Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ИЛМ ЧИРОҒИ ЎЧМАГАЙ

 
 

«Яратган Роббингнинг исми ила ўқи!»

(Алақ сураси, 1-оят)

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила.

Алишер Навоий

Муборак каломининг нузулини «Ўқи!» деб бошлаган, илмга, маърифатга чақирган ва ҳар бир амалда хулуси ният ва илмни шарт қилган Аллоҳ азза ва жаллага ҳамду санолар бўлсин!

Умматларига икки дунё саодатининг илмини ўргатган, башариятни жоҳилият зулматидан маърифат нурига олиб чиққан сарвари коинот, хотамул анбиё ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломга дуруду саловотлар бўлсин!

Дунёга эндигина келган чақалоқни гўё оппоқ, топ-тоза дафтарга ташбеҳ қилиш мумкин. Энди бу дафтарга у кўрадиган, эшитадиган, сезадиган барча нарсалар ёзила бошлайди. Демак, инсон ҳаётининг илк лаҳзаларидан бошлаб беихтиёр илм ола бошлайди. Аммо «илм» сўзи луғатда «билиш, англаб, тушунча ҳосил қилиш, бир нарсанинг ҳақиқатини, моҳиятини билиш» каби маъноларни англатади. Шунинг учун Ислом уламолари илмга «ҳақиқатни худди воқеъликдагидек идрок қилиш илмдир» деб таъриф беришган. Бунинг маъноси шуки, олинган маълумот бир нарсанинг асл моҳиятини тўғри англатсагина, ундан дунё ва охиратимизга манфаат ҳосил бўлсагина чинакам илм ҳисобланади.

Муқаддас Ислом динимизни ҳам илмсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Қуръони каримда илм сўзи ва унинг шаклдошлари 811 жойда зикр қилинган. Бу эса Аллоҳ таолонинг наздида илмнинг нақадар муҳимлигини кўрсатади.

Илм – энг фазилатли амалдир, чунки у икки дунё саодатининг калитидир. Инсон илм ва маърифат билангина чинакам ҳаётдир. Инсоннинг ҳаётини тўғри йўлга солмаган, унинг феъл-атворида, амалида таъсири билинмаган, Аллоҳ ва Унинг Расулининг йўлига етакламаган илмда яхшилик, хайр-барака йўқдир. Шунинг учун ўрганилган эмас, амал қилинган илм ҳақиқий илм саналади. Ўқиган, билганига амал қилмаган одам бу илмнинг ҳаммоли бўлади, холос. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам манфаатсиз илмдан паноҳ сўраганлар.

Ислом дини инсонга илм ўрганишни, манфаатли билимлар соҳиби бўлишни, жаҳолатни йўқ қилишни буюради, чунки инсоннинг яратилиш ғояси Аллоҳни таниш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат бўлиб, динимизнинг кўрсатмаларига амал қилишдир.

Мавлоно Румий айтганларидек, «Жаҳолат – зулматдир. Қоронғида дарахт дев бўлиб, олма эса тош бўлиб кўринади». Жоҳил одамга оддий нарса қўрқинчли бўлиб, яхши нарса фойдасиз бўлиб кўринади. Бу иллатнинг давоси эса талаби илмдир. Илм ҳақ билан ботилни фарқлашнинг энг муҳим воситаларидан биридир, битмас-туганмас хазинадир.

Ислом динида илм Аллоҳ таолонинг розигини олиш ва солиҳ амал қилиш мақсадида ўрганилади. Ихлос билан ўрганилган илм инсонни Аллоҳга яқинлаштиради, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлига эргаштиради, соҳибининг даражотларини юксалтиради. Чунки мусулмон инсон учун энг азиз неъмат иймондир. Иймон учун эса илм зарурдир, илмсиз иймон-эътиқод бўлмайди. Шунинг учун Қуръони каримда зиёда қилиниши сўралган биргина неъмат илмдир:

«Роббим, менинг илмимни зиёда қил!»

(Тоҳа сураси, 114-оят)

Инсон учун энг буюк даража Аллоҳнинг наздида ҳурмат қозонишдир. Аллоҳ таоло бу даражага эришишнинг йўлини ҳам кўрсатиб, шундай марҳамат қилган:

«Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлиларингиз энг тақводорларингиздир»

(Ҳужурот сураси, 13-оят)

Демак, Роббимизнинг наздида ҳурматга сазовор бўлишнинг воситаси тақво экан, яъни Аллоҳнинг ғазабидан қўрқиш, Унинг дийдоридан маҳрум бўлиб қолишдан қўрқиш экан. Бундай бахт-саодатга кимлар мушарраф бўлади? Бу саволнинг жавобини ҳам Қуръони каримдан топамиз:

«Албатта, Аллоҳдан бандалари ичида фақат олимларгина қўрқарлар».

(Фотир сураси, 28-оят)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди», деб марҳамат қилганлар. Шунингдек, инсон вафот этганда савоби узилмай бориб турадиган амалларни қилиб олиш имкони берилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки одам вафот этса, амали кесилади. Магар уч нарсадан: жорий садақа, манфаат оладиган илм ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан кесилмайди», дедилар» (Имом Муслим).

Ўйлаймизки, ушбу оят-ҳадислар илмнинг нақадар буюк фазилат эканини тушуниб етиш учун кифоядир.

Илмнинг ўзи шу қадар фазилатларга эга экан, уни ўргатган олимлар, устозлар, мураббий ва муаллимларнинг фазли қанчалар улуғ бўлади? Албатта, бизни илм денгизидан, ҳикмат сарчашмаларидан баҳраманд қилган устозларимизнинг даражотлари бениҳоя юксак бўлади. «Устоз отангдан улуғ» дейди доно халқимиз.

Ҳар бир инсонни, у ҳарчанд кўп илмга эга бўлмасин, бир камтар устоз ўқитган, тарбиялаган бўлади. Ҳеч ким ўз-ўзидан олим бўлиб қолмайди. Илм фақат ўқиб-ўрганиш билан ҳосил бўлади. Бу эса толиби илмдан ирода, қатъият, ғайрат-шижоат талаб қилса, устоздан меҳр, талабчанлик ва тоғдек сабр-матонат талаб қилади. Бу фазилатлар билан неъматлантирилган зотлар Аллоҳ таолонинг даргоҳида энг юксак даражотларга эга бўладилар.

Бизнинг аждодларимиз, бобокалонларимиз ана шундай толиби илм бўлганлар, илм ўрганишни ўзларига фарз деб билганлар, илм ўргатишни ўзларига бурч деб билганлар, пок ният билан илм уммонидан дуру жавоҳирлар қидирганлар. Диёримиз, она Ватанимиз Ислом нури ила мунаввар бўлган даврдан бошлаб ўлкамиз илму маърифат масканига айланди, сон-саноқсиз масжиду мадрасалар бино бўлди, улардан минг-минглаб буюк алломалар, улуғ зотлар етишиб чиқди. Халқимизнинг чинакам ифтихори бўлмиш бу олиму уламолар, фозилу фузалолар башариятга мударрис бўлдилар, Ислом нурини бутун оламга таратдилар, бутун дунёни илму маърифатга, кутубхоналарини китобларга тўлдирдилар.

Имом Бухорий, имом Термизий, имом Мотуридий, Бурҳонуддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, ал-Фарғоний, Замахшарий, Беруний, Ибн Сино каби минглаб буюк ватандошларимиз жаннатмакон Ватанимизнинг довруғини бутун курраи заминга, жумлаи жаҳонга ёйдилар. Мана, минг йиллардан ошдики, бутун дунё бизни Бухорийнинг ватандошлари, Термизийнинг авлодлари деб эҳтиром қилади.

Биз ана шундай улуғ аждодларнинг авлодимиз, улар қолдириб кетган битмас-туганмас илмий мероснинг, улкан хазинанинг ворисларимиз. Юртимиз истиқлолга эришганига чорак аср тўлган бугунги дориломон кунларда сизу бизнинг, ёшларнинг вазифаси яна илмга берилиш, бугунги кунда инсон вазифаси фан-техника тараққиёти туфайли эришган барча билимларни эгаллашдир. Зеро, юқорида айтганимиздек, Ислом дини инсоннинг икки дунё саодатига эришиши учун манфаатли бўлган ҳар бир билимни илм деб ҳисоблайди, баъзилар ўйлаганидек, илмни диний ёки дунёвий деб фарқламайди. Ватанимизнинг мустақиллигини мустаҳкамлашнинг энг муҳим вазифаси ҳар бир соҳада ўз мутахассисларимизни, олимларимизни етиштиришдир. Шундай экан, илм-фаннинг қайси йўналиши бўлишидан қатъи назар, ўзлигимизга қайтишимиз, миллий қадриятларимизни тиклашимиз, олим бобокалонларимиз қолдириб кетган қўлёзмаларни ўқиб, ўрганиб, улардан ҳаётнинг бугунги талабларига жавоб бера оладиган билим ва кўникмалар ҳосил қилишимиз лозим.

Кези келганда шуни айтиш керакки, ботил ҳаққа эргашса, тараққий этади, бироқ ҳақ ботилга эргашса, таназзулга юз тутади. Бунга минг йиллик тарих шоҳиддир. Ғарб олами Исломдан илмга чанқоқликни, изланувчанликни ўрганди, мусулмонлар тўплаган билим ва тажрибаларни ўзлаштирди ва натижада бугунги кунда улкан тараққиётга эришди. Минг афсуслар бўлсинки, Ғарбдан жаҳолат, тушкунлик, беҳаёлик, ҳашаматга ва маишатга ружу қўйишни ўрганган Шарқ халқлари таназзулга юз тутди, тараққиётдан орқада қолиб, ўзгаларга қарам бўлди.

Эътибор берайликки, моддий, иқтисодий жиҳатдан мисли кўрилмаган тараққиётга эришган Ғарб олами маънавиятсиз бўлгани сабабли оила, маданият, поклик масаласида таназзулга юз тутди. Марсга сунъий йўлдош учираётган, дунёдаги ҳар бир инсонни виртуал олам орқали бир-бири билан боғлаган Ғарб олами маънавий бузуқликни, турли разолатларни табиий ҳол деб тушунадиган бўлиб қолди, натижада инсоният бедаво касалликларга дучор бўлди, ақл бовар қилмас даражада даҳшатли оммавий қирғин қуроллари ишлаб чиқилиб, улар тирик инсонлар устида синаб кўрилди.

Демак, тажриба ёки ҳисоб-китоблар натижасида ҳосил қилинган ҳар қандай билим ҳам инсонга фойда беравермайди. Илм фақат эзгу мақсадлар йўлида, тинчлик, бунёдкорлик, ҳамжиҳатлик, тараққиёт йўлида ўрганилиши керак экан. Акс ҳолда олимларнинг баъзи илмий тажрибалари асносида кашф қилинган ихтироларидан қирғин қуроллари пайдо бўлмаган бўлар эди. Шунинг учун бугунги кунда илм излаган ҳар бир инсон аввало пок ният, эзгу мақсад билан ишга киришсин, ўрганаётган ҳар бир илмини фақат яхшиликка ишлатсин.

Худди шунингдек, динимизга оид илмларни ҳам фақат хулуси ният билан, Аллоҳнинг розилиги учун, илм талабини фарз ибодат билиб ўрганиш лозим. Уни кимлар биландир баҳслашиш, илмини кўз-кўз қилиш, динни ниқоб қилиб, турли дунёвий, ғаразли мақсадларига эришиш воситаси қилиб олиш гуноҳи кабирадир. Бугунги кунда баъзи ёшларимизнинг диний саводсизлигидан, ўз тарихини, Ислом тарихини, дунё тарихини билмаслиги, сиёсий онгининг пастлигидан усталик билан фойдаланиб қолаётганлар кўпайиб қолди. Уларнинг фикрий хуружлари, мафкуравий алдовларига учаётган баъзи ғўр ёшлар оқу қорани танимай, ўзига, оиласига, Ватанига ва энг ёмони, мусулмон деган юксак номга, Аллоҳнинг динига лой чапламоқдалар, қора кучлар қўлида қўғирчоқ бўлиб, манқуртга айланиб қолмоқдалар.

Шунинг учун ҳам ота-боболаримизнинг асрий орзуси бўлмиш миллий истиқлолга эришган бугунги авлод олдида улкан, машаққатли, аммо шарафли масъулият турибди. Бу масъулият – Ватанимизнинг кечаси, бугуни ва эртаси олдидаги, келажак авлод олдидаги, бутун инсоният олдидаги масъулиятдир. Бу масъулиятни зиммага олиш учун, уни гўзал тарзда адо қилиш учун чуқур билимга, диний ва дунёвий илмларга эга бўлишимиз лозим. Бу борадаги энг шарафли вазифани муҳтарам устозларимиз, муаллим ва мураббийларимиз адо этадилар. Шунинг учун уларга Аллоҳ таолодан куч-қувват, ғайрат, сабру матонат тилаймиз, ҳақ йўлида ўргатган ҳар бир ҳарфлари учун Роббимиздан битмас-туганмас ажру мукофотлар сўраймиз.

Аллоҳ таоло жонажон Ватанимизни жаннатмакон қилсин, халқимизни Ўзининг розилигини топадиган халқлардан қилсин, осмонимиз мусаффо бўлсин, мактаб-мадрасаларимизда илм чироғи ўчмасин, бутун олам илму ирфон нури ила мунаввар бўлсин!


Киритилган вақти: 22/09/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3437
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/ilm-chirogi-ochmagay
Чоп этилган вақт: 16/04/2024 09:03
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг