим вазифалардан бири эканини таъкидлади.
Н.Исламов сўзининг сўнгида, “Никоҳ ва талоқнинг шаръий ҳукмларини яхши билиш эр-хотинларни турли келишмовчиликлар кўнгилсизликлардан сақлаши ҳақида гапириб, Бақара сурасининг 228-ояти “... Аёллар учун (белгиланган ҳуқуқлар) ўз меёрида эркаклар (ҳуқуқи) билан тенгдир...” деган мазмундаги оятни келтириб тушунтириб ўтди.
Тадбир сўнгида ташриф буюрган ёш келин-куёвлар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.
Абдуғани Ҳасанов
Киритилган вақти: 17/10/2017 00:00; Кўрилганлиги: 2642
Чоп этилган вақт: 01/12/2024 22:05