Каттақўрғон туманида хайр-эҳсон ва бирдамликка чорловчи сайёр йиғилиш ўтказилди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги ташаббуси ҳамда йиллик иш режаси доирасида Пахтачи туманида маънавият, меҳр-шафқат ва хайр-саховат руҳи билан ёдда қоларли сайёр йиғилиш ўтказилди.
Йиғилиш аввалида вилоят бош имом-хатиби Аҳмадхон домла Алимов ишчи гуруҳ аъзолари билан учрашиб, сайёр учрашувларни самарали ва мазмунли ташкил этиш юзасидан муҳим кўрсатма ва топшириқлар берди. У киши ҳар бир масжид имом-хатиби ҳамда масъул шахсларга аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини эшитиш ва имкониятдан келиб чиқиб жойида ҳал этиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Шундан сўнг Аҳмадхон домла, Каттақўрғон тумани бош имом-хатиби С.Шамсиддинов ҳамроҳлигида туман марказидаги “Қаландархона” жоме масжиди ҳудудида оғир ижтимоий аҳволдаги, бемор ва ногиронлиги бор оилалар хонадонларига ташриф буюрди. Ушбу ташрифлар доирасида:
- Хонадон эгаларига озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.
Ҳар бир хонадонда самимий мулоқот ўрнатилиб, эзгу дуолар қилинди. Ота-оналарнинг миннатдорликлари барча иштирокчилар қалбига илиқлик бағишлади.
Вилоят ишчи гуруҳи Каттақўрғон туманидаги 31 та масжидда Пешин намозини адо этиб, жамоатга қуйидаги йўналишларда таъсирли маърузалар қилди:
- “Тинчлик ва осойишталикнинг беқиёс қадри”
- “Ёшлар – келажак тимсоли ва умид сутуни”
- “Берилган неъматларга шукрона қилиш фазилати”
- “Оилавий тотувлик ва бирдамликни асраш”
- “Четдан кириб келаётган ёт ғояларга алдaнмаслик”
- “Қўшничилик муносабатлари ва уларнинг одоблари”
- “Оила – муқаддас ”
- “Ахборот олиш ва тарқатишда масъулият”
Шунингдек, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Нурсултонхон домла Абдуманнонов “Қаландархона” жоме масжидида “Фарзанд тарбияси – буюк бурч ва масъулият” мавзусида маънавий-маърифий қувватга тўла маъруза қилди.
Йиғилиш якунида Каттақўрғон туманидаги 31 маҳалланинг ижтимоий аҳволи, аҳолининг эҳтиёжлари ва муаммолари таҳлил қилинди. Масжид ҳужжат юритиши, ободончилик ишлари ва жамоат билан мулоқот самарадорлигини ошириш бўйича аниқ йўналишлар белгиланди.
Раҳбарлар томонидан аҳоли билан яқин ҳамкорлик қилиш, диний-маънавий муҳитни соғломлаштириш ва хайр-саховат ишларини янада кенгайтириш юзасидан қатъий кўрсатмалар берилди.
Тадбир сўнгида барча иштирокчилар юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги ва юртбошимиз олиб бораётган хайрли ишларига зафарлар тилаб, биргаликда хайрли дуо қилдилар.
Бу сайёр йиғилиш Каттақўрғон аҳли учун нафақат амалий ёрдам, балки маънавий кўтаринкилик, бирдамлик ва келажакка ишонч руҳини уйғотган ёдда қоларли кун бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллги Матбуот хизмати
Киритилган вақти: 30/09/2025 16:52; Кўрилганлиги: 19
Чоп этилган вақт: 30/09/2025 20:51