Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ичкиликка қарши фармони
“Бу орзу ва бу осойишталик тўла-тўкс охирига етгандан кейин, олам бўйсуниши лозим бўлган фармон ижро шарафига эришдики, тинч сақланган мамлакатда (худо офат ва хавфлардан омон қилсин) мутлақо ҳеч бир киши ичкилик ичишга уринмасин, уни ҳосил қилишга тиришмасин, ичкилик ясамасин, сотмасин ва олмасин, ўзида сақламасин, элтмасин ва келтирмасин: Ичкиликдан қочинглар, шоядки нажот топсанглар.
... Подшоҳнинг меҳрибонлигига сиғинган турк, тожик, араб, ажам, ҳинди, форсий фуқаро ва сипоҳ – бутун миллатлар, ҳамма инсон тоифалари бу мангу бахшишга суяниб, умид тутиб, абадийликка бириккан давлатимиз дуосига машғул бўлсинлар ва бу ҳукмлар ижросидан ташқари чиқмасинлар ва бурилмасинлар, фармонга мувофиқ иш олиб борсинлар.
Бу ҳукм улуғ подшоҳ имзоси билан етишса, эътимод қилсинлар.
Амри олий билан 932 йил 24 жумадул-аввалда ёзилди”.
Ушбу жумлалар Заҳириддин Муҳаммад Бобур томонидан 1525 йилда Ҳиндистоннинг забт этилиши шарафига ичкиликни ман қилиш ҳақида берган олий фармондан келтирилган парча.
Ҳинд салтанатини забт этган улуғ ҳукмдор ушбу фармон шукронасига мусулмон савдогарларни тамға солиғидан озод этган.
Ўз даврида мазкур фармон гуноҳдан сақланиш, ичкилик, маишат туфайли давлат бошқарувида ноҳақлик, адолатсизлик ва тартибсизликлар келиб чиқишининг олдини олишга хизмат қилган.
Манба:Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА
Киритилган вақти: 13/02/2020 13:10; Кўрилганлиги: 1451
Чоп этилган вақт: 09/11/2024 02:59