Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

МУСУЛМОН ХУЛҚИ БИЛАН ГЎЗАЛ

 
 

Маълумки, Аллоҳ таоло инсонларнинг суратини гўзал шаклда яратиб қўйган. Бу гўзаллик инсонни Аллоҳ таоло яратган бошқа маҳлуқотларига қиёслаганда яққол намоён бўлади, агар инсон ўз сийратини ҳам, хулқини ҳам гўзал қилса, ҳақиқий комил инсон бўлади. Инсон илмга қанча муҳтож бўлса, гўзал хулққа ҳам шунча муҳтождир. Зеро, илм ва гўзал хулқ инсонни камолотга етказувчи икки қанотдир. Ахлоқи комил, бир-бирига меҳрибон ва аҳил жамият бахтли ва фаровон жамиятдир.


Муқаддас динимизнинг ҳаётбахш ва ўлмас қадриятлари мана ўн беш асрдирки, ҳамон бутун башарият назарида ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлиб келмоқда. Албатта, бу биринчи навбатда, биз мусулмонларни ўз динимизга бўлган муҳаббатимизни янада зиёда бўлишига сабаб бўлса, иккинчидан, унинг таълимотларига чин ихлос билан амал қилмоқликка ундайди.

Дарҳақиқат, Ислом дини инсониятни гўзал хулқу одобга чорлаш, уларни чин инсоний фазилатлар эгаси қилиб тарбиялаш учун нозил қилинган бўлиб, унинг таълимоти инсоният ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олгандир. Аллоҳ таоло ўзининг энг сўнги ва комил динини мукаммал ахлоқи ҳамда соҳиби бўлмиш сарвари олам Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилиши ҳам бежиз эмас, албатта. Зеро, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам динимизнинг ҳар бир замон ва маконга муносиб бўлган, шунингдек, ҳар бир шахснинг иқтидорига қараб таклиф қилинган кўрсатмаларини биз умматлари учун ўзларининг ҳаётларига тадбиқ қилиб кўрсатиб бердилар.

Муқаддас динимиз хушхулқликка ва тотувликка раҳна солувчи иккиюзламачилик, манманлик, ғийбат, ҳасад ва хиёнат каби иллатларни харом қилган. Хусни-хулқлик ва тотувликка хос ҳамма хислатларни тарғиб этади ва уларни ибодат санайди. Меҳр-шафқат, самимий муносабатлар хусни-хулқлик ва тотувликка етказувчи хислатлардир. Барчага меҳр-шафқат кўрсатиш, самимий муносабатда бўлиш суннатдир. Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳар бир мўмин-мусулмон учун улкан тарбия мактабидир. У зоти шарифнинг ҳаёт йўлларини қунт билан ўрганиб чиққан ҳар бир инсон албатта, бунга амин бўлмай иложи йўқ. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир”[1]. –деб, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламни барча мўмин-мусулмонларга намуна бўлишга энг лойиқ зот эканликларини баён қилган. Юқорида зикр қилиб ўтганимиздек, муқаддас динимиз кўрсатмалари асосан, инсониятни гўзал ахлоқли бўлишга, бандага Аллоҳ таолонинг олдидаги ҳамда жамият олдидаги бурчу вазифаларини гўзал суратда адо этишга, инсонлар ўртасидаги муносабатларни самимий ва беғараз амалга оширишга тарғиб қилади. Албатта, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам буларнинг барчасида мўмин-мусулмонларга ўрнак кўрсатганлар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилганлар: «Менга фарзларни адо этиш буюрилгани каби, инсонларга хушмуомалада бўлиш ҳам буюрилди. Инсонларга хушмуомалада бўлиш садақадир» деганлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам оилалари билан хушмуомалада бўлар, уй юмушлари билан ҳам шуғулланар эдилар. Оиша розияллоҳу анҳодан: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам оила аҳллари билан ёлғиз қолганларида ўзларини қандай тутардилар” – деб сўрашганда, у киши: “Жуда мулойим муомала қилар, кулиб, табассум билан боқар эдилар. Шунингдек, оила аҳллари хизматида бўлар эдилар. Кўриниб турибдики, сарвари коинот пайғамбар бўлишларига қарамай оилага нисбатан зиммаларидаги бурчларини бекаму кўст адо этганлар. Уларнинг рўзғор юмушларига кўмаклашар, имкониятлари даражасида аҳли аёлларини нафақа билан таъминлар эдилар.

Баъзи бир оила раҳбарлари эса, иш ва тирикчиликни баҳона қилиб ёки тарки дунёчиликка берилиб оиласи, бола-чақасини нафақа билан таъминлаш, фарзандларининг таълим-тарбияси билан шуғулланишни унутиб қўймоқдалар. Албатта, бу мусулмончиликка тўғри келмайди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир ҳақ эгасининг ҳаққини адо этинг” – деганлар. Шундай экан, аҳли аёл ва фарзандларимиз нафақаси ва таълим тарбияси билан шуғулланишни ҳам унутмайлик.

Ислом дини гўзал ахлоқлар динидир. Жамиятимиз олдида комил инсон тарбиясидек муҳим вазифа турган ҳозирги кунда “замонавий демократия эркинликлари” ниқоби остида “оломонча маданият” деб номланган ахлоқий бузуқликни тарғиб қилувчи, миллий-маънавий маданиятимизнинг ўқ томирига ҳалокатли зарба беришни ўзининг олий мақсади қилиб олган иллатнинг шиддат билан кириб келаётгани кишини даҳшатга солади. Ҳеч қайси самовий дин инсониятга раво кўрмайдиган ахлоқсизликларни ўзида мужассам этган бу офат, айниқса, ёшлар онгини исканжасига олиш учун турли воситаларни – беҳаё сериаллар, мультфильм­лар, интернет тармоғидаги зўра­вонлик ва ҳаёсизликни тарғиб этувчи фильмлар, суратлар, мақолалар ва шу кабиларни ишга солмоқда. Зеро, ахлоқсизлик дин ва миллатларнинг аёвсиз душмани бўлиб, комил инсон тарбиясига қарши қаратилган ёвуз кучдир.

Аслида, му­сул­мон кишида “оммавий ма­даният”нинг буз­­ғунчи ғоя ва маф­кура­лари­га қар­ши кучли иммунитет бўл­­моғи шарт. Бу - гўзал ахлоқдир.

Динимизда одоб-ахлоқнинг аҳамияти нечоғли буюклигини юқоридаги ҳадис ҳам кўрсатиб беради. Уни яна бир марта эсга оламиз: “Мен аслида олийжаноб хулқларни камолига етказиш учун юборилганман”.[2] Шундай услуб билан Набий алайҳиссалом ахлоқ-одобнинг нақадар муҳимлигини баён қилиб берганлар.

Ваҳоланки, ахлоқ Набий алайҳиссаломнинг пайғамбар қилиб юборилишларидаги энг бирламчи ва энг муҳим нарса бўлмаслиги ҳам мумкин. Зеро, эътиқод, якка Аллоҳга ибодат қилиш каби нарсалар бундан муҳимроқ эканлиги шубҳасиз. Аммо бу ҳадисда олий хулқлар ҳамма нарсадан муқаддам қўйилди. “Нима учун?” деган савол туғилиши табиий. Жавоб шуки, ахлоқ кишининг энг кўп кўриниб турадиган, биринчи бўлиб кўзга ташланадиган жиҳати ҳисобланади.

Одамлар бирор кишига баҳо берсалар, биринчи бўлиб унинг ахлоқи ва ўзини тутишига қараб ҳукм чиқарадилар. Улар қайсидир шахснинг ақидасини кўрмайдилар. Чунки унинг ўрни қалб бўлади. Ёки ҳамма ибодатларини ҳам кўравермайдилар. Лекин унинг ахлоқ-одобини кўрадилар. Бинобарин, кишининг дину диёнати борасида унинг муомаласи ва хулқу одобига қараб хулоса чиқарадилар. Шу сабаб ҳам динимизда ахлоқнинг ўрни беқиёс.

Зеро, Исломдан узоқ бўлганлар динимизга мусулмонларнинг сўзлари ва даъволарига қараб эмас, балки уларнинг ахлоқи орқали баҳо берадилар. Тарих гувоҳлик берадики, Индонезия, Малайзия каби мамлакатларнинг аҳолиси Исломни даъватчилар фасоҳати ёки ғозийлар кучи билан эмас, балки мусулмон ўлкаларидан борган савдогарларнинг ахлоқ-одоблари сабабли қабул қилганлар.

Чунки мусулмон тижоратчилар олди-бердида ростгўйлик, омонатдорлик, олийжаноблик ва бағрикенглик каби гўзал хулқлар билан муомала юритардилар. Бу эса ўз навбатида ерлик аҳолида мусулмонларга нисбатан ва табиийки, улар орқали Исломга нисбатан илиқ таассурот уйғотган.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо яна: “Ҳусни хулқда Пайғамбармиз Муҳаммад (сав)дан ўтадиган ҳеч ким бўлмаган, зеро у зот қачон бирор кимса чақирганда доимо лаббай деб жавоб берар эдилар” – деганлар. Ушбу ҳадисдан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳушхулқликлари, У Зотга мурожаат қилган кимсага нисбатан ҳушмуомалада бўлишларини кўриш мумкин. Кўришганда саломлашиш, чақирганда лаббай дейиш, хайрлашганда эса, омонлик тилаш биз мўмин-мусулмонлар учун одатга айланмоғи керак. Зеро, инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат, аҳил ва иноқликнинг зиёда бўлиши биринчи навбатда, хушмуомала ва ширин суҳанликка боғлиқдир.

Демак, инсонларга чиройли хулқ билан муомалада бўлиш — бу одамийлик зийнати экан. Шу хусусда Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Амалларнинг қай бири афзалроқ?” деб сўралганда, ул зот: “Чиройли хулқ”, дедилар. Инсоннинг хулқи чиройли бўлиши учун аввало, унинг қалби пок бўлиши лозим. Чунки, қалб инсон жасадининг подшоҳи, қолган аъзолар унга тобеъдир. Агар қалб пок бўлса, қолган аъзолар ҳам унга эргашади, агар у нопок бўлса, барча аъзолардан нопок амаллар содир бўлади. Шундай экан, Аллоҳ таолонинг ризосини истаган, дунё ва охиратининг фаровонлигини хоҳлаган ҳар бир мўмин-мусулмон киши Пайғамбармиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламни ўзи учун ибрат қилиб олмоғи лозим. Ҳикмат ва илм соҳиби бўлган аждодларимиз услублари, ҳаётий тажрибалари ҳам шуни исботлаган. Уларни буюк қилган нарса гўзал хулқлари ва тўғри тарбиялари эди. Биз ҳам уларнинг авлодлари ўлароқ уларнинг изларидан боришимиз бизнинг бурчимиз ҳамда фахримиздир.

Гўзал хулқни аввало ўзимиздан бошлашимиз, сўнгра яқинларимиз, атрофимиздагиларга сингдиришимиз, фарзандларимизни одоб-ахлоқ асосида тарбия қилмоғимиз лозим. Зеро, мусулмон хулқи билан гўзалдир.



[1] Аҳзоб сураси, 21-оят.

[2] Ибн Можа ривояти.


Киритилган вақти: 12/10/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3108
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/musulmon-xulqi-bilan-gozal
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 07:01
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг