Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

Ён қўшним-жон қўшним

 
 

Инсоннинг яхши-ёмон кунида қўни-қўшни асқотади. Халқимизда “Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши” деган нақл бор. Шунинг учун маҳалладаги барча йиғинларда иштирок этиш, маьрака ва маросимларда қатнашиш, беморлардан ҳол сўраш, муҳтожлардан хабар олиб туриш каби ишлар кишининг фазилатини оширади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар” (Нисо сураси, 36). Ояти каримада қўшнилар икки тоифага ажратилиб, зикр қилинган; қариндош ва қариндош бўлмаган қўшнилар.

Мўмин киши дини, миллати ва насабидан қатьий назар, ҳаммага бирдек яхши муомалада бўлиши керак. Ҳадиси шарифда ҳам “Ким Аллоҳ таолога ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин” дейилган (Муттафақун алайҳ). Икки одам бир вақтда ўз уйига чақирганида уйи яқинроғиникига бориш, эҳсон ва ҳадяларни ҳам уйи яқинлардан бошлаш ҳақидаги ҳадислар ҳам инсонларни қўшниларга яхши муносабатда бўлишга чақиради. Айниқса, байрам кунлари қўшнилар бир-бирига ҳадялар улашиши ораларидаги меҳр-муҳаббатни янада зиёда қилади. Халқимизнинг гўзал одатларидан бири - ҳайит кунлари қўни-қўшнилар бир-бирига ош улашади. Аслида бу арзимас нарсадек туйилар, аммо доно халқимиз мана шу кичик бир иш билан ҳам қўшнилар ораси қанчалик мустаҳкам ришта, меҳр-оқибат пайдо бўлишини билганлар.

Қўшниларга яхшилик қилиш борасида Имоми Аьзам (раҳматуллоҳи алайҳ)дан гўзал ўрнак бор. У зотнинг қўшниси ичкиликка берилган кимса эди. Уйига ичиб келиб, бақирар, тўпалон қилар, унинг дастидан у зот оромини йўқотган эди. Бир кеча қўшнисининг овози чиқмай қолди. Тонг отгач, у зот қўшнисини суриштирди. У мастлиги сабаб қамалганини билгач, волий ҳузурига борди ва уни қамоқдан озод қилди. Бирга қайтиб келишар экан йигит “Мени қутқардингиз. Аллоҳ сизга ажрр берсин!”, деди. У ўша кундан бошлаб ичкиликни ташлади.

Аллоҳ ҳаммамизга слоиҳ қўшни насиб этсин.

Адулҳамид НОРБЕКОВ - Каттақўрғон шаҳар “Машраб” жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 20/11/2019 12:02;   Кўрилганлиги: 1312
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/society/yon-qoshnim-jon-qoshnim
Чоп этилган вақт: 09/11/2024 02:17
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг