Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

САВОБ ИШНИ ҲАР КИМ, ҲАР КУНИ ҚИЛИШИ КЕРАК

 
 

Истиқлол йилларида серқуёш диёримизда миллий ва диний қадриятларимиз қайта тикланди. Мустабид тузум даврида омборхоналарга айлантирилиб деярли ташландиқ ҳолга келиб қолган масжидлар қайта тикланиб эҳтиёжга яраша янгилари қурилиб замон талаблари асосида жиҳозланмоқда. Асосий қонунимизда виждон эркинлиги кафолатлаб қўйилди. Ҳоҳловчилар учун муборак ҳаж ва муборак умра зиёратларига шароитлар яратилди. Диний адабиётлар нашри йўлга қўйилиб пайдар-пай чоп этилиб турилибди.

Муборак Рамазон ҳайити, Қурбон ҳайити кунлари дам олиш кунлари деб эълон қилинди. Бу байрамларнинг халқимиз томонидан юқори кайфиятда нишонланиши учун давлатимиз керакли барча чора-тадбирларни белгилаб ғамхўрликлар кўрсатиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 1 июндаги ПҚ-2538 сонли “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида” ги қарори, ҳамда шу қарор ижросини таъминлаш юзасидан вилоят ҳокимлигининг 2016 йил 6 июндаги № 06/3-322 сонли йиғилиш қарорларининг қабул қилиниши юқоридаги фикримизнинг ёрқин далилидир.

Дарҳақиқат, яқиндагина ойларнинг саййиди, сарвари, ўн бир ойнинг султони, Аллоҳ таолонинг муқаддас каломи нозил бўлган ой – Моҳи Рамазонда Аллоҳ ато этган неъматлардан баҳраманд бўлдик. Яратганнинг ўзига беадад шукроналаримиз бўлсинки, ушбу ойни тинчлик-осойишталикда, хотиржамликда ўтказдик. Бу ойнинг ҳар бир лаҳзасини ғанимат билиб, эзгу амалларни адо этишга ҳаракат қилдик. Чунки Аллоҳ инсон зотини азизу мукаррам қилиб яратди. Унга ақлу-идрок берди, ақидаси соф, қалби пок, жисми тоза бўлишини илоҳий таълимоти орқали билдирди, ҳатто мол-дунёси ҳам пок ва баракали бўлиши учун унга закотни фарз қилди.

Дарҳақиқат, қайси жамият бўлса ҳам унда кам таъминланган, ижтимоий жиҳатдан кўмакка муҳтож, жисмоний имконияти чегараланган тойифадаги кишилар учрайди. Унда ижтимоий адолатни барпо этишда закотнинг ўрни шубҳасиз, муҳимдир. Буни барча тадбиркор, ишбилармон ва ишлаб чиқариш корхоналари эгалари ва бошқалар яхши билишлари зарур.

Закот бериш ва олиш кишиларда бунёдкорлик руҳини вужудга келтиради, улардан ҳаёт қийинчиликларини, изтироб ва машаққатларини кетказади, бузғунчилик, ҳасадни йўқотади. Жамият аъзолари ўртасида ўзаро раҳм-шафқат, меҳрибонлик, тенглик, адолат ва муҳаббатни юзага келтиради. Закот олган кишиларда харид қуввати ошиб, қўлларидаги маблағга бирор нарса сотиб олиш имконияти вужудга келади. Демак, закот жамиятдаги молиявий ҳолатларга ижобий таъсир кўрсатади. Кўплаб иқтисодий, моддий ва ижтимоий муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоят вакиллиги томонидан ҳомийлар ёрдамида ушбу муборак ойда ташкил этилган хайрия тадбирлари айнан шундай йўналишдаги тадбирлиги билан эътиборга моликдир. Чунончи, Самарқанд шаҳрининг Сўзангарон, Баҳор, Эски ҳазора, Махмуд Қошғарий, Мақсуд Шайхзода, Тутзор, Боғишамол маҳалларарида, Ургут туманининг 5та маҳалласида, Пайариқ туманининг Алишер Навоий ва Илғор маҳаллаларида истиқомат қилаётган кам таъминланган оилалапр оҳволидан хабар олинди. Уларга озиқ-овқат, кейим-кечак, шунингдек, “Ҳидоят” журнали, “Ислом нури” газетасининг бир неча сонлари вилоят бош имом хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Н.Темирова томонидан топширилди.

Аллоҳ барчаларимизнинг тутган рўзаларимиз, қилган хайру-эҳсонларимизни даргоҳида қабул этиб муборак Рамазон ойининг файзу футуҳидан баҳраманд айлаган бўлсин.


Киритилган вақти: 11/07/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3089
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/savob-ishni-har-kim-har-kuni-qilishi-kerak
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 17:18
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг