ШАЙХ ХУДОЙДОД ВАЛИЙ
Биз доимо буюк аждодларимиз, улуғ алломаларимиз ва авлиёларимиз билан фахрланамиз. Лекин ҳар-доим ҳам “Бу улуғ зотлар қандай қилиб бундай даражага эришди?” деган саволни ўзимизга бермаймиз. Буюк олимлар, азиз авлиёлар ҳам онадан туғилган. Ўзларининг саъй-ҳаракати билан улуғ мақомларга эришади.
Қурони Каримнинг Юнус сураси 62-оятида марҚамат килинади: “Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар”. Ана шундай Аллоҳнинг дўстларидан бири Шайх Худойдод Валийдирлар. У киши 866 ҳижрий (1461-1462 милодий) йилда Навоий вилоятига қарашли Кармана тумани Саранж қишлоғида туғилган. Ёшлигидан илму-ирфонга ошно бўлган. Шариат илимларини пухта эгаллаб, етук олим даражасига кўтарилган. Форсий ва турк тилларида ғазаллар битиб, халқни маърифатга дават этган. Кейинчалик у кишининг кароматлари ўз замонасининг подшохларигача етиб борган. Шайбонийхон, Жонибек Султон, Бобур Мирзо каби ҳукумдорлар у кишини ўзларига устоз деб билиб, маслаҳатларига амал қилишган.
Шайх Худойдод Валийнинг шогирдларидан бирининг айтишича, “У кишининг ахлоқлари ниҳоятда гўзал эди, барча кишилар-қул ва озод, турку-форс, арабу-ажам у кишининг наздида баробар эди. Ҳамма у кишига шарафлар ва эҳтиром кўрсатар эди. У киши ўар йили ариқ қазиб, ташландиқ ерларни яроқли ҳолатга келтириб, экин экар эдилар. Йиғим терим пайтида ҳосилни бировга топшириб, муҳтож фуқороларга тарқатар эдилар.
Шайх Худойдод Валий кароматлари зоҳир бўлган авлиё зот эдилар. Элликдан зиёд шогирдларини камолот мақомига етказиб тарбия қилганлар.
Шайх Худойдод Валий 939 ҳижрий (1532-милодий) йилда вафот этган. Самарқанд вилояти Жомбой тумани, Ғазира қишлоғида дафн қилинганлар. Кейинги йилларда у кишини муборак мақбаралари давлатимиз томонидан обод қилинди. Ҳозирги вақтда файзли бир зиёратгоҳга айлантирилган.
Анвар НАЗАРОВ – Каттақўрғон шаҳар “Мухаммад Нақиббек” жоме масжиди имом хатиби
Киритилган вақти: 30/10/2019 14:18; Кўрилганлиги: 1177
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 22:01