Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

ФИТНАЛАРДАН ОГОҲ БЎЛИНГ!

 
 

Мамлакатимизда илмий-маърифий, ижтимоий-иқтисодий йўналишларда, шу каби диний соҳада ҳам кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Кўп миллатли халқимиз миллатлараро ва динлараро бағрикенглик тамойиллари асосида тинч ва тотув ҳаёт кечирмоқдалар. Фуқаролар виждон эркинлиги қонуний кафолатланган диёрда ўзларининг ибодатларини эмин-эркин адо этиб турганлари, яратилган имкониятлардан мамнун эканликлари ҳеч кимга сир эмас. Шундай бўлсада, баъзи бир ҳасадгўй кимсалар халқимиз орасида норозилик кайфиятини уйғотиш мақсадида, фитна чиқариш илинжида турли-хил уйдирмаларни оммавий ахборот воситалари орқали тарқатишдан ўзларини тиймаяптилар. Кўпчиликнинг хабари бор, 2019 йил 25 март куни ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий иш қоғоси нусхасига ёзилган бир нечта шахслар тўғрисидаги сохта маълумот тарқатилди. Унда келтирилган маълумотлар ва ёзувларнинг барчаси қалбакидир.

Бу каби асоссиз уйдирма хабарларни тарқатишдан мақсад Ўзбекистондаги диний соҳада олиб борилаётган ижобий ўзгаришларни ёмонлаб кўрсатиш ва мўмин-мусулмонлар орасига ишончсизлик уруғини сочишдан ўзга нарса эмас. Бу каби ёлғон уйдирмаларга алданиб қолмаслигимиз зарур. Ислом уламолари умматни турли фитналардан сақланиш ҳақидаги чора ва тадбирлар ҳақида тўхталиб шундай деганлар:

“Уммат ичидаги насиҳат қилувчиларга, улуғларга ва масъулларга яқин бўлиб, улар атрофида жипслашиш, хусусан фитна ўринларида улардан асло узоқлашмаслик зарур. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Ҳазрати Расул акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Барака улуғларингиз билан биргадир”.

Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига ақл билан теран назар ташлайди, келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарни олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади.

Бундай ёлғон хабарларни тайёрлаш ва тарқатиш қонун билан тақиқланади, Ислом динида эса қаттиқ қораланади.

Аллоҳ таоло ҳаммамизни тўғри йўлга бошласин!

ЎМИ Самарқанд вилоят вакилилиги


Киритилган вақти: 26/03/2019 00:00;   Кўрилганлиги: 1526
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/society/fitnalardan-ogoh-boling
Чоп этилган вақт: 13/04/2024 14:56
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг