Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
1952 йили Андижон вилоятининг Булоқбоши қишлоғида туғилган. Ўрта мактабда ўқиш билан бирга отаси Муҳаммад Юсуф ҳожидан диний таълим олди. Бухородаги “Мир Араб” мадрасаси, Тошкентдаги Ислом олий маъҳадини битириб, “Совет шарқи мусулмонлари” журналида ишлади.
1980 йилгача Ливиядаги “Ад-даъватул Исломия” олий ўқув юртида ўқиди. Кейин Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси халқаро алоқалар бўлимида, кейинчалик Тошкент ислом олий маъҳади мудирининг ноиби, 1983 йилдан эса олий маъҳад ректори бўлиб ишлади. 1989 йил Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг тўртинчи қурултойида диний идора раиси, муфтий этиб сайланди. Шу вазифада 1993 йилгача ишлади. У бир неча Ислом халқаро ташкилотлари ҳайъатининг аъзоси. Олти жилдли “Тафсири Ҳилол”, кўп жилдли “Ҳадис ва ҳаёт”, “Имон”, “Сунний ақидалар”, “Одоблар хазинаси”, “Васатия – ҳаёт йўли”, “Руҳий тарбия”, “Мухтасари виқоя” шарҳи, “Кифоя”, “Зикр аҳлидан сўранг” каби кўплаб китоблари, таржимлари нашр этилган.
Манба:"Ўзбекистон мусулмонлари идораси" китоби, 15-бет.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги
Киритилган вақти: 12/10/2019 15:58; Кўрилганлиги: 1847
Чоп этилган вақт: 14/09/2024 06:39