Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Расулуллоҳда мўминлар учун гўзал намуна бордир

 
 

Бугунги кунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд топган муборак кунларини хотирлаш ва ул зотнинг сийратларини ўқиб, ўрганиб ва эшитиш билан бирга бутун оламга раҳмат этиб юборилган Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг ҳаёт тарзлари, хулқ-одобларидан ўрнак олиб яшамоғимиз лозимдир.

Ислом тарихидан маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар қилиб юборилишларидан олдин ўз қавмлари орасида энг ишончли ва ҳеч ёлғон гапирмаганликларидан “Амин” ишончли, омонатдор, ростгўй номини олганлар. Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни барча мусулмонларга намуна қилиб юборган. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

“(Эй иймон келтирганлар) Сизлар учун Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қиладиган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб/21)

Мусулмон одам пайғамбаримизни ҳаётини ўрганар экан у ўзи учун ҳаётнинг барча жабҳаларидаги фаолиятида энг олий даражадаги одоб-ахлоқ намунасини кўради. Шу боис, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳақиқий уммат бўлишни истаган одам у зотнинг ҳаётларини ўрганиши ва ўзи учун намуна қилиб олиши лозим бўлади.

Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан у кишининг хулқлари ҳақида сўрашганда “Хулқлари Қуръон эди” деб жавоб берганлар. Яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги олий хулқлар билан хулқланганлар.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги барча яхши одоб ахлоқни ўзларига сингдирганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари “Мен яхши хулқларни батамом қилиш учун юборилганман” деганлар. Бошқа бир ҳадисларида эса “Киши яхши хулқи билан кундузни рўза тутиб, кечасини намоз ўқиб ўтказадиганлар даражасига етади” деганлар. Умуман, одоб-ахлоқ, яхши хулқга исломда катта эътибор берилган. Мазкур оят ҳам шулардан биридир:

“Ва албатта, сиз буюк хулқ узрадирсиз” (Қалам/4)

Бу ояти каримадаги хитоб билан Аллоҳ таоло Ўзининг маҳбуб пайғамбарининг нақадар чиройли ахлоқ эгаси эканликларини таъкидламоқда.

Бу оят тафсирини шарҳлаб Имом Аҳмад ибн Ханбал шундай ривоят қиладилар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон на қўл остидаги ходимни ва на хотинини урмаганлар. Икки ишдан бирини танлайдиган бўлсалар гуноҳ бўлмаса албатта осонини танлар эдилар. Агар гуноҳ иш бўлса ундан узоқда бўлар эдилар. Ўзлари учун ҳеч қачон интиқом (ўч) олмаганлар. Агар Аллоҳ харом қилган нарсалар содир қилинсагина Аллоҳ учун интиқом олганлар” деганлар.

Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мастура қиздан ҳам ҳаёлироқ эдилар. Қачон бир нарсани ёқтирмасалар юзларидан билар эдик”.

Бошқа бир ривоятда “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фахшчи эмас ва фахшни қилмас ҳам эдилар” дейилган. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сизларнинг яхшиларингиз ахлоқи яхшиларингиздир” деганлар. Яна бир ривоятда зикр қилинишича, “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хулқ жиҳатидан одамларнинг энг яхшиси эдилар” дейилган.

Шундай экан ҳар бир мўмин мусулмон бандаси Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибратларга, ҳикматларга, ижтимоий одобларга лиммо лим ҳаёт тарзларини ўзлаштириб, ўзининг ҳаётига татбиқ этиб яшамоқлиги нафақат ўзи учун, балки оиласи, жамияти учун ҳам хотиржамлик, фаровонлик, саодат олиб келгусидир. Зеро, ул зот алайҳиссалом инсоният батамом зулматга чўмган, жаҳолат ботқоғига ботган қайғули замонда Аллоҳнинг амри ила инсониятни ҳидоят нурига, икки дунё саодатига элтадиган тўғри йўлни кўрсатишга мушарраф бўлдилар. Аллоҳ таоло барчамизни мана шу ҳидоят йўлида собитқадам қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан гўзал намуна олиб умргузаронлик қилишимизни насиб айласин.


Киритилган вақти: 16/12/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 2970
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/rasulullohda-mominlar-uchun-gozal-namuna-bordir
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 20:52
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг