Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ТОЗАЛИККА ЭЪТИБОР-КЕЛАЖАККА ЭЪТИБОР

 
 

Охирги йилларда шаҳримиз гуллар шаҳрига айланиб улгурди. Ҳар қадамдаги турфа хил гуллар кишининг кўзини қувонтириб, қалбини яйратади. Кўчаларимиздаги тозалик, озадалик чирой очиб турган гуллар билан уйғунлашиб шаҳримиз кўркига кўрк қўшиб туриши кишини беихтиёр ўзига жалб этади. Қайси жойда поклик, гўзаллик хукмрон бўлса, ўша жойда қут барака бўлади. Қуръони каримда: "Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севар", - деб марҳамат қилинган.

Пайғамбаримиз (с.а.в) бир хадисларида: "Пок бўлинглар, зеро Ислом пок диндир ва фақат пок кишиларгина жаннатга кирур", - деб марҳамат қилганлар. Демак ҳар бир мусулмон яшаб турган жойида покликка, тозаликка амал қилмоғи, гўзалликка интилиб яшамоғи лозим экан. Жойларда ободонлаштириш ишларига холис ўз хиссамизни қўшишимиз, ватанимизнинг гуллаб яшнашига хисса қўшишимиздир. Ватан она каби муқаддас, ҳеч бир нарсага алмашмайдиган, ҳеч бир нарсага тенгламайдиган макондир.

Мустақиллигимизнинг 25 йиллик тўйига тўёна сифатида хонадон аҳли ўз ҳавли атрофини, ташкилотлар эса, ишхона атрофини гулзорларга айлантирсак Ватанга бўлган муҳаббатимизни яна бир бор кўрсатган бўламиз. Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадиси шарифда: "Хайирли бир ишга йўл кўрсатиб, сабабчи бўлганга, ўша хайрли ишни бажарганнинг савобича мукофат берилади", - деб марҳамат қилганлар. Хаётий тажрибага эга бўлган кексаларимиз ёшларни қаватига олиб хайрли ишларга бош бўлсалар, дуогўй бўлиб турсалар, панду-насиҳатларини аямасалар нур устига нур бўлар эди. Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари кечалари туриб кўчага чиқиб нимаики инсонларга озор берадиган нарсалар йўлда ётган бўлса уларни йўлдан олиб тозалаб чиқар эканлар. Бобокалонимизнинг ана шу иши маҳалласига, туғилиб ўсган юртига, ватанига бўлган меҳр-муҳаббатининг изҳори эмасми? Биз ҳам бу зотлардан ўрнак олиб яшаб турган жойларимизни доимий равишда тозалигини назорат қилсак, покиза сақласак, келгуси авлодга ўрнак бўлсак ватан равнақи учун улкан ҳисса қўшган бўлар эдик.

Тозаликка эътибор – келажакка эътибордир. Келажак авлодларимиз соғ-омон бўлиши учун бизлар бугундан қалбимиздаги покликка, ташқи кўринишимиздаги покликка, ҳовлимиздаги покликка, теварак атрофимиздаги покликка жиддий эътибор қаратишимиз керак. Аллоҳ таоло барчаларимизни тўғри ҳидоят йўлида бардавом бўлишимизни насиб этсин. Гуллаб яшнаётган Ватанимизга кўз тегмасин. Тозалик ва поклик бизнинг кундалик шиоримиз бўлсин.


Киритилган вақти: 02/08/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 2150
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/tozalikka-etibor-kelajakka-etibor
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 12:37
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг