Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Муваффақиятларимиз сабаби - ҳамжиҳатлик

 
 

Мафтункор фасл- бу баҳор. Унинг таровоти ўзгача. Дала дашт қиш ёпинчиғини ташлаб, кўклам либосига бурканмоқда. Она заминимиз эса деҳқонни ризқ яратишга чорламоқда.

Ҳазрати пайғамбаримиз алайҳиссалом умматларига деҳқончилик ҳакида марҳамат қилиб бундай деганлар: “Бирон-бир мусулмон дарахт ўтқазса ёки бир ўсимлик экса, ундан қушлар ёки инсонлар еса, унинг эҳсони бўлади”. Демак, кўчат ўтқазган ва экин эккан кишининг меҳнати ҳеч қачон зое кетмайди. Ҳосилидан баҳраманд бўлган барча жонзотлар орқали эгасига садақа савоби ёзилиб туради. Боғдорчилик ва деҳкончилик билан шуғулланувчи кишиларга Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилади. Чунки, улар уруғ ёки ниҳол экишаётганларида, ҳосили мўл-куўл бўлиб ўзини, юртдошларини дастурхонларига тўкинлик олиб келишликни ният қиладилар.

Тилаклари ижобат бўлиб, самараси ўларок ҳосиллари кам бўлса баракотли, кўп бўлса даромадли бўлади.

Албатта, бу натижаларга эришишликда фаслларнинг ҳам ўз аҳамияти бор. Ўз вактида бажарилган меҳнат кишини кам килмайди. Шу сабабли ҳам баҳор фаслининг ҳар куни, ҳар соати ғанимат. Юртимиздаги аксарият аҳоли қишлок жойларда истиқомат қилишади ва деярли барчалари шахсий таморқаларига эгалар. Афсуски, баъзи таморқа эгаларининг ўз ерларига бўлган эътиборсизлиги,ердан унумли фойдаланмаётганликлари ачинарли ҳолатдир. Гоҳо бозорга борганимизда диққат билан кузатсак сабзи, картошка каби полиз экинлари майли ўз йўлига, оддийгина гиламчададек жойга экилса кифоя килувчи кўкатларни ҳам сотиб олаётган харидорларнинг ҳам аксари каттагина таморқа эгалари бўлиб чиқади. Аслида халқимиз ислом дини қадриятлари қон-қонига чуқур сингиб кетган халқ исрофдан қўрқадиган халқмиз. Оддийгина мисол, бир бўлаккина нон ерда ётган бўлса уни дарҳол олиб қўямиз. Таассуфки, баъзиларимиз ерни бўш қўйиш, ундан унумли фойдаланмаслик ҳам улкан исроф эканини чуқур англамаяпмиз.

Бугунги вазиятда таморқанинг ҳар бир қарич еридан унумли фойдаланиб, тадбиркорлик билан деҳқончилик қилиш ҳар қачонгиданда ўта муҳимдир. Зеро, Аллох таоло исрофнинг оқибати салбий эканидан ўз бандаларини огоҳлантириб шундай марҳамат қилган:

"Албатта, У(Аллох) исрофгарчилик қилувчиларни севмайди", (Анъом сураси 141-оят) .

Пайғамбаримиз (с.а.в) эса: "Ҳар бир исроф ҳаромдир", деганлар.

Аллох таоло қилаётган барча деҳқончилик, чорвачилик ҳамда тадбиркорлик ишларимизда баракот ато этиб, юртимизни, халкимизни бало, ваболардан асрасин.

Нурулло ўғли Насруллохон - Пастдаргом туман “Чандиробод” жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 22/04/2020 10:56;   Кўрилганлиги: 808
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/muvaffaqiyatlarimiz-sababi-hamjihatlik
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 22:59
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг