Саҳобалар ҳам мусобақалашар эдилар
Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: "Биз йўлда юриб борар эдик. Анcорийлардан мусобақада ҳеч енгилмаган бир киши: "Мадинагача мусобақалашувчи борми? Қани ким мусобақа қила олади?" дея бошлади. "Ҳурматли кишини ҳурмат, шарафлининг шарафини риоя қилмайсанми?" дедим. "Фақат Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламни", деди. "Эй Аллоҳни расули, ота-онам сизга фидо бўлсин! Қўйиб беринг, шу одам билан мусобақалашай", дедим. "Хоҳишинг бўлса, майли", дедилар у зот. Мадинага ундан ўзиб етиб бордим" (Муслим ва Аҳмад ривояти).
Эътибор қаратадиган бўлсак ушбу ривоятдан Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳу “ансорийлардан мусобақада ҳеч енгилмаган бир киши” демоқдалар. Бу эса саҳобаи киромлар орасида доимий равишда спорт мусобақалари бўлиб турганига далолат қилади.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: "Фарзандларингизга сузишни, отишни ва от минишни таълим беринглар", деб айтганлар ва бунинг билан ёш авлодни бадан тарбия билан шуғиллантиришга ота-оналарни тарғиб қилганлар.
Набавий меросга эътибор қаратадиган бўлсак Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг, ўзлари ҳар тарафлама комил қилиб яратилган бўлсаларда, кўплаб бадантарбияга доир амаллар билан шуғулланганларини кўрамиз. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қилади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан мусобақалашган эдилар, мен у зотдан ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг мени жисмим оғирлашганида яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва “ҳалиги билан биру бир”, дедилар" (Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилишган).
Бу, оилавий равишда бадантарбия билан шуғулланиш бўлиб, олдинги уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифнинг шарҳида: “Оишанинг ҳадисида оёқда югуриб мусобақа қилишга, маҳрам эркак-аёллар орасида мусобақа ўтказишга, бу иш виқорга, шарафга, илмга, фазлга ва ёшнинг улуғлигига номуносиб эмаслигига далил бор”, дейишган.
Муҳаммад ибн Али ибн Руконадан ривоят қилинади: "Рукона Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кураш тушди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни йиқитдилар" (Абу Довуд ривоят қилган).
Тарихдан маълумки, Рукона тенги йўқ паҳлавон, кураги ерга тегмаган кишилардан бўлган. Расулуллоҳ алайҳиссаломдан йиқилиши эса ақлини танишига, ислом динини қабул қилишига сабаб бўлган. Бу ҳадисдан мусулмон кишининг мусулмон бўлмаган киши билан ҳам спорт мусобақаси ўтказиши жоизлиги, шунингдек, спорт мусобақаси орқали яхшиликларни тарқатиш, кишиларни Исломга киритиш ҳам мумкинлиги тасдиқланади. Зеро, бугунги кундаги "спорт тинчлик элчиси" деган шиорлар ҳам бежизга айтилмаган.
Киритилган вақти: 17/10/2018 00:00; Кўрилганлиги: 1934
Чоп этилган вақт: 18/09/2024 00:30