Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Ўз жонига қасд қилганларнинг жойи жаҳанамдир

 
 

Ассалому алайкум азиз ўқувчи. Ушбу мақола орқали сиз муҳтарамлар билан жамиятимизда оз бўлсада учраб турган аянчли ҳодиса тўғрисида фикрлашамиз. У қандай ҳодиса экан дейсизми? Кейинги пайтларда баъзи туман ва шаҳарларда турли йўллар билан ўз ширин жонига қасд қилаётганлар ҳодисаси. Мутахассисларнинг айтишича бу ҳолат кўпроқ 15-30 ёшгача бўлган шахслар томонидан содир этилаётган экан.

Хўш бу ношудлар нима сабабдан бундай разиликка қўл урдилар. Кимдир ота-онаси ҳоҳлаган кийимни олиб бермагани учун, кимдир севганига етишолмагани, бошқаси олдига мақсад қилиб қўйган таълим муассасасига ўқишга киролмагани, яна кимдир турмуш ўртоғи ёки турмуш ўртоғининг қариндошлари билан чиқишолмагани, яна кимдир турмуш қийинчиликларию машаққатларига бардош беролмаган ва ҳоказо сабаблар билан ўзини ўзи ўлдирган.

Юқорида санаб ўтилган сабаблар ва шунга ўхшаган яна минглаб важлар жам бўлса ҳам инсоннинг энг қимматли бойлиги, яъни ўз ҳаётига ўзи зомин бўлишига арзийдими? Ҳар бир инсоннинг ҳаётида учраши мумкин бўлган муаммо ва ташвишлар қаршисида иродасизлик қилиб ўзини ўлдирган кимса нимага эришади? Ёки шу йўл билан қутилиб яхшиликка эришаман деб ўйлайдими? Йўқ албатта, агар шу фикрда юрганлар бўлса улар қаттиқ адашадилар. Биз ахир мусулмонмиз, мусулмонлар фарзандимиз. Бизнинг ота-боболаримиз, она-момоларимизнинг бошига келган энг оғир қатағон, уруш ва очарчилик йиллари ҳам бундай нобакорликка қўл урмаганлар. Сабр ила қийинчиликларни енгиб ўтганлар.

Бизнинг Ислом шариатимиз инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида ўзини ўзи ўлдиришни (ўз жонига қасд қилишни) ҳаром қилган. Ҳаёт Аллоҳ томонидан берилган бебаҳо бойлик бўлгани учун уни ҳеч ким бировга миннат ҳам қила олмайди, ман ҳам этолмайди. Инсоннинг ҳаётини фақат Аллоҳ таологина олишга ҳақли. Ҳаттоки ўша ҳаёт неъмати берилган шахснинг ўзи ҳам ўз ҳаётига суиқасд қилиши мумкин эмас. Муқаддас Ислом динида бировни ўлдириш қанчалик ёмон ҳисобланса, ўзини ўзи ўлдириш ҳам шунчалик ёмондир.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида шундай деб марҳамат қилади: «Ва ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир. Ким буни тажовузкорлик ва зулм ила қилса, уни албатта дўзахга киритурмиз. Бу эса Аллоҳга осондир» (29–30-оятлар).

У Зот биз, мўмин-мусулмонларга раҳм қилгани учун ҳам ҳалокатга олиб борувчи ишлардан, жумладан, ўзини ўзи ўлдиришдан қайтариб, нажотга сабаб бўлувчи ишларга буюрмоқда. Бу ҳол Аллоҳнинг раҳматидир. Агар У раҳм қилиб, тўғри йўлни кўрсатиб бермаганида, нотўғрисидан қайтармаганида, инсон зоти катта машаққатда қолган бўлар эди.

Ўз жонига қасд қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам қаттиқ қораланган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким тоғдан ташлаб, ўзини ўзи ўлдирса, у жаҳаннам оташида абадул-абад ўзини тоғдан ташлаб туради. Ким заҳар ичиб, ўзини ўзи ўлдирган бўлса, у жаҳаннам оташида заҳарини қўлида тутган ҳолида абадул-абад (заҳар) ичиб туради. Ким ўзини ўзи темир нарса билан ўлдирган бўлса, жаҳаннам оташида ўша темирни қўлида тутган ҳолида абадул-абад ўша(темир)ни қорнига санчиб туради», – дедилар».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзини ўзи ўлдирганга жаноза намозини ўқимаганлар. Аллоҳ берган улуғ неъмат – ҳаёт неъматига, буюк инсоний ҳуқуқлардан саналмиш ҳаёт ҳаққига ношукр бўлган, уни оёқости қилган нобакор шахснинг жазоси шундай бўлади.

Каломи шарифда: “...борди-ю, ношукрлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир", дейилган ("Иброҳим" сураси, 7-оят).

Сўнги пайтларда айрим ёшлар ижтимоий тармоқларда тарқалаётган ўз жонига қасд этишга чорловчи турли ўйинлар қурбони бўлаётгани ўта хавотирли ҳолатдир. Интернет тармоқларида яшин тезлигида оммалашиб бораётган “Кўк кит” (ёки “Тинч уй”) ўйини ҳали вояга етмаган ўсмирларни ўз домига тортмоқда. Эллик кун мобайнида элликта шартларни бажариш талаб қилинадиган бу ўйин охири ўйинчининг ўз жонига қасд қилиш ҳодисаси билан якунланади.

Ўйин қоидасига кўра, иштирокчи шартларни эрталаб 4:20 да тармоққа кириб, қабул қилиб олади. Ҳаммаси жуда жўн, аввалига, оқ қоғозга кўк кит суратини чизишдан бошлаб, кейин ана шундай суратларни танага чизиш керак бўлади. Иштирокчи вазифаларни бажарганининг исботи сифатида суратга тушиб, гуруҳ бошқарувчисига кўрсатиши керак. Босқичма-босқич шартларни бажариш эса алалоқибат ўйинчининг ўз жонига қасд этиши билан тугайди.

Бу ўйинни ўйнаб, оқибатда жонига қасд қилганлар қўшни республикаларда кузатилганини ишончли оммавий ахборот васиталари хабар қилмоқда. Юртимизда ҳам бу фитна домига тушганлар бор ёки йўқлиги аниқ эмас. Лекин, асосий жиҳатни унутмайлик, огоҳлик зиён қилмайди. Фарзандларимиз уяли алоқа воситалари орқали нималар билан машғул эканини доимо назорат қилиш, уларга тўғри йўлни ботилидан ажратиб олишларида кўмаклашишимиз лозим.

Ҳаёт инсонга уни беҳудага совуриш учун берилмаган. Балки, бу башариятга Аллоҳ таоло томонидан вақтинча берилган фурсатдир. Қуръони каримда «Сўнгра, албатта, ул кунда (охиратда) неъматлар ҳақида сўралурсиз!» (Такосур сураси 8-оят)дейилган. Неъматларнинг энг аввалида эса умр неъмати туради. Буюк ислом олими Ҳасан ал-Басрий ўтаётган кунимизни шундай тавсифлайди: «Ҳар бир тонгги ёришадиган кун борки, инсон боласига нидо қилади: «Мен янги кунман, ишларингга шоҳидман. Агар кетсам, қиёматга қадар қайтмайман. Шундай экан, (бу фурсат ичида) истаганингча амал қилиб қол, уларнинг мукофотини ўз олдингда (яъни келажакда, қиёматда) топасан. Ёки истаган ишингни кечиктир, бу фурсат сенга абадий қайтиб келмайди».

Шундай бўлгач, умрни биз учун икки дунё саодатини келтирадиган йўлларга сарфлайлик.


Киритилган вақти: 11/03/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2939
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/oz-joniga-qasd-qilganlarning-joyi-jahanamdir
Чоп этилган вақт: 18/04/2024 18:48
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг