Жуфт танлаш одоби
Оила ва унинг бахти, саодати ҳақида сўз юритишдан олдин инсоннинг яратилишидан кўзланган мақсадга назар солиш, айниқса “нима учун эркак ва аёл жуфт қилиб яратилди?”, деган саволга жавоб ахтариш лозим бўлади. Шу маънода Қуръони каримга юзлансак унда инсоннинг жуфт қилиб яратилиши ҳақида бир қанча оятлар нозил бўлганини кўрамиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб: “Ва Унинг оят белгиларидан сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги, ораларингизда меҳру‑муҳаббат ва марҳаматни солганидир. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят‑белгилар бордир”.
Инсоннинг эркак аёлга ажратиб жуфт яратилиши Аллоҳнинг биру борлиги, баркамол сифатлар соҳиби эканининг ёрқин далилидир. Аллоҳ таоло инсоннинг ўзидан унга жуфт яратиб беришининг ҳикматини баён қилиб : “Сокинлик топишингиз учун” демоқда. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам оила қуришликка тарғиб қилиб: “Бир муддат ўтказиб бўлса ҳам ихтиёр қилинглар” деб марҳамат қилганлар. Бу ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир инсон уйланишидан олдин аввало танлашлик, текширишлик, кўришлик керакгини айтиб ўтмоқдалар. Куёв танлаш борасида сарвари олам саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Вақтики диндор ва омонатдорлигига рози бўладиган одам сизларга совчи бўлиб келса, албатта қўлингиздаги қизларингизни унга беринглар” деб айтганлар. Бу ҳадиси шарифда эркакларга керак бўладиган икки сифатни айтдилар. Биринчиси, ҳар қандай ҳолатда Аллоҳ билан бирга бўладиган, Худодан қўрқадиган банда заифа аёли билан бирга хонада қолганида аёлга ҳеч вақт зулм, қаҳр, жабр қилмас.
Чунки Набий саллаллоҳу алайҳии васалламдан ривоят қилинган ҳадисда: “Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлига яхшиларингиздир. Мен ўз аҳли энг яхши бўлган кишингизман”, дедилар. Омонатли бўлиб, омонатга хиёнат қилмайдиган бўлсин. Агар у одам бировни молига хиёнат қилса, бировни сўзига хиёнат қилса, албатта оиласига хиёнат қилади. Демак гуноҳларни катта‑кичиги бўлмайди. Кичик гуноҳдан каттаси келиб чиқади. Куёв танлашда, келин танлашда ниҳоятда диққат қилишимиз, этиборли бўлишимиз лозим.
Хазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ўғилларига келин танлашдаги талаблари кўпчиликка ибратдир. Хазрати Умар кечалари Мадина шаҳрини айланардилар. Бир уй олдидан кетаётиб бир аёлнинг овозини эшитиб қолди.
– Эй қизим сутга озроқ сув қушгин кейин чиқариб бергин.
Онажон сутга сув қўшсам бу хиёнат булмайдими? Амирул муъминин билиб қолсалар нима булади?
Амирул муъминин қайдан кўриб турибди, у сенинг нима қилаётганингни ҳам билмайди. Сиз ҳақсиз онажон! Амирул муъминин кўрмаётган бўлса Умарнинг Роббиси кўриб турибдику, деди. Бу воқеадан кейин хазрат Умар розияллоҳу анҳу шу қизга совчи қўйиб ўғилларига олиб берган эканлар.
Киритилган вақти: 27/07/2017 00:00; Кўрилганлиги: 2378
Чоп этилган вақт: 01/12/2024 23:25