“Суннат” ҳақида қисқача таъриф
“Суннат” сўзи араб тилида “тариқат”, яъни “маънавий йўл” деган маънони англатади. “Фалончининг суннати” дегани “унинг ҳаётий йўли” демакдир. Шундан келиб чиқиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, деганда у зотнинг тариқатлари, йўллари тушунилади.
Суннат муҳаддислар истилоҳида қуйидагича таърифланади:
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган гап, иш, тақрир, халқий (тана тузилиши), ахлоқий сифатлар ва таржимаи ҳолга тегишли маълумотлар “суннат” дейилади”.
Ўз-ўзидан маълумки, Суннат – Ислом ва мусулмонлар учун ғоятда муҳим манба. Чунки у Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг гаплари, ишлари, маъқуллашлари, халқий, хулқий сифатлари ва таржимаи ҳоллари мажмуасидан иборатдир.
Қуръони Каримнинг тафсирини ҳам ўша Суннатдан ўрганамиз. Чунки Қуръоннинг биринчи ва бош тафсирчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.
Қуръони Карим бош дастур сифатида умумий ҳолда амр қилган ишларнинг тафсилотини ҳам Суннатдан топамиз. Мисол учун, Аллоҳ таоло Қуръонда намоз ўқишга амр қилган. Лекин ўша намозни қандай ўқишни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам батафсил айтиб, кўрсатиб берганлар. Яна кўплаб умумий йўналиш ва қоидалар Қуръонда зикр этилиб, ўша асосда шариатнинг бир мунча ҳукмлари Суннат ила собит бўлган. Демак, Суннат Ислом шариатида Қуръони каримдан кейинги иккинчи манба ҳисобланади.
Суннат-ҳадис, яъни ҳадиси қудсий эса маъноси Аллоҳдан, лафзи Пайғамбардан бўлган ваҳийдир. Дин-диёнат, шариат ва бошқа маъноларда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз шахсий фикрларини эмас, Аллоҳнинг ваҳийсини ўз иборалари билан тақдим этганлар. Аллоҳ таоло у зоти бобаракот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васфларида:
“У ҳаводан нутқ қилмас. У (Қуръон) юбориладиган ваҳий, холос”, деган (Нажм сураси, 3–4-оятлар).
Пайғамбаримизнинг муборак оғизларидан чиққан ҳар бир сўз, ўзларидан содир бўлган ҳар бир ҳаракат шариат ҳукми, ўрнак, шахсий мисол, ҳикмат, насиҳат ва кўрсатма сифатида қабул қилинган.
Ҳанафий мазҳаби уламолари суннатни уч даражага бўлганлар:
- Суннати муккада, яъни таъкидланган суннат. Бунга мисол, жамоат билан намоз ўқиш. Бу даражаги суннат вожибдан кейинги ўринда туради.
- Суннати машруъа – душанба, пайшанба кунлари рўза утиш ва шунга ўхшаш амаллар.
- Суннати зоида – емоқ-ичмоқ, юриб-турмоқ, ухлаш каби ишларда у зотга иқтидо қилиш.
Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам“Умматимнинг барчаси жаннатга кирар, лекин бош тортганларигина кирмас” – дедилар.
Одамлар: “Эй Аллоҳнинг Расули, ким бош тортади?!” – дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга итоат қилса жаннатга киради, ким менга осий бўлса, батаҳқиқ бош тортган бўлади” – дедилар (Бухорий ривояти).
Демак, Пайғамбар с.а.в.га итоат қилиш, у кишининг суннатларини маҳкам тутиш билан бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламсуннатларига амал қилмаган одам эса, у кишига осий бўлади.
Зафар МАҲМУДОВ, Самарқанд шаҳар “Хўжа абду Дарун” жоме масжиди имом хатиби. (Манбалар асосида тайёрланди).
Киритилган вақти: 04/10/2019 16:35; Кўрилганлиги: 1317
Чоп этилган вақт: 18/09/2024 01:17