Инсон манфаати ҳар нарсадан устун
Ҳар бир янги йилга ном бериш орқали кўпгина ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда бир неча поғона ривожланиш амалга оширилмоқда. Анъанага биноан 2017 йил ҳам мамлкатимизнинг Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинди. Инсонни Аллоҳ таоло азиз ва мукаррам қилиб қўйгани Ўзининг буюк каломида аксини топган. Инсонлар қадрини улуғлаш, бу борада улар билан мулоқотга киришиш, уларнинг манфаатларини ҳар бир нарсадан устун қўйиш энг эзгу амаллардан ҳисобланади. Бу каби хайрли ишлар халқимизнинг азалий қадрияти ва мусаффо динимизнинг асосий кўрсатмаларидандир. Башарият учун ўрнак ва намуна бўлмиш Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳамиша асҳоблари қуршовида бўлиб, ҳар қандай инсон билан очиқ мулоқотга киришганлар, уларни тинглаганлар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади:
“Ақли бир оз бундайроқ аёл: “Ё Расулуллоҳ, сизда юмишим бор”, деди.
“Эй, Умму Фулон, қайси кўчадан юрасан? Сенинг юмишингни раво қилай”, дедилар у Зот. Сўнгра у билан ҳожати чиққунча йўлда юриб кетдилар”.
Имом Муслим ривояти.
Зеро, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам мўминларга мушфиқ, меҳрибон эдилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилиб шундай деган: “Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, машаққат чексангиз унинг учун оғир бўлган, сиз(нинг саодатингизга етишишингиз)га ташна, мўминларга мушфиқ, меҳрибон Расул келди” (“Тавба” сураси, 128-оят).
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларининг манфаатларини ўзлариникидан устун қўяр, уларнинг тақдирлари учун ғам чекар эдилар.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳим алайҳиссалом ҳақларидаги Аллоҳнинг: “Парвардигорим, у бутлар кўпдан-кўп одамларни йўлдан оздирдилар. Бас, ким менга эргашса, ўша мендандир” ояти ва Исо алайҳиссалом ҳақларидаги: “Агар уларни азобласанг, улар Сенинг ожиз бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат эгасидирсан» оятларини тиловат қилиб қўлларини кўтардилар-да, “Аллоҳим умматим, умматим”, деб йиғладилар. Аллоҳ таоло: “Эй Жаброил! Муҳаммад алайҳиссалом ҳузурларига боринг. Раббингиз у кишининг ҳолларини билувчи бўлса ҳам, сўранг-чи, у зотни нима йиғлатмоқда экан?” деганида, Жаброил алайҳиссалом бориб сўраганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ билган нарсанинг хабарини бердилар. Шунда Аллоҳ: “Эй Жаброил, Муҳаммаднинг олдиларига бориб: “Биз умматингиз ҳақидаги нарсада рози этамиз, хафа қилиб қўймаймиз”, деб айтинг”, деди. Имом Муслим ривояти.
Халқ тинчлиги, юрт осойишталиги ҳаёти мазмунининг асосига айланган буюк мутафаккир шоир ва давлат арбоби бўлмиш Алишер Навоий ҳам юрт ободлиги, давлат тараққиёти ва эл фаровонлиги учун ҳар ишга, жумладан, шахсий орзу-умидларидан воз кечишга ҳам тайёр эди. Илму маърифатга ихлос қўйиб, умрини эл бахти учун ўтказган эди. Отасидан қолган мол-мулкини, ўзи топган жамики бойликларини ҳам халқ учун сарфлади, юртда уч юздан ортиқ иншоот, мактаб, масжид, кутубхона ҳамда илм-маърифат тараққиёти йўлида кўплаб бинолар барпо эттирди.
Навоий асарларида эса комил инсонни тарбиялаш, ўзаро меҳр-оқибат, саховатпешалик, айниқса, элга наф етказишни олий саодат деб билиш асосий ғоялардан биридир. “Одами эрсанг демагил одами, Оники, йўқ халқ ғамидин ғами”, дер экан шоир халқ ғами учун қайғурмайдиган, инсонни қадрлашни билмайдиган шахсни одам сафига қўшиб бўлмаслигини таъкидлайди.
Инсонларга манфаат етказишга ҳаракат қилиш ҳам динимизда тарғиб қилинган амаллардан ҳисобланади. Бу ҳақда кўплаб ҳадиси шарифларда хабар берилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бирор мўминдан дунё машаққатларидан бирини аритса, Аллоҳ ундан охират машаққатларидан бирини аритади. Ким бир мусулмон (нинг бошқаларга алоқаси бўлмаган бирор айби)ни яширса, Аллоҳ уни(нг айбларини) дунёю охиратда яширади. Банда, мадомики, дўстига ёрдам бериш (йўли)да бўлар экан, Аллоҳ унинг мададкори бўлади”, –дедилар”. Имом Термизий ривоят қилган.
Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш сингари амаллар билан доимо барча инсонларга манфаат бериш, уларнинг ҳожатларини адо қилишда кўмакчи бўлишни Аллоҳ барчаларимизга насиб этсин!
Киритилган вақти: 16/12/2016 00:00; Кўрилганлиги: 3185
Чоп этилган вақт: 01/12/2024 22:04