Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Саҳобалар ҳаёти

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг ёш саркардаси

 
 

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу дунёга келганларида бутун мусулмонлар жуда хурсанд бўлишган эди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни хурсанд қилган барча нарса мусулмонларни ҳам хурсанд қилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хурсанд бўлишлари сабаби, Усома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин кишиларидан бўлган Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг фарзандлари эдилар. Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу “Ҳиббур Расул” (Расулуллоҳнинг севикли кишиси) деган лақаблари бор эди. Ўғиллари Усома розияллоҳу анҳу эса “Ибнул ҳиб” (Севиклининг ўғли) деган лақабга сазовар бўлдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усома розияллоҳу анҳунинг шунчалик яхши кўрар эдиларки, бу муҳаббатга бутун олам тўлиб кетар эди. Усома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳнинг неваралари Ҳасан розияллоҳу анҳу билан тенгдош эдилар. Бирини ўнг тиззаларига, иккинчисини чап тиззаларига ўтқазиб эркалар эдилар. Сўнг иккалаларини биргаликдан қалбларига босиб, “Аллоҳим, бу иккисини яхши кўраман. Сен ҳам уларни яхши кўр” деб дуо қилар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг у кишига бўлган муҳаббатларидан намуна: Бир куни Усома розияллоҳу анҳу эшик қиррасига пешоналарини уриб олдилар. Сўнг қон оқа бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга қонни тўхтатишликни ишора қилдилар. Оиша онамизнинг қўллари унга бора олмагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари туриб, пешоналаридаги қонни қўллари билан артдилар. У кишига ширин гапларни айтиб, овутдилар.

Усома розияллоҳу анҳу балоғатга етган пайтлар... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Румга қарши ғазотга чиқишликка амр қилдилар. Одамлар орасида Абу Бакр, Умар, Саъд ибн Абу Ваққос ва Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ розияллоҳу анҳум каби улуғ саҳобалар бор эди. Қўшинга амир этиб ҳали йигирмага ҳам тўлмаган Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳуни тайинладилар. Озгина вақт ўтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам касал бўлиб, ётиб қолдилар. Юриш эса тўхтаб қолди. Усома розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳнинг олдиларига кирдим. У зот оғриқнинг кучлилигидан гапирмас эдилар. Қўлларини осмонга кўтариб, менинг елкамга қўйдилар. Шунда билдимки, у зот менинг ҳаққимга дуо қилибдилар”.

Озгина вақт ўтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу оламни тарк этдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳуга байъат берилди. Усома розияллоҳу анҳуни ўз вазифаларида қолдирдилар. Аммо, одамлар бунга унчалик ҳам рози бўлишмади. Умар розияллоҳу анҳунинг олдиларига келиб: “Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан гаплашинг. Усомадан ёши каттароқ кишини амир этиб тайинласинлар” дейишди. Умар розияллоҳу анҳунинг гапларини эшитган Абу Бакр розияллоҳу анҳу у кишининг соқолларидан тутиб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тайинлаган кишини ўзгартираманми?” деб койиб бердилар. Умар розияллоҳу анҳу одамларнинг олдиларига бориб, Абу Бакр розияллоҳу анҳу айтган гапларни айтдилар.

Сўнг қўшин ёш йигит қўл остида ҳаракатлана бошлади. Абу Бакр розияллоҳу анҳу пиёда, Усома розияллоҳу анҳу эса уловда эдилар. Шунда Усома розияллоҳу анҳу: “Эй Расулуллоҳнинг халифаси! Келинг сиз мининг” дедилар. Шунда у киши: “Аллоҳга қасамки, тушмайсан. Мен ҳам минмайман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тутган йўлдан бир қадам ҳам ташқарига чиқмайман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буйирган ишни бажар” дедилар. Усома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча буйирган ишларини бажардилар.

Умар розияллоҳу анҳу Усома розияллоҳу анҳуни ҳар кўрганларида “Марҳамат, амирим” дер эдилар. Одамлар ажабланиб қарасалар, “Расулуллоҳ бу кишини менга амир этиб тайинлаганлар” деб айтар эдилар.

Умар розияллоҳу анҳу ўғиллари Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга: “Усоманинг отаси Расулуллоҳга отангдан кўра суюклироқ эди. Усома ҳам сендан кўра расулуллоҳга суюклироқ” деб айтар эдилар.

Аллоҳ барча саҳобалардан ва шу қатори бизлардан ҳам рози бўлсин!


Киритилган вақти: 22/11/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 2187
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/sahaba/rasululloh-sollallohu-alayhi-vasallamning-eng-yosh-sarkardasi
Чоп этилган вақт: 01/12/2024 22:26
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг