Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ИХЛОС

 
 

Тақво ва зоҳидликда машҳурлиги туфайли "қорилар безаги" деган лақаб олган Муҳаммад ибн Восеъ (223- ҳижрийда вафот этган) ихлос ҳақида гапирар экан, шундай дер эди:

“Шундай кишилар билан яшадик, кечалари йиғлаганидан ёстиғини ҳўл қилиб юборар, лекин буни ёстиқдош рафиқасига сездирмас эди... Шундай кишиларни кўрдикки, намозда кўзидан шашқатор ёшлар оқар, лекин сафда ёнида турганларга билдирмас эди..." (Ибн Абид Дунёнинг "Ихлос ва ният" китобидан, 61- саҳифа).

Ҳа... Ихлос - камёб нарса, ҳар кимда ҳам соф ҳолда топилавермайди. Бизнинг замонамизга келиб эса соф ихлос анқонинг уруғига айланиб кетди, дейилса ҳам муболаға бўлмаса керак. Гуноҳлар ичида юрганларни қўя турамиз, яхши амалларни қилиб юрганга ўхшаб кўринган ўзимизга назар солайлик. Бирор тузукроқ амал қилиб қўйсак, одамлар кўришини, баҳо беришини ич-ичимиздан хоҳлаб турамиз. Дунё ишларида балки бу бироз мақбулдир (яъни, дунё ишлари аксари фарз ибодатлар бўлмагани учун у қабул бўлмай қолса одам зиёнга тушиб кетмас), лекин Аллоҳ учун тақдим этилаётган ибодатларда бу нарса сира жоиз эмас. Негаки, Ҳақ таоло ўзига қилинган ибодатлар ичида фақат софини, риёдан бутунлай холи бўлган ибодатни қабул қилади.

Амалларни риёдан холи қилиш учун эса риёни яхши кўрувчи нафс билан бутун умр курашиб ўтиш лозим бўлар экан. Бир лаҳза бепарво қолдингизми, ўша онда шайтон сизга ҳужум бошлайди. Шайтон бепарво эмас.

Ихлос энг қийин, нафснинг унга бўйсуниши жуда оғир бўлгани учун салафларимиз нафс қаттиқ курашиб ўтганларини айтиб ўтганлар.

Машҳур тобеий Муҳаммад ибн Мункадир "Нафсим билан қирқ йил олишдим, охири тўғриланди" дейдилар...

Бундай қийинчиликни кўриб тушкунликка тушиш ҳам ярамайди. Ибодатларни оғир қилиб кўрсатиш эмас мақсад. Мақсад - доим сергак ва огоҳ бўлиб туришга чақириш, амалларни иложи борича холис қилишга даъват этиш, ихлосли бўлишга чақириш. Банда қўлдан келганча шунга амал қилиб борса, Аллоҳ таоло қабул қилиб қолса ажаб эмас.

Яратганнинг Ўзи биз ношудларни ҳам ихлосли бандалар қаторидан қилсин, гуноҳларимизни кечсин... амийн!

Ҳасанхон ТЕМИРОВЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги мутахассиси


Киритилган вақти: 31/10/2019 16:33;   Кўрилганлиги: 1420
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/ixlos
Чоп этилган вақт: 14/09/2024 23:08
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг