Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Оби раҳмат масжидининг янги биноси қад ростламоқда

 
 

Аллоҳга беадад шукрки, юртимиздаги икки мингдан зиёд масжидларимиз кундан-кунга обод бўлмоқда. Кўп масжидлар замонавий шаклда таъмирланиб, чиройли ва қулай ҳолатга келтирилмоқда. Халқимиз бундай жоме масжидларда ибодатларини хотиржам адо этаётганларидан мамнунлар.

Шу қатори Самарқанд шаҳридаги бир қанча масжидларда ҳам янги биноларни қуриш, ободонлаштриш ишлари олиб борилмоқда. Ана шундай масжидлардан бири “Оби раҳмат” жоме масжидидир. Бугунги кунда масжидда намозхонлар учун янги, барча шароитларга эга, замонавий ва миллий архитектура услубининг уйғунлашган андозаси асосида бино қурилмоқда. Масжид фаолияти, қурилиш ишлари билан танишиш мақсадида Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби Зафар Маҳмудов “Оби раҳамат” масжидида бўлди.

 

“Шу йилнинг 15 май куни эски биноларни бузиш ишлари бошланган эди. Бугунга қадар масжиднинг подвал қисми тўлиқ битказилган бўлиб, эшик ромлар ўрнатилди, деворларга ишлов берилмоқда. Насиб бўлса, масжид икки мингдан зиёд намозхонларни бағрига сиғдирадиган бўлади. Диаметри 8 метрлик гумбаз ўрнатилади. Устолар ўзимизнинг маҳалланинг йигитлари. Иш бошлангандан буён қурилиш анжомлари сахий кишилар томонидан эҳсон қилинмоқда. Бу борада камчиликлар йўқ. Иншаллоҳ, йил якунигача масжид биносини фойдаланишга топширишга ҳаракат қиламиз, дейишмоқда устолар. Намозларни жамоат билан очиқ майдонда адо этмоқдамиз. Намозхона сифатида қўшимча бино ҳам ҳозирлаб қўйганмиз”, дейди масжид имом-хатиби Акмал домла Маматқулов.  

 

 

Дарҳақиқат, масжид қуриш, уларни обод этиш, таъмирлаш улуғ савобли амаллардир. Домла тарафидан ушбу ишда бош-қош бўлиб турган имом домла ва масжид ходимлари, саховатпеша инсонлар, устолар, ҳашарчилар, барча-барчаларининг сайъ-ҳаркатларига Аллоҳ таоло куч-қувват, номаи аъмоллларига улкан савобларни беришини сўраб дуои хайрлар қилинди. Зеро, масжидни обод этишнинг савоби улуғ экани Ислом манбаларида баён қилинган.  Бу ҳақда Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.
Қадимий ва навқирон Самарқандимизда қад ростлаётган ушбу жоме масжид, мўмин-мусулмонлар учун жуда катта туҳфа бўлади иншоаллоҳ.

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати


Киритилган вақти: 12/07/2021 12:25;   Кўрилганлиги: 669
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/obi-rahmat-masjidining-yangi-binosi-qad-rostlamoqda
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 15:46
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг