Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Рамазон Қуръон ойи

 
 

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жоҳилият зулмати қоплаган, зулм ширк, жаҳолат, куфр кенг тарқалган оғир замонда инсониятга Аллоҳнинг раҳматию марҳамати ўлароқ юборилдилар. У зотга ҳидояту фурқондан иборат бўлган очиқ ойдин пок муссафо ҳаёт йўлини кўрсатиб берувчи, Аллоҳни танитиб, башариятни Унга эриштирувчи буюк Китоби Қуръони каримни нозил қилди.

Бу билан инсониятни жоҳилият зулматидан тавҳид ва Ислом нурига олиб чиқди.

“Аллоҳдан сизларга Нур ва равшан Китоб келдики, у билан Аллоҳ ризосини топишга интилганларни (У) тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур” (Моида сураси, 15-16).

Аллоҳ таоло марҳамат қилди:

“Алиф, Лом, Ро. (Эй, Муҳаммад! Бу Қуръон) Парвардигорларининг изни билан одамларни зулматлардан нурга, яъни қудрат ва ҳамд эгасининг йўлига олиб чиқишингиз учун Сизга Биз нозил қилган Китобдир” (Иброҳим, 1).

Бу ҳидоят инсонлар ва жинлар жамоаси учун, барча замон ва маконлар учундир. Бу Китоб яратилган махлуқотларнинг ақидалари, Раббилари билан алоқаларини, унга қандай ибодат қилишлари лозимлигини, бошқалар билан муомала қилишни ва уларга ҳусни хулқни ўргатади.

Аллоҳ таоло айтади:

“Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят этур ва эзгу ишларни қиладиган мўминларга катта мукофот борлиги ҳақида башорат берур” (Исро, 9).

Аллоҳ таоло бу Китобни бир қанча исмлар билан номлаган ва бир қанча сифатлар билан сифатлаган. Булар нур, руҳ, басира, хушхабар, ҳидоят, раҳмат, мавъиза, шифо ва зикр кабилардир. Муттақинлар нафсларида унинг буюклигини ҳис этишлари учун Қуръонга бўлган эҳтиромларининг зиёда бўлишида уни тиловат қилишга ва уни улуғлашга рағбатларини ошириш учун ҳам шундай таъсирли, гўзал номлар ва сифатлар билан номлаган. Aллоҳ субҳанаҳу ва таоло ким бу Китобни тиловат қилиб, унга эргашса, унинг ҳеч қачон адашмаслигини ва бахтсиз бўлмаслигини, балки абадий саодатга, туганмас латиф неъматларга эришишини хабарини берган:

“Ҳидоятимга эргашганларга хавф йўқдир ва улар ташвиш ҳам чекмайдилар. Кофир бўлган ва оятларимизни ёлғонга чиқарганлар – айнан ўшалар дўзах аҳлидирлар. Улар ўша ерда абадий қолувчидирлар” (Бақара, 38 - 39).

Агар банда бу Китобнинг нозил қилиниши нақадар буюк бахт эканлигини билса, унга бу неъматнинг шукрини қилиш вожиб бўлади. Бу эса Аллоҳнинг Китобини тадаббур билан тиловат қилиш ва унга амал қилиш билан бўлади. Кимки бу неъматни шукрини қиламан деса, Аллоҳ таолонинг китобига айнан мана шу фазилатли ойда – Рамазон ойида катта эҳтимом кўрсатиши лозим бўлади. Чунки, бу ой Аллоҳ таоло Қуръони каримни нозил қилган ойдир. Аллоҳ таоло айтади:

“Албатта, Биз уни (Қуръонни «Лавҳул-маҳфуз»дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик” (Қадр, 1).

“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир” (Бақара сураси, 185-оят).

Тафсир уламолари: “Қуръон дунё осмонига Қадр кечасида бир бутун ҳолида нозил бўлди. Сўнгра йигирма йил ёки йигирма уч йил мобайнида бўлак-бўлак бўлиб нозил бўлган, дейишади. Байҳақий Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: “Қуръони карим дунё осмонига Қадр кечасида бир бутун ҳолда нозил бўлди, кейин 23 йил давомида нозил қилинди Аллоҳ таоло айтади:

“Қуръонни одамларга вақти-вақти билан ўқиб беришингиз учун уни бўлакларга бўлдик ва бўлиб-бўлиб нозил қилдик” (Исро, 106).

Шунга кўра салафи солиҳлар Рамазон ойида Қуръони каримга алоҳида эътибор берганлар, бунда уларга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзлари намуна бўлганлар. Рамазон ойида Жаброил (алайҳиссалом) у зотга Қуръондан таълим берар эди. Бухорий ва Муслим Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан қуйидагича ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яхшиликда одамларнинг энг сахийси, олий ҳиммати эдилар, Рамазон ойи келганида эса, у зотнинг сахийликлари янада зиёда бўлар эди. Сабаби Жаброил (алайҳиссалом) билан учрашар эдилар. Жаброил (алайҳиссалом) билан Рамазоннинг ҳар кечасида учрашар эдилар ва унга то Рамазон кетгунча Қуръонни ўқиб топширар эдилар. У зот Жаброил билан учрашганларида тез эсадиган шамолдан ҳам сахийроқ бўлар эдилар”. Шу каби ҳадислардан Рамазонда Қуръонни янада кўпроқ тиловат қилиб, хатмлар қилиш савобли иш эканини билиб оламиз, бу ишни кечаси қилиш яна ҳам марғуб бўлиб, сабаби кечаси одам дунё ишларидан холи бўлади, қалби сокин бўлиб тадаббур қилишга имкони кўпаяди. Салафи солиҳларнинг барчаси (раҳимаҳумуллоҳ) Рамазонда бошқа ойлардагига нисбатан кўпроқ хатм қилишга ва буни ҳилватда қилишга ижтиҳод қилар эдилар. Илм дарсларини қўйиб мусҳафларини қўлга олар эдилар ва: “Рамазон Қуръон ойидир” дер эдилар.

Ибн Абдул Ҳоким айтади: “Молик Рамазон ойи кирганда ҳадис қироатини ва илм мажлисларини бир четга суриб, Мусҳафдан Қуръон тиловат қилишга киришар эди”.

Абдурраззоқ айтади: “Суфён Саврий Рамазон ойи келганда барча ибодатларини қўйиб, (яъни нафл ибодатларни) Қуръон тиловат қилишга киришиб кетарди. Таровеҳ намозларида қиёмда тиловатни узун қилар эдилар”.

Имом Молик “Муватто”да Соиб ибн Язиддан ривоят қилади. У айтади: “Умар ибн Хаттоб Убай ибн Каъб ва Тамим Дорийга одамларга 11 ракъат қоим қилиб беришларини буюрди. У айтади: “Ҳар бирида юз оятдан қироат қилиб берарди. Қиёмнинг узунлигидан ҳассага суяниб қолардик. То тонггача фориғ бўлмас эдик. Бу ва бундан бошқа ҳадислардан салафларнинг Рамазон ойида Аллоҳнинг Китобига эҳтимомлари жуда юксак бўлганини ва буни зоҳирий таъзим билан намоён қилганларини билдиради.

Мўъмин одам Рамазонда нафсига қарши икки нарса билан курашади: бири кундузлари рўза тутиб, иккинчиси кечалари Қуръон қироати билан қоим бўлиб. Кимки шу икки курашни жам қилса ва уларнинг ҳақларига риоя қилса ва у иккисига сабр қилса, ҳисобсиз ажру савобга эга бўлади. Шунинг учун ҳам Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўз сўзларида Қуръон ва рўзани жам қилганлар: “Рўза ва Қуръон Қиёмат кунида бандани шафоат қилади. Рўза дейди: “Эй Раббим, мен уни кундузлари таом ва шаҳватлардан ман қилдим. Уни шафоат қилишимга изн бер”. Қуръон айтади: “Мен уни тунлари уйқудан ман қилдим, уни шафоат қилишимга изн бер”, дейди. Шунда Аллоҳ таоло: “Иккингиз уни шафоат қилишингиз мумкин”, дейди”.

Манба: “www.bukhari.uz”


Киритилган вақти: 16/06/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2775
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/ramazon-quron-oyi
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 16:55
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг