Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ВАТАН ҲИМОЯСИ МУҚАДДАС БУРЧ

 
 

Мустақиллик – халқимизнинг улкан ютуғидир. Истиқлол - ўз тақдирига эгалик қилиш ҳуқуқи, маънавий қадриятлар ва миллий анъаналарга таяниб яшаш ва юртимиз бойликларидан халқимиз ва Ватанимиз манфаатлари йўлида фойдаланиш имконияти эканлигини бугунги кунда барчамиз англаётган ҳақиқатдир. Истиқлол сабаб миллий ўзлигимиз, миллий қадриятларимиз қайтадан тирилмоқда. Ана шундай юксак қадриятларимиздан бири – Она Ватанга, туғилиб ўсган заминга нисбатан меҳр туйғунинг шаклланишидир.

Дарҳақиқат, инсондаги азалий ва абадий, маънавий ва ахлоқий қадриятлардан бири Ватанпарварлик – инсонпарварлик, илмсеварлик, миллатпарварлик, тўғрисўзлик, вафодорлик, Ватанга муҳаббат каби ҳисларни ўзида мужассам этади. Зеро, ҳар бир инсонни туғилиб, ўсиб-улғайиб камолга етмоғи учун осойишта бир макон – Ватан керак.

Халқимиз тинчликни юксак қадрлайди, шунинг учун ота-боболаримиз дуога қўл очса, даставвал тинчлик-омонлик, хотири жамлик тилайди. Тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг сабабчиси ҳам осойишталикдир. Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи васаллам) ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг улуғ неъмат эканлигини таъкидлаб шундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир”.

Барчамизга маълумки, барча тараққиётлар – хоҳ иқтисодий, хоҳ маънавий, хоҳ ижтимоий, хоҳ илмий тараққиёт бўлсин, унинг негизида тинчлик туради. Шу сабабдан, тинч, осойишта макон, солиҳ жамият ва албатта озод, қудратли Ватан ҳамда фаровон турмушда умр гузаронлик қилиш ҳар бир инсоннинг орзуси. Аммо, бу орзу ўз-ўзидан амалга ошадиган нарса эмас. Ватанимиз фуқароларини ҳар бирини бундай орзусини амалга оширмоқ учун юртимиз сарҳадларини дахлсизлигини таъмин этиб турган фидойи касб эгалари борки, уларнинг оғир ва машаққатли меҳнатлари эвазига бугун юртимизнинг тинчлиги, турмуш фаровонлиги, бу заминда яшаётган ҳар бир инсон манфаати тўлиқ таъминланган. Шаҳару қишлоқлар, маҳаллаю кўчалар, ҳовли ва уй-жойларимизни, ўқув юртларимиз ва иш жойларимизни пок-озода ҳамда обод ва гўзал қиёфада бўлиши турмушимиз ободлигининг исботидир.

Дарҳақиқат, тинчлигимиз, осойишталигимиз, баракали меҳнат қилишимиз, фарзандларимиз ўсиб-улғайишлари, комил инсон бўлиб етишишларида, шубҳасиз Ватан ҳимоячиларининг ўрни, шижоати ва жанговар руҳи беқиёсдир. Қалби Ватанга муҳаббат ҳисси билан нурафшон ўғлонларимиз юртимиз сарҳадларини кеча-ю кундуз сергаклик билан қўриқламоқдалар. Уларнинг бу бедорликлари нақадар савобли иш экани ҳақида жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлар:

عَيْنَانِ لَا تَمَسُّهُمَا النَّار : عَيْنٌ بَكَتْ في جَوفِ الْلَّيْل خَشِيْةً لِلَّهِ وَعَيْنٌ بَاتَتْ تَحْرُسُ فِي سَبِيلِ اللهُِ. رواه الترمذى

яъни: “Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб, мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди”. Имом Термизий ривояти.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам бошқа бир ҳадисларида эса бундай деб марҳамат қиладилар:

مَنْ رَابَطَ يَوْمًا اَوْ لَيْلَةً فىِ سَبِيلِ اللهِ كَانَ لَهُ أَجْرُ صِيَامِ شَهْرِ وَقِيَامِهِ

وَمَنْ مَاتَ مُرَابِطاً جَرَى لَهُ مِثْلُ ذلِكَ الْأَجْرِ وَاُجْرِىَ عَلَيْهِ الرِّزْقُ وَاَمِنَ مِنَ الْفَتَّانِ "

яъни: “Кимки Аллоҳ таоло йўлида бир кун ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимки сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам худди шундай ажру-савоб мукофоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилиб, барча фитналардан омонда бўлади”. (Имом Насоий ривояти.)

Ватан ҳимоячиси бўлиш янада шарафли бурч бўлса, юртнинг тинчлиги ва хафвсизлиги учун курашиш эса юртимизнинг ҳар бир фуқаросининг бурчидир.

Ёшлар қалбида миллий ва диний қадриятлар асосида “Ўзбекистон-ягона Ватан” деган тушунчани шакллантириб, ёшлар тафаккурида ўзликни англаш, тарихий хотирага садоқат, муқаддас қадриятларни авайлаб-асраш, ватанпарварлик каби ҳис-туйғуларни камол топтириш, мутеълик, лоқайдлик, бефарқлик каби иллатлардан поклаш бугунги куннинг энг устивор вазифаларидан ҳисобланади.

Ёшларни ватанпарвар ва миллатпарвар қилиб тарбиялаш миллий ғоямиз мафкураларидан бўлиб, “Миллий истиқлол ғояси” тамойиллари – миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат; эркинлик ва бунёдкорлик ғоялари устуворлиги; ватанпарварлик ва инсонпарварлик; бой маънавий ва маданий меросни авайлаб-асраш ва келажак авлодга етказиш; ҳамкорлик ва дўстлик алоқалари; мамлакатда фуқаролар ва миллатлараро тотувлик; ижтимоий барқарорлик, халқ фаровонлиги ва шу каби бошқа миллий ва умуминсоний ғояларга асосланган. Юртимиздаги бугунги тинч ва осойишта, бунёдкор ҳаёт, барқарор тараққиёт бундай ёндашувнинг нақадар тўғри бўлганини ва узоқни кўзлаганини тасдиқлаб бермоқда.

Ёшларимиз онги ва руҳиятига салбий ва кескин таъсир қилувчи ҳар қандай воситаларга қарши уларда аввало иммунететни ҳосил қилишимиз энг долзарб ишлардан бири ҳисобланади. Бу ўринда оила баркамол авлод пойдевори ҳисобланади. Шундай экан, оилада фарзандларни аҳлоқий- ҳуқуқий жиҳатдан тарбиялаш, айниқса, адолат, бурч, ватанпарварликни шакллантириш, она ватанни севиш ҳиссини уйғотиш ўта муҳим ҳисобланади.


Киритилган вақти: 14/01/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2992
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/vatan-himoyasi-muqaddas-burch
Чоп этилган вақт: 16/04/2024 20:53
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг