Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

КАСАЛЛИКНИ ДАВОЛАШДАН КЎРА, ОЛДИНИ ОЛГАН ЯХШИРОҚ

 
 

Аллоҳ таоло инсониятни жаҳолат ботқоғидан маърифат нурига ва жабр-зулм исканжасидан илоҳий адолатга олиб чиқиш учун Муҳаммад с.а.в.ни ер юзига пайғамбар яъни Ўзи томонидан элчи қилиб юборди.

Ислом келгач инсон қадрини ва шаънини ерга урадиган, уларни хорлайдиган кўплаб жоҳилият иллатларига барҳам берилди. Жумладан чўри қизларни пул топиш мақсадида ўз таналарини сотишга мажбур қилиш, қизларни тириклай кўмиш каби кўплаб салбий ҳолатларга қатъий чек қўйилди.

Тарих саҳифаларига қарайдиган бўлсак, Ислом келишидан илгари аёлнинг қадр-қиммати топталганига ва уларга бир арзимас матоҳ сингари муомалада бўлинганига гувоҳ бўламиз.

Аёлга бойлик тўплаш воситаси деб қараш оддий ҳол бўлгани учун ҳам, қайси оилада қиз туғилса, ўша оила иснодга ботиб қолган ва ҳаттоки баъзилари бу шармандаликдан қутулиш учун қиз фарзандларини тириклайин тупроқа кўмиб ташлаганлар. Бу хусусда Қуръони Карим оятларида шундай дейилади:

وَإِذَا الْمَوْءُودَةُ سُئِلَتْ . بِأَيِّ ذَنبٍ قُتِلَتْ

Ва вақтики, тириклай кўмилган қиздан сўралса. У нима гуноҳ учун ўлдирилган?”[1]

Ислом келгач, инсоннинг бу дунёда бахтли ҳаёт кечириши учун зарур бўлган беш омилни муҳофаза қилишга киришди ва буни қаттиқ туриб ҳимоя қилди. Улар инсоннинг жони, ақли, насли, мол-мулки ва обрўси каби энг муҳим асослардир.

Булардан бирига қилинган тажовуз динимизда инсоннинг бутун борлиғига қилинган тажовузга тенглаштирилади. Исломдаги жазолар ҳам айнан мазкурлардан бирига қилинган тажовуз сабабидан жорий қилинган. Шу сабабли ҳам инсоннинг жонига бўлсин, ақли ёки наслига ёхуд мол-мулкига ва обрўсига бўлсин салбий таъсир кўрсатадиган қотиллик, гиёҳвандлик ва ароқхўрлик каби жиноятларга қарши курашилади.

Аммо кишилик жамиятида шундай иллат ва балолар борки, улар юқорида тилга олинган барча инсоний асосларга бирданига таҳдид қилади. Ана шундай ҳалокатли иллатлардан бири “Аср вабоси” номини олган ОИВ яъни одамнинг иммунитет танқислиги вирусидир.

Бу шундайин даҳшатли иллатки, у инсонинг ақлига ҳам, наслига ҳам, диний эътиқодига ҳам, мол-мулкию, шаън-обрўсига ҳам бараварига шиддатли тажовуз қилмоқда. Бу иллатнинг ҳозирги пайтдаги кўлами ва зарари шунчалик улканки, уни даф қилишга бирор давлат ёки тузилманинг кучи етмаяпти.

Аллоҳ таоло барча махлуқотлари ичида инсонни азиз ва мукаррам қилиб яратган. Унга Ердаги жуда кўп нарсаларни бўйсундириб, саноғига етиб бўлмас даражада неъматлар берган.

Бу билан Парвардигоримиз инсониятни барча ёмонликлардан сақланишга, илоҳий амрларни адо этишга ва бу дунёда обод қилиб, инсонларга хос тарзда ҳаёт кечиришга буюрган. Агар инсон бу борадаги мувозанатнинг бузилишига сабаб бўладиган ёмон йўлларга қадам қўйса, унга омонат қилиб топширилган жон ва ақл неъматига хиёнат қилган бўлади ва ўзини ҳалокатга ташлаган бўлади.

Ҳозирда мазкур ОИВ балоси инсоният ҳаётига жиддий хавф солаётган, унинг азиз ва мукаррамлигига путур етказаётган машъум иллатлардан бўлиб турибди. ОИВ касаллиги Аллоҳ таоло инсонга ато этган жон, жисм ва ақл неъматларининг заволига сабабчидир.

Чунки бу Аллоҳнинг яратиш ҳикмати ва иродасига зид ишдир. Аллоҳ таоло барчамизни огоҳлантириб айтади:

“وَلَا تُلْقُوا بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ”

яъни: “...ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..”[2]

Муқаддас динимиз қайтарган, юқорида санаб ўтилган беш нарсадан бирига путур етказадиган ҳар қандай иллатга, хусусан ОИВ балосига мубтало бўлиш ҳам ўзини ўзи ҳалок қилишдир.

Аллоҳ таоло инсонга омонат қилиб берилган барча тана аъзолари ва ақлини турли ёмон иллатлардан, зарарлардан авайлаб сақлашни буюради.

Бас кимики бу илоҳий буйруққа амал қилса бу дунёда осуда ва фаровон ҳаёт кечиради. Аксинча бўйин товлайдиган бўлса, дунё ва охиратда хорлик ва азобга гирифтор бўлади. Хусусан, тез суръатлар билан ривожланаётган ва кенг тарқалаётган юқумли ОИТС касаллигидан эҳтиёт бўлиш лозим. Бу офат нафақат у касалга мубтало бўлганларни, балки бутун бир жамият вакиллари учун жиддий хавф туғдирувчи касалликдир.

Барчамизга маълумки бу иллат асосан жинсий йўл—фоҳишабозлик ва қон орқали ўтувчи касаллик саналади. Аллоҳ таолонинг бу умматга меҳрибончилигидан бири, уларга ибрат олишлари учун ўтган қавмларнинг қиссаларини баён қилиб берган. Қуръон Каримда Аллоҳ таоло Лут а.с. нинг қавми бу каби жирканч ишни касб қилиб олгани учун уларнинг устига бало-офатларини ёғдиргани ва келгуси авлод бундан ибрат олиб нопокликлардан четланиши лозимлиги ҳақида айтиб ўтган.

Бу каби ояти карималарда Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига ва у зот орқали барча мўмин-мусулмонларга нопокликлардан четда бўлишни буюрган. Муфассирларимиз бу нопокликлар фақат инсон танасидаги ва устбошидагилардангина иборат эмас, балки бунга яна ширк, зинокорлик, ахлоқсизлик, безорилик, ҳаром қилинган нарсалар, яъни ароқхўрлик, гиёҳвандлик, бузуқлик каби маънавий нопокликлар ҳам киради, деб айтишган. Динимизда инсонларнинг ҳамма соҳада тоза, покиза бўлишларига алоҳида эътибор берилган. Айниқса қалб поклиги ва тақво алоҳида эътиборга молик. Сабаби қалби мусаффо, нияти тўғри ва ўзи покиза инсондан ифлослик, разиллик чиқмайди.

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти ва Бирлашган миллатлар ташкилоти томонидан ОИТС касаллигини даволаш ва тартибга солиш ишлари бўйича 150 та давлатларда “Миллий ҳайъатлар” тузилди ва улар катта миқдорда маблағ билан таъминланди.

Бу ярамас иллат давлат ёки миллат танламайди. Охирги кузатувлар натижасига қараганда бу касаллик юқори суратда ортиб бормоқда. Бу эса жамият ва келажак авлод вакиллари учун бениҳоя катта хатар саналади.

Бу юқумли касаллик ижтимоий касаллик бўлиб нафақат иқтисодий, сиёсий зарар келтиради, балки оилавий, руҳий, маънавий, ахлоқий жиҳатдан ҳам салбий оқибатларни келтириб чиқаради.

Шундай экан, касалликнинг олдини олиш, унинг тарқалишига бепарво бўлмаслик барча жамият вакилларининг масъулиятлари саналади.

Мусулмон одам доимо ўз бурч ва масъулиятини ҳис этиб яшайди. Зеро Расулуллоҳ с.а.в:

“كلكم راع وكلكم مسؤل عن رعيته”

“Сизларнинг ҳар бирингиз бошлиқсиз ва сизларнинг ҳар бирингиз қўл остиларингиздаги кишилар ҳақида сўраласиз” дедилар.

Шундай экан барчамиз, келажагимиз бўлган фарзандларимизга, ўқувчи ва талабаларимизга, маҳалладаги ёшларимизга бепарво бўлмаслигимиз лозим.

Доно халқимиз: “Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олган яхшироқ!”, - дейди. Шундай экан, ҳар бир ота-она, ҳар бир киши соғлом миллатни вояга етказади, соғлом миллат эса, иншоаллоҳ улкан ишларга қодир бўлади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни, хусусан ёш авлод бўлган азиз фарзандларимизни аср вабоси саналмиш ОИТС ва гиёҳвандлик каби иллатлардан Ўз паноҳида сақласин!



[1] Таквир сураси 8-9-оятлар.

[2] Бақара сураси 195-оят.


Киритилган вақти: 04/08/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3111
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/kasallikni-davolashdan-kora-oldini-olgan-yaxshiroq
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 19:11
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг