Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ИМОМ ХАТИБ МАСЪУЛИЯТИ

 
 

Қадимдан ота-боболаримиз ҳар бир ишларини дин пешволари, имом домлалар билан маслаҳатлашган, кенгашган ҳолда амалга оширганлар. Уларнинг кўрсатмалари асосида динимизга тўғри келадиган амалларни бажариб келганлар. Анашу анъана мустақиллигимиздан кейин яна давом эта бошлади. Имом хатибларимиз ўз маърузаларида савоб нима, гуноҳ нима, ҳалол нима, ҳаром нима буларнинг ҳаммасини халққа тушунтириб, жамиятда яшаётган кишиларни яхшиликка даъват қилиб келмоқдалар. Айниқса жорий йилимизни "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари" йили деб эълон қилингани, бу борада давлатимиз томонидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, белгиланган вазифалар асосида иш юритилиши имом хатибларимизга янада катта масъулиятлар юклади.

Бугунги кун имом хатиблари масжид ишларини бажариш билан бирга, халқ дардига шерик бўлиб, кишилар аҳволидан хабардор бўлиши ва уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиши, давлатимиз томонидан олиб борилаётган одилона сиёсатнинг маъно-мазмунини тушунтириб бериши лозим.

Таъкидлаш жоизки, бу борада вилоятимиз имом хатиблари кўплаб таҳсинга сазовор ишларни амалга оширмоқдалар. Аксарият вақтларини халқ билан мулоқот қилиб ўтказмоқдалар. Жумладан, имом домлалар ва уларнинг ёрдамчилари хонадонларга кириб, аҳоли билан бевосита суҳбат олиб бормоқдалар. Уларнинг дардига шерик бўлиб, муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашмоқдалар ва албатта бу ишлар маҳаллий ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилмоқда. Мулоқотлар давомида ижтимоий кўмакка муҳтожлар билан суҳбат ўтказишга алоҳида эътибор қаратиляпти ва уларга давлатимиз тарафидан берилаётган имтиёзлардан фойдаланиш бўйича таклифлар берилиб, имкониятлар яратишга ҳаракат қилиняпти.

Шу кунларда вилоятимизда аҳолидан ҳол сўраш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида муҳим ва самарали ишлар йўлга қўйилган. Жумладан, маҳалла раислари, маслаҳатчилар, маҳалла нозирлари, имом хатиблар ҳамкорликда маҳаллаларда хонадонларга кириб, аҳоли билан бевосита суҳбат ўтказмоқдалар.

Баҳор фаслининг дастлабки ойи охирида мазкур вакиллар биргаликда уйларга кириб, кишилар яшаш тарзи, оилалардаги мавжуд шарт-шароитлар, кишиларнинг кайфияти, бугунги кунидан нечоғли рози эканлиги билан танишдилар. Икки кун давомида 350га яқин хонадонга кирилиб, юртдошларимизнинг нималар билан машғул эканлари, яратилаётган имкониятлардан ким қандай фойдаланаётгани, асосийси юртимизда кечиб турган жараёнларга нисбатан қанақа муносабат билан ёндашилаётганига эътибор қаратдилар.

Қолаверса бугунги кун имомлари ёшларнинг мукаммал илм эгаллаши, мактаб ва коллежларда давомаднинг юқори даражада бўлишида ҳам ўзларининг ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Таълим муассалари раҳбар ва ўқитувчилари, маҳалла фаоллари билан бирга дарсга келмай қолган болалар уйларига бориб, сабаблар билан танишмоқдалар. Бепарволик, лоқайдлик туфайли дарс қолдирган ўқувчи ва талабаларга илмнинг фазилати, илмсизликнинг салбий оқибатлари ҳақида тушунча бериляпти, уларнинг ота-онасига фарзандининг эртасига бепарво бўлмаслиги лозимлиги уқтириляпти. Мабодо, дарс қолдириш сабаби иқтисодий танглик ёки беморлик оқибатида юзага келган бўлса, бу ҳолда ҳам масалани ечимини топишга ҳаракат қилиняпти. Бундан ташқари одобли ва аълочи ўқувчилар ота-оналарига масжид имом хатиблари томонидан ташаккурномалар берилмоқда. Бу эса ота-оналарни янада хурсанд бўлиб, фарзандларига бунданда кўпроқ илм олиш учун шарт-шароит яратиб беришига боис бўляпти.

Халқимизда “меҳр кўзда” деган нақл бор. Бу иборани кўпни кўрган доно аждодларимиз инсоннинг табиатидан келиб чиқиб айтган бўлсалар ажаб эмас. Халқ билан мулоқот ишларида хонадонларга кириб инсонлардан бевосита ҳол-аҳвол сўраш кишилар қалбида ватандошларга, ватанга, эл - юртга бўлган муҳаббатни оширмоқда. Сўзимизнинг исботи сифатида имом домлаларимизнинг бири ҳикоя қилган ушбу воқеани келтирамиз: “Мен масжид атрофидаги маҳаллада яшовчи касал бўлиб ётган бир фуқаронинг уйига, шу касал мутахассиси бўлган шифокор билан бордим. Маънавий озуқа сифатида касаллик инсон гуноҳларини тўкилишига, Яратганнинг олдида даражаси кўтарилишига сабаб бўлиши, бир қийинчилик сўнгидан икки енгиллик борлиги, иншааллоҳ дарддан халос бўлиб кетишини айтиб, кўнглини кўтарган бўлдим. Шифокор ҳам ўз вазифасини бажариб, беморнинг ҳолини яхшилаш учун фикрларини билдирди. Шунда бемор кўзларига ёш олиб: “Мени масжид имом хатиби келиб кўрди, энг яхши шифокор келиб кўрди. Дардим аригандай бўлди, шу ҳолда ҳам ўзимни дунёдаги энг бахтиёр инсондай ҳис қилдим. Бу кун ҳаётимда энг бахтли кунларимдан бири сифатида хотирамда қолади”, деб йиғлади”.

Масъулиятни ҳис қилган имом хатиб, ватанни, элни, юртини севади ва хизмат қилади. Бу борада имом хатибларимизга Аллоҳ таолодан куч ва ғайрат сўраб қоламиз.


Киритилган вақти: 06/04/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2384
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/imom-xatib-masuliyati
Чоп этилган вақт: 27/04/2024 09:22
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг