Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Ҳадислар

Олти киши ҳақида сўраб суриштирилмайди

 
 

عَنْ فضَالَةَ بْنِ عُبَيْدٍ، عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى الله عَلَيه وسَلَّم، قَالَ: “ثَلاَثَةٌ لاَ يُسْأَلُ عَنْهُمْ: رَجُلٌ فَارَقَ الْجَمَاعَةَ، وَعَصَى إِمَامَهُ وَمَاتَ عَاصِيًا، فَلَا يُسْأَلُ عَنْهُ. وَأَمَةٌ أَوْ عَبْدُ أَبِقَ مِنْ سَيِّدِهِ. وَامْرَأَةٌ غَابَ زَوْجُهَا، وَكَفَاهَا مُؤْنَةَ الدُّنْيَا، فَتَبَرَّجَتْ وَتَمَرَّجَتْ بَعْدَهُ. وَثَلاَثَةٌ لاَ يُسْأَلُ عَنْهُمْ: رَجُلٌ نَازَعَ اللهَ رِدَاءَهُ، فَإِنَّ رِدَاءَهُ الْكِبْرِبَاءُ، وَإِزْارَهُ عِزُّهُ. وَرَجُلٌ شَكَّ فِى أَمْرِ اللهِ. وَالْقَنُوطُ مِنْ رَحْمَةِ اللهِ”

Фазола ибн Убайддан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч кимса ҳақида сўралмайди:

1. Жамоадан ажраб имомига осий бўлган ва осий ҳолда ўлган киши.

2. Хожасидан қочиб кетган чўри ёки қул.

3. Эри дунё(яшашлиги)нинг нафақасини таъминлаб қўйиб, сафарга (ундан узоққа) кетганда очилиб-сочилиб кўчада юрган аёл.

Яна уч кимса ҳақида ҳам сўралмайди:

1. Аллоҳ билан Унинг ридоси бўлган кибриёни ва изори бўлган иззатни талашган одам.

2. Аллоҳнинг ишига шак келтирган одам.

3. Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлган одам” – дедилар.

Фазола ибн Убайд – Саҳоба. Унинг тўлиқ исми Фазола ибн Убайд ибн Нофиз ибн Қайс Ансорий Авсий бўлиб, куняси Абу Муҳаммаддир. Фазола Уҳуд ва Хандақ жангларида ва Мисрнинг фатҳида қатнашган. У фақиҳ бўлиб, Дамашқда қозилик қилган ва у жойда яшаган. У зот бир нечта ҳадисларни ривоят қилган. У томонидан ривоят қилинган ҳадислар Имом Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад”, Имом Муслим, Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий ва Имом Ибн Можжалар ҳадис тўпламларида келтирилган.

Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олти ёмон сифатни икки қисмга ажратиб, учта-учтадан баён қилмоқдалар:

Биринчи қисм: Уч кимса борки, уларга нима бўлгани ҳақида сўраб-суриштирилмайди. Чунки қилган уч амали сабаб мусулмонлар ичида уларнинг ҳурмати ва қадр-қиймати қолмайди. Улар ўз қилмишлари ила ўзларининг обрўларини тўккан одамлардир.

1. “Жамоадан ажралиб имомига осий бўлган ва осий ҳолда ўлган киши”.

Бидъатга берилган, мусулмонлар жамоасидан ажралиб чиққан, уларга хилоф қилган ва тажовузкорлик қилган одам жамоат олдидаги ҳурмати ва эътиборини йўқотади. Унинг ҳолидан ҳеч ким хабар олмайди ва у киши ҳақида сўралмайди.

2. “Қочиб кетган чўри ёки қул”.

Хўжасига итоатсизлик қилиб, машаққатларга сабр бардош қилмасдан қочиб кетган чўри ёки қулнинг ҳам ҳурмати ва қадру-қиймати бўлмайди. Бу ҳолат аввал бўлган, ҳозир йўқ.

3. “Эри дунёнинг нафақасини таъминлаб қўйиб, сафарга (ундан узоққа) кетганда очилиб-сочилиб кўчада юрган аёл”.

Эркак иш билан сафарга чиқаётиб аёлнинг нафақасини таъминлаб кетган. Аёл эса эри йўқлигида ўзига оро бериб, кўча-кўйда очилиб-сочилиб юриб, эрини унга бўлган ишончини поймол қилди. Бундай шахснинг ҳам жамоатчилик ичида ҳурмат-эътибори бўлмайди. Унинг қадру қиймати қолмайди. Шу сабабли у аёл ҳақида ҳам ортидан сўраб-суриштирилмайди.

Иккинчи қисм: Яна уч кимса борки, уларга ҳам нима бўлгани ҳақида сўраб-суриштирилмайди.

1. “Аллоҳ билан Унинг ридоси бўлган кибриёни ва изори бўлган иззатни талашган одам.”

“Кибриё” ва “иззат” сифатлари фақат Аллоҳ таолонинг ўзигагина хос бўлиб, бу сифатлар бандага тўғри келмас экан. Шунинг учун, ким бу сифатлар билан сифатланишга уринса, Аллоҳ таоло билан талашган ҳисобланади. Шунинг учун “кибриё” ва “иззат” сифатлари билан сифатланишга уринган банда Аллоҳ азза ва жалланинг азобига дучор бўлар экан.

Шу боисдан ҳам кибрли ва иззатталаб бўлган одамнинг ҳам мусулмонлар жамоаси ичида ҳурмат ва эътибори қолмас экан. Ундан ҳам ҳол-аҳвол сўралмайди ва у ҳақида бировдан сўраб-суриштирилмайди.

2. “Аллоҳнинг ишига шак келтирган одам”.

Аллоҳнинг ишига шак келтириш Аллоҳнинг ўзига шак келтириш билан баробар десак, муболаға қилмаган бўламиз. Бу сифатга эга одам ҳам мусулмонлар жамиятида ўз обрў-этиборини йўқотади. Уларнинг ичида унинг қадр-қиймати қолмайди. Унинг ҳақида ҳам ортидан эслаб, сўралмайди.

3. “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлган одам”.

Банда ҳеч қачон Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлмаслиги лозим. Ноумид бўлиш фақат шайтонга хосдир. Аллоҳ таолонинг раҳматидан фақат шайтонгина ноумиддир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони каримда “Зумар” сурасининг 53-оятида “Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, унинг ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир”, – деб марҳамат қилган. Аллоҳ таоло Ўзи бандаларини Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмасликка буюриш билн бирга раҳмати кенглиги ва чексиз эканини баён қилган.

Шунинг учун банда ҳар қанча осий бўлса ҳам, гуноҳкор бўлса ҳам, ёмон ишларни кўп қилиб қўйган бўлса ҳам, дарҳол тавба қилиб, гуноҳлардан бутунлай қайтиб, бошқа такрорламайдиган бўлиши ва Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлмаслиги керак.

Чунки Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлган одам мусулмонлар жамиятида ўз обрў-эътиборини йўқотади. Уларнинг ичида унинг қадр-қиймати қолмайди. Унинг ҳақида ҳам ортидан эслаб сўралмайди.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Мусулмон киши жамоадан ажраб имомига осий бўлмаслик кераклиги.

2. Чўри ёки қул хожасидан қочиб кетмаслик кераклиги.

3. Эри нафақасини таъминлаб қўйиб, сафарга кетган пайтда аёл ўзига оро бериб, кўча-кўйда очилиб-сочилиб юриб, эрини унга бўлган ишончини поймол қилмаслик кераклиги.

4. Аллоҳ азза ва жалланинг “кибриё” ва “иззат” сифатлари билан сифатланишга уринган банда Аллоҳ азза ва жалланинг азобига дучор бўлиши.

5. Банда ҳеч қачон Аллоҳнинг ишига шак келтирмаслик кераклиги.

Банда ҳеч қачон Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлмаслиги.

Манба: "www.bukhari.uz"


Киритилган вақти: 03/10/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 2187
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/islam/hadiths/olti-kishi-haqida-sorab-surishtirilmaydi
Чоп этилган вақт: 12/10/2024 14:26
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг