Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

ҲАЖ ВА УМРА ТАДБИРЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИЛИШИ ВА ЎТКАЗИЛИШИ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА

 
 

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги 364-сон Қарори билан “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган эди. Унга кўра, “Ҳаж” тадбири Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж вазирлиги ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартнома асосида амалга оширилади. “Умра” тадбири эса Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг Саудия Арабистонидаги ҳамкор ташкилоти ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга оширилади.

Зиёратга бориш учун ариза берувчи доимий яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ариза ҳамда паспорти нусхасини тақдим этиши лозим. Фуқароларнинг аризалари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан йил давомида қабул қилиниб, навбатга қўйиб борилади. Зиёратга борадиган фуқароларни рўйхатга олиш учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари махсус журналларни юритади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи аризани қабул қилиб олгандан сўнг ариза берувчига тегишли маълумотнома бериши шарт.

Зиёрат билан боғлиқ барча шарт-шароитлар (зиёрат тўловлари, шартлари ва муддати) ҳақида зиёратчиларга “Ҳаж” тадбири бошланишидан камида 1 ой, “Умра” тадбири бошланишидан камида 14 кун олдин маълум қилинади.

“Ҳаж”га боришга навбатга қўйиладиган номзодлар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

номзод моддий ва жисмоний жиҳатдан “Ҳаж” тадбирига қодир бўлиши;

“Ҳаж” амалларини тўғри ва тўла-тўкис адо этиши учун етарли диний билимга эга бўлиши;

номзод маънавияти, маърифати ва одоб-ахлоқи билан маҳаллада обрў-эътиборга эга бўлиши;

оиласидаги муҳитнинг соғломлиги ва фарзандларининг ижобий тавсифланиши, маҳалла фуқаролар йиғинидаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашда ибрат бўла олиши;

йўлдан адашганларни соғлом турмуш тарзига қайтариш, уларнинг ижтимоий мослашувига ёрдам бериши, маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказиладиган хайрия тадбирларида иштирок этиши.

Зиёратчилар рўйхатини шакллантиришда қуйидаги қўшимча шартлар инобатга олинади:

зиёратга бормоқчи бўлган фуқаролар вояга етган бўлиши;

зиёратга 45 ёшгача бўлган аёллар учун маҳрамининг ҳам бирга бориши ҳамда маҳрам эканлигини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт, туғилганлик ҳақида гувоҳнома ва никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳнома) нусхаси тақдим этилганлиги.

“Ҳаж” тадбирига боришга номзодларни маҳалла фуқаролар йиғини миқёсида саралаб олиш учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида туман (шаҳар) ҳокими томонидан 7 кишидан иборат таркибда ишчи гуруҳ тузилади.

Ишчи гуруҳ таркибига, қоидага кўра, туман бош имоми, маҳаллага бириктирилган имом, маҳалла раиси, профилактика инспектори, Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси вакиллари киритилади.

Фуқароларнинг виждон эркинлиги ва диний эътиқодга бўлган конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш, “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ишлар самарадорлигини янада ошириш, зиёратларни юқори савияда ва тизимли ташкил этиш ҳамда кўрсатиладиган хизматлар нархини арзонлаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 март кунида № 154-Ф Фармойиши қабул қилинди.

Диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг натижаси ўлароқ, қолаверса фуқароларимизнинг муқаддас зиёратга бўлган эҳтиёжларини тўлақонли қондириш мақсадида Раҳбарият кўрсатмаси ва жамоатчилик кенгаши қарори асосида Умра сафарига борувчи зиёратчиларнинг сонини белгилаш бўйича (квота) чекловлар олиб ташланган.

Ҳозирда ушбу йўналишдаги ишларни яна ҳам такомиллаштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

2019 йил “Ҳаж” мавсуми учун тўланадиган маблағ 33300000 сўм қилиб белгиланди. Шу вақтга қадар “Ҳаж” зиёратига борувчилар 38000000 сўм миқдорида тўловни амалга оширар эдилар.

“Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши томонидан Умра сафарига бормоқчи бўлган ҳар бир фуқаро учун тўланадиган маблағ қиймати 11600 000 сўм миқдорда белгиланди. Мазкур маблағга Саудия Арабистони Подшоҳлиги расмий визаси, Макка ва Мадина шаҳарларидаги 5 ва 4 юлдузли меҳмонхона, ўзбек ошпазлари томонидан тайёрланадиган таомлар, 24 соатлик бепул тиббий хизмат, Ўзбекистон рамзлари туширилган махсус либос, ибодат қўлланмаси, бейжик, замонавий транспорт ҳамда бошқа зиёрат хизматлари киритилган.


Киритилган вақти: 04/06/2019 00:00;   Кўрилганлиги: 1244
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/haj-va-umra-tadbirlarini-tashkil-etilishi-va-otkazilishi-tartibi-togrisida
Чоп этилган вақт: 17/09/2024 23:01
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг