БАДАНГА СУВРАТ ЧИЗИШНИНГ ОҚИБАТИ
Яратган зот томонидан инсонга берилган неъматларни санаб адоғига етолмайсиз. Аллоҳ таоло ўзининг каломи шарифида шундай марҳамат қилади: “Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик (улуғладик)”, “Дарҳақиқат Биз инсонни энг гўзал шаклу шамойилда яратдик”. Парвардигори олам инсонни гўзал сувратда бенуқсон яратиб, уни мукаррам қилди, яъни бошқа махлуқотлари ичида азиз қилиб қўйди. Инсон учун неки зарур бўлса, унинг жисми ва атрофида муҳайё қилди. Бунинг эвазига эса биздан арзимаган нарса – шукр айтишни, ибодатни талаб қилди холос.
Аммо, бу бандаси ношукр экан. Баъзан кўча-кўйда ўзига берилган неъматларга ношукрлигини ўз жисмида зоҳир қилган кишиларни кўриб қоламиз. Гап нима ҳақда бораётганлигини сезган бўлсангиз керак. Баданга игна билан суврат чизиш – татировка, бунга бизнинг муқаддас динимиз қандай қарайди. Шариати Ислом баданга турли нарсаларнинг сувратини чизишни хоҳ игна билан бўлсин, хоҳ бошқа чизадиган асбоб билан бўлсин қатъиян ман этади ва бу амал кечирилмас гуноҳлардан бири ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Нисо” сурасида шундай марҳамат қилади:
“Аллоҳ уни (Шайтонни) лаънатлади. (Шунда) у деди: “Қасамки, бандаларинг орасидан ўзимга тегишли насибани албатта оламан. Ва уларни йўлдан оздираман, хомхаёлларга мубтало қиламан, буюрсам улар чорваларининг қулоқларини кесадилар, буюрсам Аллоҳ яратган нарсаларни ўзгартириб-бузадилар”. Кимки Аллоҳни қўйиб, шайтонни дўст тутса, бас, у очиқдан-очиқ зиён қилибди”. (118,119).
Мазкур оятдаги “Аллоҳнинг яратган нарсаларини ўзгартириш”ларидан мурод —аёлларнинг зийнат учун қош теришлари, соч улашлари, баданга игна билан суврат чизиш каби нарсаларни англатади ҳамда бу каби нарсаларни қилувчилар шайтоннинг буйруғини бажарувчилар ва унга дўст бўлганлар эканлиги уқтирилмоқда.
Имом Бухорийнинг “ас-Саҳиҳ” ҳадислар тўпламида Абдулллоҳ ибн Масъуддан шундай ривоят қилинади: Пайғамбар с.а.в.: “Баданига игна билан суврат чизувчи аёл ва чиздирувчига, соч улайдиганни ва улатадиганга, ҳусн учун тишларининг орасини очувчига ва Аллоҳ (бандасида) яратган нарсаларни ўзгартирувчига Аллоҳ таолонинг лаънати бўлсин”,-дедилар.
Жоҳилият даврида араб аёллари қошларини тердириб, унинг ўрнига қора сиёҳга ботирилган игна билан сунъий қошлар чизганлар. Уларнинг ҳукми ҳақида сўралганда Пайғамбаримиз с.а.в. уларнинг барчасини лаънатлаб, мазкур ҳадисни айтганлар:
“Абдуллоҳ ибн Масъуд айтади: Аллоҳнинг Пайғамбари лаънатлаган кимсага мен нечун лаънат айтмайин?”.
Дарҳақиқат, Пайғамбар қарғаган кишига ким шафқат кўрсатади? Аллоҳнинг амри қолиб шайтон буйруғини бажарган, уни ўзига дўст тутган кишига паноҳ бўладиган кимса борми? Албатта йўқ!
Аммо юқоридаги ҳадис фақат аёлларга тегишли бўлмасдан, ундан олинадиган умумий ҳукм эркакларга ҳам тегишлидир, чунки ҳадиснинг охирида “Аллоҳ (бандасида) яратган нарсаларни ўзгартирувчи” деган умумий ибора бордир. Ҳадисдаги айнан мана шу жумла баданга турли сувратларни чизиш Ислом дини ақидасига ёт амаллардан бири эканлигини кўрсатади.
Юқорида зикр қилинган оят ва ҳадислардан хулоса қилган ҳолда айтиш мумкинки, баданга турли хил шаклларни чизиш ва чиздириш катта гуноҳлардан биридир.
Бу амаллар нафақат Яратганга хуш келмайди, балки, миллийлигимиз ва урф-одатларимизга ҳам зиддир. Бу амаллар натижасида киши соғлигига жиддий путур етиши ҳам мумкин. Бу табибларимиз эътиборига ҳавола қилинадиган алоҳида масала.
Демак, аҳвол шу экан, на миллийлигимизга ва на динимизга тўғри келадиган, иймонимиз ва жисмимизга зарар келтиришдан бошқа нарсага ярамайдиган бундай манфур, шайтоний амалдан биз ўзимизни ва бошқаларни сақлайлик!
Нодир Қобилов, Имом Бухорий Халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,
Пайариқ туман “Соғиш ота” жоме масжиди имом хатиби
Киритилган вақти: 23/10/2019 17:25; Кўрилганлиги: 1473
Чоп этилган вақт: 12/10/2024 14:40