Коллеж талабалари Имом Бухорий мажмуаси зиёратида
Пайариқ туман ҳокимлиги ташаббуси билан ёшларга ўзлигини англатиш, шонли тарих зарварақларини эслатиш, қандай буюк аждодларнинг авлоди эканини доимий ҳис этиб туришларига эришиш мақсадида тумандаги касб-ҳунар коллежлари талабаларининг Имом Бухорий мажмуасига ташрифи ташкиллаштирилди.
18 март куни Пайариқ енгил саноат касб-ҳунар коллежи, 19 март куни Челак қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи талабалари мажмуага ташриф буюрдилар. Талабаларга мажмуа директори в.б. ҳамда Имом Бухорий жоме масжиди имом хатиби Зайниддин Эшонқулов Имом Бухорий ҳазратларининг тарихи, у кишининг ислом дини ривожига қўшган ҳиссаси ҳамда мустақиллик йилларида у зот руҳига бўлган давлат даражасида эътибор, мажмуада олиб борилган ислоҳотлар, бунёдкорликлар ҳақида батафсил сўзлаб берди.
Шунингдек, мажмуанинг анжуманлар залида ўтказилган давра суҳбати давомида ҳам талабаларга илмнинг фазилати, ҳар ким ўз танлаган касбининг етук мутахассиси бўлиб етишишга интилиши лозимлиги, юртимиз кўплаб дунё тан олган уламоларга бешик бўлгани, бугунги ёшлар ҳам аждодларга муносиб авлод бўлиши кераклиги хусусида маслаҳат ва тавсиялар берилди.
Мажмуага талабаларнинг ташрифи давом этмоқда ва бу 25 март кунига қадар бўлиши режалаштирилган.
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги
Киритилган вақти: 19/03/2017 00:00; Кўрилганлиги: 2451
Чоп этилган вақт: 03/12/2024 01:20