Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амал
Умр инсониятга берилган энг бебаҳо неъматдир. Инсоннинг яралиши, ҳаёт кечириши ва охир-оқибат дорулфанодан дорулбақога риҳлат этиши Аллоҳ томонидан жорий қилиб қўйилган ўзгармас қонундир. Инсонга умр ўзи нима учун берилади, инсон бу умрда нималар қилиши кераклигига Аллоҳ таборака ва таоло Қуръони Каримнинг “Мулк” сурасида мана бундай марҳамат қилган:
“У (Аллоҳ), сизларнинг қай бирингиз яхшироқ амал қилишингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир”.
Ушбу ояти каримадан инсон умри бекорга берилмагани, уни ҳуда-беҳуда ишлар, кайфу сафо ва бекорчилик, дангасалик ва тамбаллик билан зое қилиш учун эмас, балки, хайрли амаллар, фойдали ишлар, элу юртга манфаат келтирадиган ҳамда охират учун захира бўладиган буюк ишларни амалга ошириш учун берилган қимматли фурсат экани ойдинлашади.
Самарқанд шаҳрида жойлашган 60-сонли Заиф кўрувчи ва 59-сонли кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларида тарбияланаётган ўқувчи ёшлар ҳолидан хабар олиш, уларга муборак Рамазон ойида хайру эҳсон улашиб, қалбларига сурур киритиш мақсадида Самарқанд шаҳридаги “Шоҳи Зинда” ва “Намозгоҳ” жоме масжидларининг имом хатиблиги, “Вақф” хайрия жамоат фондининг Самарқанд вилоят филиали ҳамда саховатпеша инсонлар ушбу масканларга ташриф буюрдилар. Уларга турли хил таом, ширинлик, яхна ичимликлар, қолаверса, дарс машғулотлар жараёнида касб-ҳунарни мукаммал тарзда ўрганишлари учун зарур бўлган 2 800 000 сўмлик дурадгорлик анжомлари мактаб ўқувчиларга эҳсон қилинди.
Бу каби тадбирларнинг муҳим жиҳати шундаки, бу орқали дилларга хурсандчилик улашилади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида: “Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандлик киргизишдир”, деганлар.
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги
Киритилган вақти: 16/05/2019 00:00; Кўрилганлиги: 1205
Чоп этилган вақт: 09/11/2024 01:12