Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ОТА ОНАЛАР МАСЪУЛИЯТИ

 
 

Қайси бир хонодон соҳибларини Аллоҳ таоло фарзанд аталмиш неъмат билан сийлар экан, бас бу хонодон соҳиблари бу неъматни қадрига етишлари ва руҳий ва жисмоний жиҳатдан муҳофаза қилишга масъулдир.

Руҳий жиҳат деганда, унинг эътиқодини тўғри шаклланишига эътибор қаратиш назарда тутилади. Чунки фарзанд тўғри, соф исломий ақидадан узоқлашар экан, шубҳасиз унда бузуқ ақида шаклланади. Бу нарса эса фарзандлар келажаги учун ниҳоятда хатарлидир.

Чунки табиатда бўшлиқ бўлмайди. Агар нимадир бўш қолдирилса, албатта унинг ўрнини бошқаси эгаллайди. Худди шунингдек фарзандларимизга Аллоҳ таолони танитмасак ва Унинг буйруқларига муҳаббатни шакллантира олмасак, шубҳасиз улар нафс ҳаволари яхши кўрсатган нарсалар ортидан эргашадилар.

Пировардида меҳнат-машаққат билан ҳалол ризқ топишдан кўра, ўғрилик ва зўровонлик билан ўзгалар ҳаққига хиёнат қилиш уларга суюклироқ кўринади.

Фарзандлар келажакда жамият учун фойдали инсонлар бўлиб етишмоғида ёхуд жамият улар учун зарарли шахслар бўлиб шаклланишида, энг аввало уларнинг тарбияларига масъул бўлган биз ота-оналар сабабчи эканимизни унутмаслигимиз лозим.

Чунки фарзанд яхшилик ёмонликни қабул қиладиган табиий фитратда яъни қайси томонга қараб бурсак уша томонга қараб ўсиш хусусияти бўлган ёш ниҳолга ўхшайди.

Ёш ниҳолни тўғри ўсишига беэътибор боғбон, қийшиқ ўсган дарахтни айблаши нодонликдан ўзга нарса эмас.

Руҳий тарбия тоқозо қилган барча нарсаларни фарзандларимизга ўргатиб боришда, нуқсонга йўл қўймасликка биз ота-оналар масъулдирмиз.

Энди фарзанд тарбиясидаги иккинчи муҳим жиҳат жисмоний масъулият ҳақида гапирсак, бунга аввало оила бошлиғининг оиласига қилган нафақаси назарда тутилади.

Албатта бу жиҳат, уларнинг еб-ичиши, кийиниши, даволаниши, соғлиги учун қайғуриши ва шу каби жисмга тегишли бўлган моддиятни қамраб олади.

Эр-хотин ўртасида фарзанд дунёга келар экан уларнинг нафақаси оила бошлиғи зиммасига вожиб бўлади. Аллоҳ таоло бу хусусида шундай деган:

"وَعَلَى الْمَوْلُودِ لَهُ رِزْقُهُنَّ وَكِسْوَتُهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ ۚ لَا تُكَلَّفُ نَفْسٌ إِلَّا وُسْعَهَا ۚ

لَا تُضَارَّ وَالِدَةٌ بِوَلَدِهَا وَلَا مَوْلُودٌ لَّهُ بِوَلَدِهِ"

Уларни (фарзандларни) яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир. Ҳеч бир жонга имкондан ташқари таклиф бўлмайди. Она ҳам, ота ҳам боласи сабабидан зарар тортмасин[1].

Пайғамбаримз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадис шарифларида кишининг оила аъзоларига қилган нафақаси, Аллоҳ таоло йўлида қилинган нафақаларнинг энг яхшиси экани айтилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

"أربعة دنانير : دينار أعطيته مسكينا و دينار أعطيته في رقبة و دينار أنفقته في سبيل الله و دينار أنفقته على أهلك أفضلها الذي أنفقته على أهلك"

“Динор тўрт хил бўлади(яъни савоб келтирадиган): мискин-бечорага берган диноринг, қул озод қилишга сарфлаган диноринг, Аллоҳ таоло йўлида нафақа қилган диноринг ва оила-аҳлинг эҳтиёжига ишлатган диноринг. Улар ичида энг афзали оила-аҳлингга нафақа қилган динорингдир”.

Оиласи эҳтиёжи учун бақадрихол нафақа қилиш савобли бўлиши билан бир қаторда, уларга нафақа қилишни тўхтатиб қўйиш ва ўз зиммасидаги оиласига нафақа қилиш масъулиятини адо этмаслик гуноҳ саналади.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

"كفى بالرجل إثما أن يحبس عمن يملك قوته".

“Унинг озиқ овқати зиммасида бўлган кишига, улардан буни тўхтатиб қолиши гуноҳкор бўлишига етарлидир[2]”.

Оила нафақаси деганда нафақат улар истемол қиладиган ҳалол таом ва ичимликлар, балки уй-жой, кийим кечак, соғлиги учун дори дармонлар ва шу каби жисмига фойдали бўлган бошқа нарсалар ҳам киради.

Аммо бу айтиб ўтилган нарсалар, оила бошлиғининг имкон доирасида бўлиши мақсадга мувофиқ бўлади. Акс ҳолда, оила бошлиғига нисбатан тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилиш бўлиб қолади. Бу эса динимизда талаб қилинмаган ишдир.

Чунки Аллоҳ таоло ҳеч бир бандасини тоқадидан ташқари нарсага буюрмаган.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا ۚ

Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас[3].

Жисмоний масъулият деганимизда фарзандларга покиза егуликлардан истемол қилиш ўз вақтида жисмга дам бериш, турли хил касалликлардан эҳтиёт чораларини кўриш, касал бўлганда даволаниш манфаатли ишларга жалб қилиб, зарарли нарсалардан узоқ бўлиш, спорт билан шуғулланишга қизиқтириш ва лаззатбахш нарсаларга муккасидан кетиб берилиб кетмасликка ва ҳаёт машаққатлари олдида сабр тоқатли бўлишга ўргатиш ҳам киради.

Бас, ҳар бир ота-она ўз фарзанди олдидаги руҳий ва жисмоний масъулиятларини сидқидилдан адо этса, фарзандлар келажакда ҳам руҳан, ҳам жисмонан баркамол бўлиб вояга етадилар.

Аллоҳ таоло барча ота-оналарга фарзандларини Ватан ва жамият учун фойдалик, ота-онасига раҳмат келтирадиган фарзандлар қилиб тарбиялашни насиб айласин.



[1] Бақара 233-оят.

[2] Имом Муслим ривояти. Саҳиҳ ҳадис.

[3] Бақара 286-оят.


Киритилган вақти: 21/07/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 2029
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/ota-onalar-masuliyati
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 13:42
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг