Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Қуръон оятлари

“Бақара” сурасининг 30-ояти тафсири

 
 

بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

وَإِذْ قَالَ رَبُّكَ لِلْمَلاَئِكَةِ إِنِّي جَاعِلٌ فِي الأَرْضِ خَلِيفَةً قَالُواْ أَتَجْعَلُ فِيهَا مَن يُفْسِدُ فِيهَا وَيَسْفِكُ الدِّمَاء وَنَحْنُ نُسَبِّحُ بِحَمْدِكَ وَنُقَدِّسُ لَكَ قَالَ إِنِّي أَعْلَمُ مَا لاَ تَعْلَمُونَ (30)

  1. “Эсла, Роббинг фаришталарга: “Албатта, Мен ер юзида халифа қилувчиман”, – деди. Улар: “Унда бузғунчилик қиладиган, қон тўкадиган кимсани қиласанми? Ҳолбуки, биз Сени ҳамдинг ила поклаб ёд этиб ва Сени муқаддаслаб турибмиз”, – дедилар. (У Зот:) “Мен сиз билмайдиган нарсани биламан”, – деди”. 

Ушбу оятдан маълум бўляптики, Аллоҳ таоло Одамнинг Ўзининг ер юзидаги ўринбосари – халифаси бўлишини ирода этган экан. Демак, инсонга улкан ишонч билдирилган, у улуғ Аллоҳнинг халифаси бўлишдек олий мақомга лойиқ кўрилган. Бундай марҳаматнинг ўзига яраша буюк масъулияти ҳам бор. Инсон шуни англаган ҳолда, уни халифа қилиб қўйган Зотнинг топшириқларини бажармоғи, яратган Зот муносиб кўрган олий мақомга доғ туширмасликка ҳаракат қилмоғи керак.

 Фаришталарнинг “Унда бузғунчилик қиладиган, қон тўкадиган кимсани қиласанми?” деган гапларидан билинадики, улар ўзларигагина маълум йўл билан инсоннинг ер юзида фасод, бузғунчилик қилиши ва қон тўкишини билганлар, айни чоғда, улар фаришталик табиати билан ўзлари айтиб турган тасбеҳу ҳамдларни ва қилиб турган улуғлашларни ушбу махлуқотларнинг яратилиш мақсади деб билганлар. Аммо Аллоҳнинг илми бошқа, фаришталар буни билмайдилар. Шунинг учун ҳам:

Мен сиз билмайдиган нарсани биламан”, деди Аллоҳ таоло.

Яъни одамлардан баъзиларининг бузғунчилик қилиши ёки қон тўкиши ер юзида халифа яратиш иродасига тўсиқ бўла олмайди. Шунингдек, фаришталарнинг тасбеҳ ва ҳамд айтиб, Аллоҳни ҳамиша улуғлаб туришлари ҳам У Зотни улардан бошқа мавжудотни яратишдан тўса олмайди.

 

(“Тафсири Ҳилол” китобидан)

   Давоми бор...


Киритилган вақти: 02/10/2019 14:06;   Кўрилганлиги: 3219
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/islam/ayahs/baqara-surasining-30-oyati-tafsiri
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 16:34
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг