Имом Мотуридий фаолиятига бағишланган халқаро анжуманга тайёргарлик ишлари бошланди
Жорий йилнинг 3-5 март кунлари Самарқандда “Имом Абу Мансур Мотуридий ва Мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуидаги халқаро анжуман ўтказилади.
Бу йил буюк ватандошимиз, ҳадис ва фиқҳ илмининг равнақига улкан ҳисса қўшган йирик аллома Абу Мансур Мотуридий таваллудига 1150 йил тўлади.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Мисрнинг ал-Аҳзар мажмуаси ҳамкорлигида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва Мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуида халқаро конференция ташкил этилмоқда.
Мазкур нуфузли анжуманга тайёргарлик кўриш ва юқори савияда ўтказиш бўйича Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан ҳам зарур чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Унга кўра, Самарқанд шаҳридаги Имом Абу Мансур Мотуридий мақбараси ва мазкур мажмуа атрофида таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Анжуманнинг асосий мажлиси ўтказиладиган Самарқанд шаҳридаги “Форумлар мажмуаси” ҳамда шўъба йиғилишлари ташкил этиладиган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ҳадис илми мактаби ҳам конференцияга тайёрланмоқда.
Ушбу конференцияга дунёнинг турли мамлакатлари ва халқаро ташкилотлардан икки юзга яқин меҳмонларнинг ташрифи кутилмоқда.
Анжуманга тайёргарлик ишларининг бориш жараёни билан танишиш мақсадида мутасадди вакиллар Самарқанд шаҳрида бўлиб, меҳмонлар ташрифига оид масалалар, анжуман бўлиб ўтадиган ўринлар ва шаҳарнинг диққатга сазовор масканларини кўздан кечириб, зарурий чора-тадбирлар бўйича масалаларни ўрганмоқда. Бир сўз билан айтганда нуфузли анжуманни кўтаринки руҳда ўтказиш учун тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган.
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати
Киритилган вақти: 01/02/2020 14:28; Кўрилганлиги: 1108
Чоп этилган вақт: 18/09/2024 00:48