Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ИЖТИМОИЙ-МАЪНАВИЙ БАРҚАРОР МУҲИТ ТИНЧЛИГИМИЗ КАФОЛАТИ

 
 

Мамлакатимизда қадим-қадимдан турли динларга эътиқод қилувчи, турли маданият, урф-одат, ҳар хил турмуш тарзига эга бўлган инсонлар бир-бирлари билан тинч-тотув яшаб келганлар.

Бугунги кунда ҳам вилоятимизда диний вазиятни соғломлаштириш, ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлигини сақлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва уларни турли мафкуравий хуружлар таъсиридан асраш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда.

Мазкур йўналишдаги тадбирларни амалга оширишда давлат бошқаруви идоралари, хуқуқ-тартибот органлари ва жамоат ташкилотлари ходимлари билан бир қаторда имом хатиблар ҳам салмоқли ҳисса қўшиб келмоқдалар. Жумладан, шаҳар ва туман бош имом хатиблари жойларда аҳоли билан мавжуд муаммолари, уларни қийнаётган жиҳатлар, оғриқли тарафлар ҳақида суҳбатлашмоқда. Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда муаммоларни бартараф этиш чораларини кўрмоқда.

Ўтган ҳафталар давомида шаҳар ва туман бош имом хатиблари маҳалла раислари, маслаҳатчилар, маҳалла нозирлари билан ҳамкорликда 350 га яқин хонадонга кириб, юртдошларимизнинг нималар билан машғул эканлари, яратилаётган имкониятлардан ким қандай фойдаланаётгани, асосийси, юртимиздаги муҳим жараёнларга нисбатан муносабатини ўрганди.

Ўз жонига қасд ва суиқасд қилиши мумкин бўлган фуқароларни эрта аниқлаш ва бундай ҳолатларни олдини олишда имом хатибларнинг ўрни муҳим аҳамият касб этади.

Шу мақсадда 17-21 апрел кунлари Ургут тумани имом хатиблари 31 та гуруҳга бўлинган ҳолда 700дан ошиқ хонадонга, Самарқанд шаҳри имом хатиблари 7 та ишчи гуруҳга бўлинган ҳолда 170 дан ортиқ хонадонга, Каттақўрғон шаҳри имом хатибларидан иборат 3 та ишчи гуруҳ томонидан 100 га яқин хонадонга ташриф буюрилиб, хонадон аҳллари билан суҳбатлар ўтказдилар.

Уларнинг дардига шерик бўлиб, муаммоларини ҳал қилиш чоралари кўрилди ва албатта бу ишлар маҳаллий ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилди. Мулоқотлар давомида ижтимоий кўмакка муҳтожлар билан суҳбат ўтказишга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, уларга давлатимиз тарафидан берилаётган имтиёзлардан фойдаланиш бўйича таклифлар берилиб, имкониятлар яратишга ҳаракат қилинди.

Ушбу йўналишдаги тадбирлар сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида, жорий йилнинг 22 апрель куни Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари, Пастдарғом, Пайариқ ва Ургут туманларида барча имом хатиблар учун “Имом хатиб ва имом ноибларининг фидоийлиги, фуқаролик масъулияти ва уларнинг вилоятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга йўналтирилган тадбирларга нисбатан фаоллигини ошириш ва мазкур йўналишда лозим бўлган кўникма ва тажрибаларини мустаҳкамлаш”га қаратилган ҳудудий ўқув-семинар машғулотлари ташкил этилди.

Машғулотларга бир қатор таълуқли вилоят ташкилотлари раҳбарлари, “Имом Бухорий” халқаро маркази илмий ходимлари, тажрибали психологлар, ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги мутахассислари жалб этилди.

Маърузаларни Имом Бухорий халқаро маркази илмий ходимлари, Олий ўқув юртлари проректорлари, тажрибали психологлар каби қатор нуфузли шахслар, фан арбоблари олиб бордилар.

Ўқув-семинарлари давомида имом хатибларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Самарқанд вилояти фаоллари билан ўтказилган йиғилишда сўзлаган нутқи мазмун-моҳияти, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш юзасидан берган кўрсатма ва тавсиялари атрофлича етказилди.

Имомларнинг йўлдан адашган, ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш, жиноят содир этишга моил, фарзанд тарбиясига эътиборсиз бўлган ва бошқа ижтимоий хавфли гуруҳга кирувчи фуқаролар билан якка тартибдаги суҳбатларни амалга ошириш жараёнида ўз суҳбатдошларига ижобий ва самарали таъсир кўрсатиш йўллари ва усуллари ҳамда суҳбатлар ўтказишлари учун уларга соф ислом дини манбаларига мавофиқ барча зарур маълумотлар етказилди.

Шунингдек, имомларнинг жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашдаги фидоийлиги ва масъулиятини ошириш чоралари ва бунга нисбатан ўрнатилиши лозим бўлган назорат тизими каби бугуннинг долзарб мавзуларига қаратилган маърузалар, кўрсатма ва топшириқлар бериб ўтилди.

Шу билан бирга, имом хатибларга ижтимоий хавфли гуруҳга кирувчи фуқаролар билан якка тартибдаги суҳбатларни амалга ошириш жараёнида ўз суҳбатдошларига ижобий таъсир кўрсатишнинг самарали йўллари ва усуллари, суҳбатлар ўтказишда зарур бўлган соф ислом дини манбаларидан маълумотлар атрофлича етказилиб, имомларнинг фидоийлиги ва шахсий масъулиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, келгусида аҳоли орасида олиб борилиши лозим бўлган учрашув ва якка тартибдаги суҳбатларга нисбатан назорат тизими билан боғлиқ масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилиниб, келгусида имом хатибларнинг таълуқли давлат бошқаруви идоралари, хуқуқ-тартибот органлари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш йўналишидаги тавсиялар берилди.

Йўқорилардан келиб чиқиб, шуни таъкидлаш ўринлики, бугунги кун имоми ҳар доимгиданда фаолроқ бўлмоғи, ўз устида тинимсиз ишлаши ва аксарият вақтини халқ орасида, улар билан елкама-елка, ҳамнафас бўлиб яшаши лозим.


Киритилган вақти: 25/04/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 3034
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/ijtimoiy-manaviy-barqaror-muhit-tinchligimiz-kafolati
Чоп этилган вақт: 12/10/2024 15:20
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг