Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ГИЁҲВАНДЛИК УМР ЗАВОЛИ

 
 

Ҳаёт гўзал. Ҳаёт лаззатлик. Ана шу гўзалликдан завқланиб, ҳаёт лаззатидан татиган киши дунё саҳнасига яхши амаллар қилишга ҳаракат қилади. Ота-она, оғайни-қариндош, ака-ука, опа-сингил, қўни-қўшнининг қадрига етиб яшайди. Ҳаромдан ҳазар қилиб, ҳалоллик байроғини баланд тутади. Муқаддас динимиз кўрсатмаларига амал қилади.

Минг афсуслар бўлсинки ҳозирги кунда динё бўйлаб кенг тарқалиб бораётган асримиз вабоси деб қораланаётган гиёҳвандлик бизнинг мамлакатда ҳам учраб турибди. Дунё ва охиратини унитган кишилар билиб-билмай, сониялик роҳат учун истеъмол қилаётган оғулари ҳаётга бўлган қизиқишларини, яқинларига бўлга меҳру-муҳаббатни сўндириб, инсонийлик фазилатларидан маҳрум қилмоқда. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламанг” (Бақара,195). “Нисо” сурасининг 79 оятида эса: “Ўзларингизни (бир-бирларингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм - шавқатлидир ”, деб, огоҳлантирган.

Бу оятда “Ўзларингизни ўлдирмангизлар!” бирикмаси бир неча хил тафсир қилинади:

1. Бир бирингизни ўлдиришингиз ўзингизни ўлдиришингиз билан баробардир. Зеро, ҳаммангиз бир хил динга муносиб қилинурсиз.

2. Мол-мулкларингизни ўзаро ноҳақ йўллар билан ейишингиз ўзингизни ўзингиз қатл қилишингиз билан баробардир.

Ислом дини инсон соғлигининг кетишига ёки унинг ҳалокатига сабаб бўлувчи воситалардан четлашишга буюради. Пайғамбаримиздан (с.а.в.) гиёҳвандликнинг ҳаром эканлигига далолат қилувчи бир қанча ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Жумладан:

“Ҳар ким ўзини ўзи бирор нарса билан ўлдирса қиёмат куни дўзахда ўша нарса билан азоб берилади”. (Имом Бухорий, Имом Муслим)

“Ислом динида ўзига ҳам ўзгаларга ҳам зарар келтириш йўқ”. (Имом Аҳмад, ибн Можжа)

Мазкур ҳадиси шарифлар ҳар қандай турдаги гиёҳвандлик ҳаром эканига далолат қилади. Уламоларимиздан Имом Бадриддин Зарконий, Абу Бакр Қасталоний ҳазратлари гиёҳвандликнинг ёмон оқибатлари ҳақида китоблар ёзган. Асримиз уламоларидан ҳам жуда кўплари бу заҳарли, ҳаром бўлган моддалар ҳақида кўплаб китоб ва рисолалар ёзганлар. Муфтий Усмонхон Алимовнинг “Ёшлар – келажагимиз” номли китобида ҳам гиёҳвандлик иллат эканлиги ва ҳаёт учун ўта хавфлилигини такидлаб шундай ёзади: “Бугунги кунда гиёҳвандлик билан шуғулланаётганлар наркотик моддаларни етиштириб, ишлаб чиқараётганлар, ташиётганлар, сотаётганлар барча-барчалари ҳаммамизнинг ҳаёт кемамизни тагидан тешиб, ғарқ этишга ҳаракат этаётан жоҳиллардир. Агар кўплашиб уларнинг қўлидан тутмасак, ҳаммамиз баробарига ғарқ бўлиб, ҳалокатга учрашимиз турган гап. Шундай экан гуллаб-яшнаётган Ўзбекистонимизни авайлаб-асраш, келажак авлодга борича етказиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир”.

Аср вабосига айланган бундай иллатдан қутилиши учун унинг олдини олишимиз керак. Келажагимиз бўлган фарзандларимизни ҳимоя қилиш, соғлом вояга етказиш учун ҳар биримиз масъулмиз. Давлатимиз олиб бораётган одилона сиёсат тинчлигимиз мезонидир. Жорий йилни “Соғлом она ва бола” йили деб номланиши ҳам бежиз эмас. Соғлом онадан соғлом бола туғилиши ҳаммага аён. Соғлом она бўлишлиги учун аёлларимизни, қизларимизни, сингилларимизни кўз қорачиғидек ёмон иллатлардан сақлай билишимиз даркор. Бунинг учун ҳаммамиз бир тан бир жон бўлиб ҳаракат қилайлик. Ўзбекистон келажаги буюк давлат. Буюк давлатга буюк ёшларни тарбия қилиб етиштириб бериш бизларнинг энг олий бурчимиздир.


Киритилган вақти: 30/05/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3254
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/giyohvandlik-umr-zavoli
Чоп этилган вақт: 16/04/2024 08:55
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг