Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ХОТИРА МУҚАДДАСДИР

 
 

Ҳар қайси халқ миллий қадриятларини ўз мақсад муддаолари, шу билан бирга, умумбашарий тараққиёт ютуқлари асосида ривожлантириб, маънавий дунёсини юксалтириб боришга интилар экан, бу борада тарихий хотира масаласи алоҳида аҳамият касб этади”.

И.Каримов

Аллоҳ таоло одамзотни барча жонзотлар ичида энг азизу мукаррами, сарвари этиб яратди. Шундай юксак шарафга муносиблиги учун ҳам, инсоният доимо эъзоз-эҳтиром этиб келинган. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай баён қилинади:

“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) миндирдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик. (Ал-Исро, 70-оят)

Бу эҳтиром у вафот этгач ҳам давом этади. Шу сабаб инсон оламдан ўтганда иззат-икром билан жаноза ўқилиб, қабрга дафн этилади. Қабр атрофига гуллар экилиб, обод қилинади ва зиёрат этилиб марҳумлар ҳаққига дуои хайрлар қилиб турилади.

Пайғамбар алайҳиссалом ҳадиси шарифларида “Бу бунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”, деб марҳамат қилганлар.

Шу боис марҳумларнинг ҳаёт даврида қилган яхши амалларини эслаб, ёдга олиш лозим бўлади. Ўтган аждодларимиз хотирасини доимо эсга олиб бизларга қолдириб кетган бой маданий-маърифий меросларини ўрганиб, ҳаётимизга тадбиқ этмоқлигимиз лозимдир.

Юртимиз истиқлолга эришгандан сўнг 9-май – “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида ҳар йили кенг нишонланмоқда. Бу кун нафақат она-ватанимиз келажаги йўлида қурбон бўлганларни ёдга олиш, балки юрт ободлиги, халқ фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилган, ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшган барча фахрийларимиз, табаррук отахон ва онахонларимизга чексиз ҳурмат, иззат-икром кўрсатиш, уларни эъзозлаш ва қадрлаш кунидир.

Умумий инсоний қадриятлардан бири хотирлашдир. Шу боис ўтганларни эслаш, тирикларни қадрлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Чунки инсон ўтмиш аждодларини эсга олиш билан қандай халқ вакили эканлигини яна бир бор дилдан ҳис этади. Қалби ғурур, ифтихорга тўлиб ҳаёт ўткинчи эканлигини ва бу ўткинчи ҳаётда ўзидан яхши ном қолдириш, фақат яхшилик ва эзгу амаллар қилиш лозимлигини теран англайди.

Муқаддас динимизда иймон, ихлос билан қилинган солиҳ амалларнинг савоби ўтганларнинг руҳига бағишланса, иншаоллоҳ марҳумларнинг руҳлари шод бўлиши таъкидланади.

Ривоят қилинишиича, бир йигит Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб, онасининг вафот этганини айтади ва: "Нима қилсам онамнинг руҳини шод этган бўламан?”-деб сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам: “Қудуқ қазиб, сув чиқар”,- дедилар. Шундан сўнг йигит қудуқ қазиб сув чиқарди ва “Бунинг савобини онамга бағишладим”,-деди. (Имом Ҳоким ривояти).

Биздан аввал ўтган аждодларимизга қилаётган эзгу амалларимиз ҳам кўрсатилар экан. Ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар:

“Сизларнинг қилаётган амалларингиз қабрида ётган қариндошларингизнинг руҳига кўрсатиб турилади. Агар яхши амал қилиб юрган бўлсангиз хурсанд бўлиб, руҳдошлари олдида фахрланадилар. Бордию гуноҳ ишлар қилиб юрган бўлсангиз, ранжийдилар ва: "Эй Аллоҳим, бизларни ҳидоятга бошлаганингдек, фарзандларимизни ҳам тўғри йўлга солмагунингча уларнинг жонини олмагин", деб дуо қилиб турадилар.

Аждодларимиз бизнинг ҳақимизга дуои хайрлар қилар эканлар, ўз ўрнида биз ҳам уларни хотирламоғимиз, ҳақларига дуолар қилиб, қабрларини зиёрат этсак мақсадга мувофиқ бўлади.

Юртимизни обод этиб, хайрли-эзгу ишларда бардавом бўлсак, албатта марҳумларнинг руҳларини шод қилган бўламиз.

Парвардигор ўтган барча аждодларимиздан рози бўлиб, ўз раҳматига олсин. Руҳлари шод, охиратлари обод бўлсин.


Киритилган вақти: 13/04/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3656
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/xotira-muqaddasdir
Чоп этилган вақт: 08/11/2024 16:13
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг